Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифини Олтиариқда ташкил этилган адирликдаги минг гектарлик плантациядан бошлади. Бу ерда 560 гектарда токзор барпо этилган, 300 гектарлик интенсив боғда эса олма, гилос, ўрик кўчатлари экилмоқда. «Бу боғ ва токзорлар аҳолига хусусийлаштириб берилади», — деди президент.
Президент қарорига кўра, мактабларда халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагогларга 50%, миллий тест тизимида олинган сертификатга эга ўқитувчиларга 20% устама тўланади. Кутубхона ҳодимларининг ойлиги эса 1,2 бараварга оширилади. Қолаверса, 1 сентябрдан «Намунали мактаб» рейтинги жорий этилади.
Самарқанд вилоятида Nexia автомобилининг каналга тушиб кетиши оқибатида икки нафар мактаб ўқувчиси ва 29 ёшли эркак ҳалок бўлди. Ҳайдовчи ва яна бир йўловчи тирик қолган, ҳайдовчи воқеа жойидан яширинган.
Президент инсон аъзолари трансплантациясига оид қонунни имзолади. Унга кўра, инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш тиббий хулоса асосида ва беморнинг ёзма розилиги билан амалга оширилади. Мурда аъзоларини олишга эса унинг тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади. Қонун билан шунингдек, инсон аъзоларини ва тўқималарини олиш тақиқланган ҳолатлар ҳам белгилаб берилди.
Президентнинг Фарғонага ташрифи арафасида фермер Иқболжон Мелибоев Бувайда тумани ҳокими устидан шикоят қилиб, видеомурожаат йўллади. Буни ёритган фарғоналик журналистга босим ўтказилгани ва ишдан бўшаш ҳақида ариза сўралгани айтилди. Фарғона вилояти ҳокимлиги вазиятни ўрганишни бошлади. Жамоатчилик фаоллари эса мазкур ҳолатни кескин қоралаб, «фермер ва журналистдан қўлларни тортишни» талаб қилмоқда.
2020 йилда бошланган пандемия давридан буён Шимолий Кореяда коронавируснинг биринчи ҳолати аниқланди. Мамлакатда чегара назорати кучайтирилди, шаҳарларда локдаунлар жорий этилмоқда.
Президент фармони билан Самарқанд аэропортини бошқарувчи Air Marakanda компаниясига иш ва хизматлар нархлари чет эл валюталарига боғланишига рухсат берилди.
Ҳукумат кутилаётган сув танқислиги шароитида Ўзбекистонда суғориш учун сув олиш лимитларини тасдиқлади. Мамлакат бўйича лимит 28,2 млрд куб метр сувни ташкил этади, бу ўтган йили олинган сувнинг тахминан 94,5 фоизига тенг.
Сўх-Риштон автомобиль йўлига сел натижасида лой ва тошлар оқиб келгани сабабли транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилди.
Май ойининг ўрталаридан «Нукус — Бейнеу — Нукус» ва «Олмаота — Тошкент — Олмаота» темир йўл қатновлари қайта тикланмоқда. Уларнинг йўлга қўйилиши олдинроқ режалаштирилганди, бироқ Қозоғистондаги карантин чекловлари туфайли кейинга қолдирилганди.
Президент Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан 12−13 май кунлари Фарғонага боради. Ташриф давомида маҳаллалардаги бунёдкорлик ишлари кўздан кечириш, йиғилиш ўтказиш ҳамда корхоналар фаолияти билан танишиш режалаштирилган.
«Ўзбекнефтгаз» компаниясида раиснинг трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосари, қурилиш ва транспорт ҳамда иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимга тайинланди.
1 июндан ғаллани сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилаётгани, Сурхондарёдаги селдан кейин топилган икки кишининг жасади, сув тошқинларидан ҳимояланишни кучайтириш бўйича кўрсатма берган президент, ноқонуний қурилиш бўйича онлайн мурожаат юбориш имкони, масофавий тўловлар учун ҳам кешбек қайтарилиши, касалликдан вафот этган Ангрен шаҳар ҳокими ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 11 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистонда баҳор ойларида 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар содир бўлди. Бунинг оқибатида 9 нафар инсон ва 450 дан ортиқ бош чорва моллари ҳалок бўлди. 245 та хонадон ва 19 та кўприк зарар кўрди. Президент туну кун ишлайдиган штаблар ташкил этиш ва фавқулодда вазиятларда аҳолини ҳимоя қилишни кучайтириш юзасидан топшириқ берди.
ОТP Bank «Ипотека-банк» нинг давлат улушини сотиб олишни Россия ва Украинадаги вазиятга ойдинлик киритилгунгача кечиктирди, деб хабар берди банкнинг молиявий директори Ласло Бенчик. Унинг сўзларига кўра, Венгриянинг ОТP банки келишувга бўлган қизиқишини сақлаб қолмоқда, бироқ Ўзбекистон томони уларни кутишга мажбур эмас.
Ижтимоий тармоқларда банкоматлардан нақд пул ечиб олиш билан боғлиқ муаммолар юзага келгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Марказий банк мазкур узилишни нақд пулга талаб ортиши ва логистика муаммолари билан изоҳлади. Регулятор аҳолининг нақд пулга бўлган эҳтиёжини қондириш учун барча имкониятларга эга эканлигига ишонтирмоқда.
Ўзбекистонда давлат ҳокимияти иерархияси «жуда вертикал» бўлиб қолмоқда, бу «фуқаролар, фуқаролик жамияти, ўзини ўзи бошқариш органларига ривожланиш ва жалб қилинишига етарли имкониятлар бермаяпти», дея таъкидлади Германия элчиси Тило Клиннер.
Бундан кейин туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади. Бундан ташқари, биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди. Президент бош прокурор, вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари буни шахсан назоратига олиб, фермерни норози қилган раҳбарларга қатъий чора кўришни буюрди.
«Миллий тикланиш» фракцияси йиғилишида депутатлар томонидан уй сотиб олишда ва автомобиль олди-сотдисида тўланадиган давлат божи тоифаларини бекор қилиш ва умумий нарх белгилаш муҳокама қилинди.
Россияликларнинг телеканалларга бўлган ишончи охирги икки ойда пасайган, дейилади GroupM халқаро реклама гуруҳи ўтказган сўровнома натижаларида. Ушбу вақт давомида Россия аҳолисининг Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқларга нисбатан ишонч ортди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг