2012 йилдан буён ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келаётган Абдулазиз Комилов президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари этиб тайинланди. ТИВ раҳбарининг вазифаларини бажариш Владимир Норов зиммасига юклатилди.
Чироқчи туманида жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари ва аҳоли ўртасида можаро келиб чиқди. Фуқаролардан бири инспекторнинг погони ва бодикамерасини юлиб олган. Туман прокуратураси уларга нисбатан жиноят иши очди.
Ҳукумат қарори билан Аъзам Абдуллаев Ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси («Ўзкомназорат») бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. «Ўзкомназорат»нинг аввалги раҳбари айрим ижтимоий тармоқлар блокланиши ортидан лавозимидан четлаштирилган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев техникумлар бўйича дастур ишлаб чиқиш топшириғини берди. Бунда аграр соҳадаги барча техникумлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилиб, улардаги ўқув дастурлар, методология, дарсликлар ва амалиёт тизими буткул қайта кўриб чиқилади.
Қоракўлчилик маҳсулотларини етиштирувчилар учун солиқ ва божхона имтиёзлари 2026 йил 1 январгача узайтирилди.
Андижон вилоятида аҳолини паррандачиликка кенг жалб этиш дастури амалга оширилмоқда. Давлат ОАВлари ҳар 100 та товуқдан 80 таси тухум туғиб, 2 млн сўм (тухум нархи 1500 сўм бўлса) соф фойда келтириши мумкинлиги ҳақида хабар бермоқда. Бироқ айрим аҳоли вакиллари товуқлар 30 донадан кўп тухум қўймаётгани, баъзилари ўлиб кетаётгани ва тухум 700 сўмдан сотилаётгани, шунинг учун ҳам зарар кўраётганини айтишмоқда. Андижон ҳокимлиги ушбу ҳолатлар бўйича муносабат билдирди.
1 майдан республикадаги тўхтаб туриш ва автомобиль қўйиш жойларида турли кўринишдаги йўл белгилари ўрнатилади. Аввалги йўл ҳаракати қоидаларида тўхташ жойи белгиси фақат бир кўринишда эди.
ЙҲХХ ҳудудий бошқармаларида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларининг ҳамкорликда ишловчи катта инспектор лавозими жорий этилди. У, жумладан, ўрта махсус таълим даргоҳларида ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради, викторина ва турли мусобақаларни ташкил этади.
Россиянинг энг йирик фармацевтика компанияларидан бири «Фармасинтез» Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун 30 млн доллар миқдорида сармоя киритмоқда. Компания 2023 йилда саратонга қарши дори воситаларини ишлаб чиқаришни бошлайди.
Ҳукумат фармойишига кўра, шанба куни Ўзбекистонда умумхалқ ҳайрия ҳашари бўлади.
АҚШда яшовчи шериги билан Самарқандда яшовчи фуқарони 40 минг доллар эвазига Туркия ва Лотин Америкаси давлатлари орқали АҚШга юборишни ваъда қилган шахс қўлга олинди. Бундай ҳолатлар ҳудудда аввал ҳам қайд этилган эди.
Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатларини тизимли равишда содир этиб келган веб-сайтлар фаолияти вақтинча чекланади. Интелектуал мулк соҳасида давлат назорати кучайтирилади.
Ўзбекистонда шиналар, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва гиламларга мажбурий маркалашни жорий этиш имкониятлари ўрганилмоқда. Расмийларга кўра, бу соҳаларда сохталаштириш ва контрафакт даражаси юқори.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Москвада Россия президенти ва ташқи ишлар вазири билан музокаралар ўтказди. Учрашувлар якунига кўра, БМТ Россиянинг Мариуполдан тинч аҳолини эвакуация қилишда БМТ ва Қизил Хоч ташкилотининг иштирокига «принципиал» розилигини билдирди. Пайшанба куни Гутерриш Киевда Украина президенти билан учрашади.
Сенатда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, вояга етмаганларга нисбатан номақбул ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.
25 апрель куни Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида экологлар она қўнғир айиқни икки боласи билан учратиб қолган эди. Бир кун ўтиб ижтимоий тармоқларда болаларнинг биттаси ўлдирилгани тўғрисида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор қидирув натижасида гумонланувчи аниқланди. Унинг уйидан бир дона айиқ боласининг териси топилган. Лекин гумондор айиқ боласини ўлик ҳолда топганини айтмоқда.
Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокими Сайфиддин Низомов мактаб ўқувчиларини керак бўлса уриш мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, «аввал ўқитувчилар болаларни калтаклашган ва бу уни ҳозиргача келишига ёрдам берган». Туман ҳокимлиги матбуот хизмати «ижтимоий тармоқларда вазият бошқача талқин қилинганини» маълум қилди.
2021 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга аёллар ва қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан 39343 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 34330 таси ёки 87 фоизи оилада содир этилган.
Адхамжон Сормонкулов ва Сарвар Мамаюсупов Миллий гвардия қўмондони ўринбосарлари этиб тайинланди.
Масс-медиани қўллаб-қувватлаш жамғармаси раҳбари Комил Алламжонов БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет билан учрашувда ОАВ эркинлигини таъминлаш учун халқаро ташкилотларнинг кўмаги зарурлигини таъкидлади. У БМТ бошқармаси билан ҳамкорлик матбуотни ривожлантириш ва «аҳолини агрессив ва шафқатсиз хорижий ташвиқотдан» ҳимоя қилиш учун муҳим деб атади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг