Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати тасдиқланди. Унга деярли барча давлат органлари, йирик давлат корхоналари, ҳокимиятлар, вазирликлар киритилди. Йил бошидан бери 1488 нафар ходим компания таъсисчиси экани аниқланди.
Тадбиркорларнинг қонун талабларига мос ўрнатилган ташқи реклама объектлари ноқонуний бузилса, 1100 қисқа рақами орқали бизнес омбудсманга мурожаат қилишга чақирилди.
Давактив «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти таркибига кирувчи «Ўзтемирйўлконтейнер» корхонасининг 35 фоиз улуши сотилганини эълон қилди. Келишув 200 млрд сўмга баҳоланган. Харидор Cotton Logistics бўлди.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги пулли тўхташ жойларини бошқариш ҳуқуқи учун аукцион ўтказади. Майдонларнинг умумий ҳажми 262,8 минг квадрат метрни ташкил этади. Барча тўхташ жойлари бир лот сифатида сотилмоқда.
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини нархининг юқори чегарасини белгилади. 12 ноябрь куни ёқилғи нархи бир тонна учун 10,6 млн сўмга етган бўлса, чекловлар жорий этилгандан сўнг котировкалар ўртача 10 фоизга пасайди.
COP29 саммити доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон раҳбарлари «яшил» энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолади.
Иситма меъёрлашиб, йўтал ва бурун оқиши тўхтагач, гриппдан тўлиқ тузалдим, деб ўйлаш янглиш хулосадир, деб таъкидлайди ССВ. Вазирлик касалликдан қанча вақтда тўлиқ халос бўлиш ва хасталикдан сўнг нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида маълумот берди.
АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп ўзининг янги маъмуриятини шакллантирмоқда. Давлат котиби лавозимини Трампнинг ишончли вакили Марко Рубио эгаллаши кутилмоқда. Сайловолди кампаниясини де-факто бошқарган Сьюзан Уайлс эса Оқ уй маъмурияти раҳбари бўлади. Тафсилотлар.
Дональд Трамп уни сайлов чоғида қўллаб-қувватлаган Илон Маскни ҳукуматнинг самарадорлик департаменти янги раҳбари этиб тайинлади. Трамп, шунингдек, Пентагон раҳбари лавозимига Fox News бошловчиси номзодини илгари сурди.
Октябрь ойида уй-жой бозори савдоларида бироз ўсиш кўзатилиб, сўнгги икки ойдаги пасайиш тўхтади. Иккиламчи бозорда нархлар деярли ўзгармади, уй-жой ижара бозоридаги вазият ҳам барқарорлашди. Тошкентда энг арзон уй-жой ижараси Бектемир ва Сергели туманларида кузатилмоқда (1 кв метр учун 6 доллар).
ДХХ Узун туманида машинасида тожикистонлик наркосавдогардан олинган 50 кг 567 г «гашиш» олиб кетаётган фуқарони қўлга олди. Фарғонада эса 52 ёшли шахс муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар қолдириб кетган жойдан деярли 5 кг наркотикни олганидан сўнг ушланди. Ҳозирда ҳолатлар бўйича тергов кетмоқда.
Yunusabad Residence ва Оnix’даги янги коттеджлар энди 10 фоиз бошланғич тўлов ва йиллик 15 фоиз ставкада ипотекага мавжуд.
Чоршанба куни Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда ҳам сезилди (2 балл).
Хизмат вақтида жароҳат олган ёки ҳалок бўлган ҳарбийлар учун суғурта тўловларини амалга ошириш тартиби белгиланди. Суғурталанган ёки наф олувчиларга тўлов бир йил давомида амал қиладиган шартнома асосида амалга оширилади.
Энергетика вазирлиги ва Masdar (БАА) ўртасида COP29 саммити давомида Учқудуқ туманида 1000 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича шартнома имзоланди. Лойиҳа йилига 3,5 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.
Самарқанд вилоятида бир гуруҳ шахслар 8-синф ўқувчисини ўғирлаб кетиб, бир неча кун ушлаб туришган ва зўрлашган. Бу вақтда улар қизни калтаклаб, спиртли ичимликлар ва ноқонуний моддалар қабул қилишга мажбурлаган. Nemolchi.uz гумонланувчилар ҳали ҳам озодликда юрганини қайд этди.
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллаш мақсадида оммавий тартибсизликлар уюштирмоқчи бўлган 7 киши қўлга олинди. Улар орасида Қирғизистонда туғилганлар ва чет элликлар бор.
Жиззах вилоятида дарвоза ясаш цехи электр қурилмаларини тармоққа ноқонуний улаб, 1,1 млрд сўмлик электр энергиясидан фойдалангани аниқланди. Ҳужжатлар тегишли органларга юборилди.
Фарғона вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи пора билан қўлга тушди. У туман бош муҳандисидан йўл қўйган камчиликлари учун ишдан бўшатилмаслиги эвазига 1000 доллар олган. Жиноят иши қўзғатилди.
Бошқарув компаниялари ва УЖМШлар ижара ҳақи ундириш учун судга мурожаат қилгандаги йиғимлардан озод этилди. Мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш бўйича суд қарорини олиш учун ҳужжатлар рўйхати белгиланди. 2023 йилда ижара қарзлари миқдори 561 млрд сўмга етган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг