Қирғизистон 1 майдан бошлаб барча турдаги транспорт воситаларида давлат чегарасини кесиб ўтувчилардан манфий ПЗР тести ёки ковидга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификати мавжудлиги ҳақидаги талабни бекор қилмоқда.
Зоология институти директори Бахтиёр Холматовнинг маълум қилишича, «Ичан-Қалъа» тарихий ёдгорлик мажмуидаги 33 та тарихий обиданинг ёғоч ўймакорлиги ишланмаларига термитлар жиддий даражада зарар етказмоқда.
«Тошшаҳартрансхизмат» томонидан 2 май куни Рамазон ҳайити байрамида Тошкентда 98 та масжидга бориб-келиш учун автобуслар йўналиши ташкил қилинди. Автобуслар 03:00 дан 06:00 га қадар ҳаракатланади.
Европа Иттифоқи Ўзбекистонга совға сифатида ва ҳукуматнинг саҳрога айланаётган ерларни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида йил охиригача Орол денгизининг қуриган тубига 27 минг туп дарахт экиш ниятида. ЕИ элчилари томонидан дарахтларнинг биринчи партияси 28 апрель куни экилди.
21 майдан бошлаб Uzbekistan Airways Тошкентдан Батумига ҳафтасига икки марта парвозларни амалга оширади
Апрель ойи охирларида ҳаво ҳарорати ўзгарувчан бўлади. Ўзгидромет хабарига кўра, Ўзбекистонда май ойи Эрондан келадиган иссиқ ҳаво оқими ҳисобига жуда иссиқ об-ҳаво билан бошланади. Ҳарорат жанубда +39 даражагача кўтарилади. 3−4 майга келиб эса ҳаво бироз салқинлашади ва қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридан оқиб ўтган Жанубий Мирзачўл каналида 17 ёшли ўсмир чўкиб кетди. Қутқарувчилар қидириш ишларини давом эттирмоқда.
Ўзбекистондаги 30 та олийгоҳ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда ОТМлар таъсирини баҳоловчи THE Impact Rankings халқаро рейтингидан жой олди. Тошкент давлат аграр университети ушбу рейтингда мингталикка кирган.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси ўз жонига қасд қилди. «Газета.uz» манбасининг маълум қилишича, у ўзини 4-қаватдан ташлаган.
Жаҳонда сальмонеллёз касаллиги авж олиши фонида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эҳтиёт чораларини кучайтириб, давлатга кириб келаётган ва савдога чиқарилаётган барча ширинликлар қатори Kinder шоколадлари хавфсизлигини ҳам назоратдан ўтказмоқда.
Адлия вазири Русланбек Давлетов аҳолини миллий ғоя сифатида қонун устуворлиги ғояси атрофида бирлаштириш, буни энг аввало, давлат органлари фаолиятида таъминлаш зарур, деб ҳисоблайди. Шунингдек, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий тафаккурини ислоҳ қилиш, самосуд ва фирибгарлик ҳолатлари кўпайгани ҳақида гапирди. Адлия вазирлиги жиноятлардан етказилган зарарни тўлиқ қопламаган маҳкумларни шартли равишда озод этишни бекор қилишни режалаштирмоқда.
Сенаторлар «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Солиқ кодекси тўғридан-тўғри бошқарувчи ташкилотлар ва уй-жой бошқарувчилари учун солиқ имтиёзларини ўз ичига олади. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси кўп квартирали уйлардан фойдаланиш ва уларни бошқариш қоидаларини бузиш соҳасидаги маъмурий ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлди. Ушбу ўзгаришлар рўйхати тўлиқ бўлмаслиги мумкин — қонун матни эълон қилинганича йўқ.
Ўзбекистонда Фаластиннинг қайта тайинланган элчиси Жавад Муҳаммад Авад ўз фаолиятини бошлади. Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов элчидан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олди.
Ўзбекистон Россия олтинини ташқи бозорларда алмаштиришни режалаштирмаяпти, дея таъкидлади инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев РБКга. 2021 йилда бу давлатлар қимматбаҳо металлар экспорти бўйича жаҳон етакчилари қаторидан жой олди.
Ўзбекистонда букмекерликни қонунийлаштириш бекор қилингани, 8 дақиқа ўтмай жонли эфирдан узилган Сенат мажлиси, 4 сотих ерни $30 мингга сотмоқчи бўлган ҳоким ёрдамчиси ва унинг синфдоши, Ҳисор тоғларидаги баҳор, кредитларга кафил бўлган фуқароларни огоҳлантирган Марказий банк ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 28 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Президент Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини қонунийлаштириш тўғрисидаги қарорни бекор қилди. Президентнинг аввалги фармони билан 2021 йил 1 январдан букмекерлик идораларини очишга рухсат берилган, бироқ ҳуқуқий асослар мавжуд бўлмагани сабабли мамлакатда улар фаолияти ноқонуний бўлиб қолаётган эди.
Эндиликда инсон аъзолари трансплантацияси учун беморга қариндош бўлмаганлар ҳам донорлик қилиши мумкин. Тирик донорни ундан аъзосини ва (ёки) тўқималарини олиш учун розилик беришга мажбурлаш тақиқланади.Ўзбекистон фуқароси чет давлат фуқароси бўлган реципиент учун донор бўлолмайди. «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Экология қўмитаси Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида аниқланган она айиқ ва унинг икки боласи тирик эканини маълум қилди. Улар тасвири «Теракли» МФЙ ҳудудида олинган бўлса, ўлик айиқ боласи Қизилсой ўрмонидан топилган.
Бош прокуратура тизимида Зомин ва Бахмал табиатини муҳофаза қилишга оид қонунчилик ижроси устидан назорат ва ерлардан ноқонуний фойдаланишни бартараф этиш бўйича ихтисослаштирилган прокуратура ташкил этилади.
Дунёнинг 11 мамлакатида сальмонеллёз касаллигининг авж олиши Бельгия шоколадини истеъмол қилиш билан боғлиқ. Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда ушбу касалликка чалиниш ҳолатлари ҳақида хабар қилингани йўқ. ЖССТ янги ҳолатларнинг пайдо бўлиши эҳтимоли бор деб ҳисоблайди ва аҳоли учун салмонеллёзнинг олдини олиш чораларини эслатиб ўтди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг