Ҳукумат меҳмонхона ва иккита бизнес марказни ўз ичига олган Tashkent Central Park (Trilliant) мажмуасининг инвестор ва пудратчилари учун индивидуал имтиёзлар муддатини яна бир йилга узайтирди. Улар 2022 йил охиригача барча турдаги солиқлар, мажбурий тўловлар ва божхона божларидан озод қилинди. Аввалроқ Антимонополия қўмитаси бунга қарши чиққанди.
Пора олганликда гумонланган «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» собиқ бош директори Муратбай Базаримбетовга нисбатан суд 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Аввалроқ, у тадбиркордан газ станциясини электр тармоғига улаш учун 15 минг доллар олгани айтилганди. Унинг шеригига эса 6 йил қамоқ жазоси берилди.
Экопартия раиси Нарзулло Обломуродовнинг номзоди қуйи палата депутатлари томонидан Экоқўмита раиси лавозимига маъқулланди. Қўмитанинг олдинги раҳбари президент танқидидан сўнг ишдан олинганди.
UzAuto Motors Chevrolet Equinox 2022 йилги моделининг нархни 250 млн сўмдан 391 млн сўмгача этиб белгилади. Компаниянинг ишонтиришича, янги Equinox автомобилининг афзаллиги унинг гибрид тизими ҳисобланади.
Россияга киришга тақиқ қўйилган беш нафар Ўзбекистон фуқаролари Луганск вилоятида Украина-Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган вақтда қўлга олинди.
1 декабрь ҳолатига кўра, банкларнинг кредит портфели 320,8 трлн сўмни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 18,5 фоизга кўпдир. Жами маблағларнинг деярли ярми Тошкентга йўналтирилган бўлса, Қорақалпоғистон пойтахтдагидан 18,5 баравар кам олган. Қолган вилоятлар ҳам камроқ кредит олишни бошлади.
Тошкент амалий фанлар университетига ҳужжатларни онлайн тарзда топширишингиз мумкин. Таълим кундузги ва сиртқи шаклларда мавжуд.
Болалар боғчасига навбатга қўйиш, ижро ҳолати бўйича қарздорликни, кадастр объектига ва хорижга чиқишга тақиқни аниқлаш, тадбиркорлар маълумотларини автоматик тарзда, мобил қурилмадаги USSD сўрови ёрдамида олиш имконияти яратилди.
Миллий археология маркази ходимлари Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Кўхитанг тоғида ўрта палеолит даврига оид янги ёдгорликни аниқлади.
Туризм ва спорт вазирлигининг хабар беришича, «Соғлом турмуш тарзи» платформасида (1hls.uz) рўйхатдан ўтганлар сони 1,2 млн кишидан ошди. Шу йилнинг 10 июнидан ҳозирги кунга қадар платформа фойдаланувчиларига пиёда юрганлиги учун 43,4 млрд сўм тўлаб берилган.
Ўзбекистонликлар янги йилни ёғингарчиликсиз, илиқ об-ҳавода кутиб олади. Фақат 4 январь куни ёмғир ёғиши кутилмоқда, шу куни қор фақат тоғли ҳудудларда ёғади. Умуман олганда, Ўзгидромет хабарига кўра, Ўзбекистонда Янги йилда қор ёғиши кам учрайдиган ҳолат. 31 декабрда ёғингарчилик ўртача 4−5 йилда бир марта, 1 январда эса 2−3 йилда бир марта кузатилади.
UZINFOCOM веб-сайт фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини ҳимоя қиладиган DNSSEC технологиясини ўрнатишни таклиф қилади.
Ижтимоий тармоқларда ЙПХ ходими 1 ноябрдан ниқоб тақиш бекор қилинганлигини айтган видео тарқалди. Ички ишлар вазирлиги «Газета.uz»га тиббий ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилинмаганлигини маълум қилди. Ходимнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Ташқи ишлар вазириниг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси этиб тайинланди. Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров эса ўриндошлик асосида мамлакатнинг Грециядаги элчиси бўлди.
Чоршанба куни Нукусдаги «Қоскўл» дренаж кўлига ўйнашга чиққан икки нафар 11 ёшли бола муз ёрилиши натижасида сувга тушиб кетган. Ëрдам келгунича, улар музнинг қалинроқ қисмига чиқиб олишган. Қорақалпоғистон ФВБ ходимлари уларни қутқариб, тиббий ёрдам кўрсатишган (видео).
29 декабрь куни охирги 6 ой ичида биринчи маротаба коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилмади. Касаллик юқтирганлар сони эса яна 100 нафардан ошиб кетди.
Президент қарори билан Актам Мухаммадиев адлия вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди. У тайинловга қадар Тошкент вилоят адлия бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.
«Ижтимоий фикр» сўрови натижаларига кўра, қарийб 82% ўзбекистонликлар Янги йилни «хурсандчилик, кўтаринки кайфият» билан кутиб олишмоқда. Кўпчилик 2022 йилдан фақат рўшнолик ва яхшиликни кутмоқда.
Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров блиц йўналиши бўйича жаҳон чемпионатининг биринчи кунида топ-5 таликка кирди. 16 ёшли спортчи 12 турнинг бирида дунёнинг тўққизинчи рақамли шахматчисини мағлуб этди. Нодирбек Абдусатторов, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидовлар ҳозирча етакчилардан ортда қолмоқда.
7,5 йилга қамалган Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари, тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлган 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов, 477,9 млн сўмлик KIА Sorento харидини бекор қилган Сирдарё ҳокимлиги, 40 кишига ОИТС юқтирган бухоролик аёл, байрам кунлари иш вақти узайтирилган жамоат транспорти, Ўзбекистонда қуриладиган АЭС ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 29 декабрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг