11 йиллик қаровсизликдан сўнг Садриддин Айний номидаги Бухоро давлат мусиқали драма ва комедия театрини таъмирлашга 2022 йилда 64,5 млрд сўм ажратилиши маълум қилинди. Театр жамоаси ҳозирда фаолият юритаётган «Кўҳна ва боқий Бухоро» мажмуасидаги театр биноси эса маданият саройига айлантирилади.
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда рақобатбардош молиявий бозорларни ривожлантириш учун 100 млн долларлик кредитни маъқуллади. Кредит маблағлари мамлакатда молиявий бозорлар учун қулай муҳит яратишда зарур бўлган давлат сиёсати, қонунчилик ҳамда институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.
Танзаниялик ёзувчи Абдулразоқ Гурна адабиёт йўналишида 2021 йилги Нобель мукофотининг соҳиби бўлди. У «колониализм оқибатлари ва қочқинлар тақдирига муросасиз ва раҳмдиллик билан киришгани» учун тақдирланган.
Индонезия Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори препаратлари назорати агентлиги ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан фавқулодда фойдаланишга рухсат берди. Ушбу вакцинанинг III фаза синовларида жами 4000 нафар кўнгилли иштирок этган ва 92,92% фоиз самарадорликни кўрсатган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги маҳаллий бюджет ҳисобидан ИИББга жамоат тартибини сақлаш ва бошқа мақсадлар учун 3 млрд сўм ажратади.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Амир Хон Моттакий билан учрашувда транзит, энергетика ва савдо масалаларини муҳокама қилди. Афғонистон томони Мозори-Шарифдаги аэропортни реконструкция қилиш ва бошқа соҳалардаги ёрдам учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 6,85 сўмга кўтарилиб, 10 677,89 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам кўтарилди.
Афғонистоннинг энергетика компанияси электр энергияси ҳақини тўламаган собиқ ҳукумат амалдорларининг мол-мулкини сотувга қўймоқчи. Мамлакат аҳолиси компаниянинг бу қарорини қўллаб-қувватлаётганлиги айтилмоқда. Маълумотга кўра, компанияга тўланиши керак бўлган электр энергиясидан қарзларнинг умумий миқдори 5,5 млн доллардан ортиқ.
Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистон ҳукуматига мамлакат вилоятларида замонавий ва энергия жиҳатидан тежамкор 15 тагача мактабларни молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва хизмат кўрсатиш учун хусусий операторни танлашда тендер ўтказишга ёрдам беради.
ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳрининг эски деҳқон бозори ўрнидаги 42 гектар майдонда «Гулистон сити» барпо этилишини таклиф қилди. Аввалроқ, «Адолат» партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов шаҳарларда «сити» қуришга ружу қўйилганлигини танқид қилган эди.
«Чорвоқ оромгоҳи» масканининг 8 та алоҳида лотлар бўйича савдо жараёнлари тўхтатилди ва оромгоҳ яхлит мулкий мажмуа сифатида аукционга қўйилди. Харидорга ҳудуддаги меҳмонхона ва туризм инфратузилмасини сақлаб қолиш ҳамда Чорвоқ оромгоҳининг Германия компанияси олдидаги 573 минг 568 евро қарзини тўлаш талаби қўйилмоқда.
Ноябрь ойида Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи кутилмоқда. Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали ташрифга тайёргарликни муҳокама қилдилар.
Сентябрь ҳолатига Пробация хизмати томонидан 60 минг 434 киши назорат остига олинган. Уларнинг 91,5 фоизини эркаклар, 8,5 фоизини аёллар, 28 фоизини ёшлар ва 1 фоиздан камроғини вояга етмаганлар ташкил қилади. 2001 йилда битта инспектор 13 кишини назорат қилган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 108 кишига етди.
Fortune ҳисоб-китобларига кўра, етти ярим соатлик узилишлар натижасида Facebook тахминан 99,75 млн доллар йўқотган. Forbes нашри платформадаги носозлик сабаб компания акциялари нархи 4,8 фоизга пасайгани ва оқибатда Марк Цукерберг 5,9 млрд доллар йўқотганини маълум қилди.
Ўзбекистон Россия ҳудудидан 1 млн гектар ер майдонини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ижарага олмоқчи. Бунга Ўзбекистондаги сув ресурслари танқислиги сабаб эканлиги айтилмоқда. Ижара ерларидан олинган ҳосил Ўзбекистоннинг ички бозоридаги талабни қондиришга йўналтирилади. Ўтган йилнинг декабрь ойида президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорларга Россия ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни таклиф қилган эди.
«Ўзкомназорат» бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаб келган Дониёр Рустамов ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
Табиий газни экспортга реализация қилишда акциз солиғи ставкасининг ноль фоиз миқдорида белгилангани, табиий газ импортчиларининг божхона божидан озод қилинаётгани, геология-қидирув ва изланиш ишларининг қатор солиқ ва тўловлардан озод қилинаётгани ва бошқа янгиликлар — президент ер қаъридан фойдаланувчиларни солиққа тортиш бўйича янги фармонни имзолади.
Чирчик шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Фаҳриддин Қодиров ижтимоий тармоқлардаги изоҳларидан кейин ишдан олинди. АОКАнинг таъкидлашича, у давлат хизматчисининг ахлоқий меъёрлари ва кодексини бузган.
Афғонистоннинг Hasht e Subh Daily газетаси мамлакатнинг собиқ президенти Ашраф Ғанининг қочиш тафсилотларини ёритди. Нашрнинг ёзишича, у ва унинг атрофидагилар аввал Ўзбекистонга бориб, Термиз аэропортида бир кундан кўпроқ қолишган, сўнгра Қозоғистон авиакомпанияси самолёти билан БААга учишган.
Жаҳон банки Ўзбекистоннинг ЯИМ ўсиши бўйича прогнозини қайтадан кўриб чиқди ва уни 4,8 фоиздан 6,2 фоизга оширди. Иқтисодий фаолликнинг тикланишига ички инвестициялар, халқаро савдо ва пул ўтказмаларининг тикланиши сабаб бўлмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг