Ҳукумат қарорига кўра, қимматбаҳо металларни қазиб олиш учун рухсатномалар Давлат геология қўмитаси томонидан фақат Ўзбекистон резидентларига 3 йилга берилади. Бунда 5 гектаргача бўлган ер қаъри участкаси ҳар гектарига бошланғич 9,4 млн сўм нархида аукционга қўйилади. Рухсатнома олганлар иш бошлашдан олдин ҳокимият, Экология, ҳамда Саноат хавфсизлиги қўмиталарини хабардор қилиши лозим.
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Тошкентда кузатилаётган кучли шамол сабабли ҳайдовчилардан автомобилларини дарахтлар тагида қолдирмасликни сўрамоқда. Ўзгидромет маълумотларига кўра, шамол тезлиги 18−23 м/с гача кучайиши мумкин.
Тошкентнинг иккита туманида харид чеки берилмаганлиги учун дўконнинг QR-кодини сканер қилиб, «Soliq» мобил иловаси орқали мурожаат йўллаган харидорлар тадбиркорлар томонидан «самосуд» қилинди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилганини маълум қилди.
Президент қарори билан 2022−2023 йилларда синов тариқасида тупроқ унумдорлиги ва пахта ҳосилдорлигини оширган, суғоришнинг янги технологияларини жорий этган фермер ва кластерларга ҳар бир гектар ер учун 1 млн сўмдан субсидия ажратилади. Қолаверса, тупроқ унумдорлигини оширганлик ва эрозиядан муҳофаза қилганлик учун солиқ имтиёзлари ҳам берилади.
Фарғона вилоятида туманлар ерлари ҳисобидан шаҳарлар ҳудудини кенгайтиришга оид қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Унга кўра, Фарғона, Қўштепа, Тошлоқ, Данғара, Ўзбекистон, Учкўприк, Фарғона туманларидан қишлоқ хўжалиги ер майдонларидан бир қисмини Марғилон, Қўқон ва Фарғона шаҳри таркибига ўтказиш таклиф этилмоқда.
Оҳангаронда итлар оммавий тутилаётгани ва ўлдирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бу аёл киши ит тишлаши оқибатида вафот этганидан кейин содир бўлмоқда. «Ҳаёт» бошпанаси итларни ўзига олиб кетмоқда. ИИВ вазиятни ўрганаётганини маълум қилди.
Шоколадли кекс, кекс-чизкейк, сметанадан тайёрланган «Зебра» кекси, туршак ва апельсинли кекс — Zira.uz кекслар рецептлари рўйхатини тақдим этади.
Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани ҳокимининг ўринбосари фуқарога ер ажратиб бериш ҳамда ноқонуний қурилган бинони буздирмаслик эвазига 12 минг доллар пора олаётганда қўлга тушгани айтилмоқда. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар учун яратилган шароитлар, сотувга қўйилган MOBIUZ ва Tashkent City, 1 апрелдан тўлиқ ишга тушадиган Самарқанд аэропорти, тугаётган ёмғир мавсуми, Тошкент ва Олмаота ўртасида йўлга қўйилган поезд қатнови, 2030 йилгача вазирлик ва идоралар хизмат машиналарини электромобилга алмаштириш таклифи ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 24 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси «Navruz Cup-2022» халқаро ўртоқлик турнири ярим финал баҳсида Қирғизистон жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Голларга Элдор Шомуродов ва дубль билан Игорь Сергеев муаллифлик қилди. Финал ўйини Угандага қарши бўлиб ўтади.
Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги «махсус операция» давомида 1351 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганлигини, 3825 нафари эса яраланганини маълум қилди. Вазирлик ҳарбий операциянинг биринчи босқичи асосий вазифалари амалга оширилганини айтди. Украина ва НАТО Россия қўшинларининг йўқотишлари бундан бир неча баробар кўп бўлганлигини айтмоқда.
Президент қарорига мувофиқ, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги кексалар билан янада фаол ҳамкорлик қилади. Бунда «тарбияси оғир» ёшлар билан мулоқотда бўлганларга «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилига мувофиқ моддий ёрдам кўрсатилади.
Президент қарори билан банкларнинг Uzcard ва Тошкент фонд биржасидаги улушлари Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилмоқда.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент қарори лойиҳасига кўра, электромобилда таксичилик фаолияти билан шуғулланганларни 2040 йилгача лицензия тўловлари ва йиғимларидан озод қилиш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, электромобиль ҳайдовчилари муниципал автотураргоҳлардан бепул фойдаланиши мумкин. Автотураргоҳларга электомобилларни тезкор қувватлантирувчи станциялар ўрнатиш таклифи ҳам билдирилмоқда.
Uzbekistan Airports раҳбари Раъно Жўраеванинг хабар беришича, Самарқанднинг янги аэропорти 1 апрелдан тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатади. Ҳозирда аэропорт мажмуасини фойдаланишга топшириш ишлари якунланмоқда.
Энергетика вазирлиги ҳузурида «Миллий диспетчерлик маркази» давлат унитар корхонаси ташкил этилади. Марказга ягона электр энергетика тизимини бошқариш, ушбу тизимнинг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан параллель ишлашини таъминлаш, авария ҳолатлари юзага келишининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш каби вазифалар топширилади.
Сенаторлар органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунни маъқуллади, ҳужжат билан ишлаб чиқариш жараёнига маълум бир талаблар, хусусан қайта тикланадиган табиий ресурслар ва ичимлик сувидан фойдаланиш бўйича вазифалар қўйилмоқда. Органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришда пестицид, гормон, антибиотик ва кимёвий қўшимчаларни қўллаш тақиқланмоқда.
2 майдан бошлаб Тошкент ва Олмаота ўртасида йўловчи поезд ҳаракати йўлга қўйилади. Рейслар ҳафтасига уч мартадан амалга оширилади.
Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов давлат органлари очиқлигининг мониторинги юзасидан маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, 135 та давлат органидан 80 таси (60 фоизи) 2021 йилнинг IV чорагидаги давлат харидларига оид маълумотларни эълон қилмаган. 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 43 тасида эса веб-сайтнинг ўзи умуман ишламайди.
Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ҳудудидаги атмосфера ҳавосида аммиак моддаси 4 та нуқтада — 1,5 дан 23,6 мартагача, водород сулфиди моддаси 2 та нуқтада — 3,2 дан 4,6 мартагача белгиланган меъёрлардан ортиқлиги аниқланди. Ўрганиш якунида цемент ва гипс ишлаб чиқарувчи 2 та корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг