Тараққиёт стратегияси лойиҳасига асосан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қайта ташкил этилиши кутилмоқда. Энди у Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор бўлади. Қолаверса, 2022 йилда Ахборот кодекси ҳам ишлаб чиқилади. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети эса АОКА таркибига ўтказилади.
Қозоғистон ҳукумати Жанаозен ва Ақтау шаҳарларида намойишга чиққан автомобиль эгалари талабига кўра суюлтирилган газ нархини литри учун 50 тенгега туширишга рози бўлди.
2021 йилда коронавирусга қарши 39,2 млн доза вакцина қўлланилган. Жумладан, 13,5 млн нафардан ортиқ фуқаро коронавирусга қарши тўлиқ эмланди. Вакцина олганларнинг энг катта қисми Самарқанд вилоятида.
Тошкентнинг Махтумқули кўчасида маст ҳолдаги Matiz ҳайдовчиси қарама-қарши йўлдаги 2 машина билан тўқнашув содир этди. Бунинг оқибатида жароҳатланган 7 кишининг 3 нафари ёш болалар. Улар орасида травматик шок ташхиси қўйилган чақалоқ ҳам бор.
Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилди. Унинг доирасида ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар бўйича алоҳида маълумотлар базаси яратилиб, барча «дафтарлар» ижтимоий ҳимоя ягона реестрига бирлаштирилади. Шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг 3 ёшгача бўлган болалари учун озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармонлар бериш дастури қабул қилинади.
5 йилга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясига мувофиқ, Ўзбекистон Россиянинг — Самара, Астрахань, Тула, Калининград ва Нижний Новгород, Қозоғистоннинг — Чимкент, Чехиянинг — Прага, Канаданинг — Оттава, Корея Республикасининг — Пусан шаҳарларида Бош консулхона очиши кутилмоқда.
2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга мувофиқ, 1 январдан бошлаб автомобиль сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинди. Ҳозирга қадар янги автомобиль харид қилинганда шартнома нархининг 3 фоизи миқдорида йиғим тўланарди.
Қозоғистоннинг Мангистау вилоятида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи ошишига қарши норозилик акцияларида иштирок этди. Президент Қосим-Жомарт Тоқаев муаммога «ўзаро мақбул ечим» топиш мақсадида Ақтауда ҳукумат комиссияси иш бошлаганини маълум қилди.
Қашқадарё вилояти ҳокимияти Самарқанд вилоятига олиб кетилаётган чигит маҳсулотлари ортилган учта юк машинаси тегишли ҳужжатлари бўлмаганлиги учун тўхтатиб қолинганини маълум қилди. Аввалроқ, Каттақўрғон шаҳри ҳокими Гавҳар Алимова шикоят қилиб, Қашқадарё ҳокимининг оғзаки топшириғи билан вилоятлар чегарасида чигит ушлаб турилганини таъкидлаганди.
Ўзбекистон 2022 йилда Афғонистонга 2 млрд кВт соат электр энергиясини етказиб беради. Буни назарда тутувчи келишув Тошкентда имзоланди, унинг умумий қиймати 100 млн долларни ташкил этади.
Аббосжон Мирзораҳимов Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори этиб тайинланди.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг собиқ раиси Қаллибек Камаловнинг турмуш ўртоғи, Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камаловнинг онаси Любовь Камалова 95 ёшида оламдан ўтди.
Каттақўрғон шаҳри ҳокими Гавҳар Алимова Қашқадарёдан Самарқанд вилоятига чигитни олиб ўтишни гуёки тақиқлаш тўғрисида оғзаки кўрсатма бергани учун Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов устидан шикоят қилди. Унинг сўзларига кўра, вилоят раҳбари унинг SMS хабарларига жавоб бермаган ҳамда унинг тўрт кун давомида юкни ўтказиш масаласини ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари зое кетган.
Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев 4 январгача барча ходимлар учун дам олиш куни этиб белгиланганига қарамасдан, январь бошидан вилоятдаги ҳоким ёрдамчиларини ишга чақириб олгани айтилмоқда. «1 январдан ҳамма маҳаллада иш бошлаши керак», — деб ёзган у ижтимоий тармоқларда тарқалган суратда. Нодир Эркаев 3 январь куни ҳоким ёрдамчилари билан Қамаши туманидаги маҳаллаларга ҳам борган.
Ҳафта давомида Каспий денгизининг жанубидан нам ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига республика бўйича ёмғир, шимолий ҳудудларда эса қор ёғиши кутилмоқда. Ҳарорат эса +11…+16 даража илиқ атрофида бўлади.
5 йиллик Тараққиёт стратегияси лойиҳасига кўра, 2026 йилга келиб Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2 бараварга қисқартирилади. Бунинг учун 2,5 млн норасмий ишчининг бандлиги легаллаштирилади, 700 мингдан ортиқ ишсиз хотин-қизлар давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитилади, имконияти чекланганларнинг бандлиги 3 бараварга оширилади. Қолаверса, Ижтимоий кодексни қабул қилиш ҳам режалаштирилган.
1 январь куни соат 13:00 ларда Деҳқонобод тумани ҳудудидан ўтувчи М-39 «Термиз-Тошкент» автомобиль йўлида Cobalt машинаси бетон тўсиққа урилган. ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи ва тўрт нафар йўловчи вафот этган.
Шаҳматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовга «Мард ўғлон» давлат мукофоти, икки хонали уй калити ва 250 млн сўм пул маблағи топширилди. Унинг мураббийлари Жаҳонгир Воҳидов ҳамда марҳум Дмитрий Қаюмовнинг оиласига 100 млн сўмдан берилди. Нодирбекнинг отаси жаҳон чемпионини тадбирма-тадбир овора қилмасликни сўраб, у ҳали кўп меҳнат қилиши кераклигини айтди.
Қуюқ туман сабабли Урганч ва Нукус аэропортлари якшанба кунидан буён парвозларни қабул қилмаяпти. Йўловчиларга парвоз вақтини алоқа марказидан ёки онлайн жадвал орқали аниқлаштириш тавсия этилди.
2022−2026 йилларда республика бўйича ягона транспорт тизимини ривожлантириш, Тошкент ва йирик шаҳарларга узоғи билан 6−7 соатда бориб-келиш имкониятини яратиш таклиф этилаяпти. Бунинг учун 2022 йилда пойтахт жамоат транспорти учун 673 та электробус ва 14 та метро поездини харид қилиш мақсад қилинган. 60 та шаҳарлараро автобус йўналишини ташкил этиш, маҳаллий авиақатновлар сони эса ҳафтасига 48 тадан 80 тага етказиш кўзда тутилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг