Чирчиқ маъмурияти жамоат жойларида ўзбек ва рус тилларида тез-тез ишлатиладиган сўзлар акс этган варақалар жойлаштириб, ўзбек тилидаги сўзлардан фойдаланишга чақирди. Ҳокимият хабарига кўра, Ўзбек тили куни арафасида ўтказилаётган «челленж»дан мақсад — ўзлашма сўзлар ўрнига ўзбек тилидаги сўзларни ишлатишни тарғиб қилишдан иборат.
Кеча кун давомида Ўзбекистонда 304 кишида коронавирус инфекция қайд этилди. Бу 14 июндан бери энг паст кўрсаткич бўлиб, бир кун олдин қайд этилган касалланиш ҳолатларидан 198 тага кам. Шунингдек, душанба куни 12 кишида пневмония қайд этилди. Бу ССВ пневмония ҳолатлари бўйича маълумот беришни бошлаган 5 июлдан бери энг паст кўрсаткич.
Парламент ва Вазирлар Маҳкамасининг муассислигида Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилмоқда. Унинг асосий мақсадларига эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини, чин етимларни, оғир касалликка чалинган ва ногиронлиги бўлган болаларни даволаш, уларнинг таълим олишини, уй-жой билан таъминланишини ҳамда касб эгаллашларини қўллаб-қувватлаш киради.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, маҳсулотларини Ўзбекистон билан чегарадош бўлмаган давлатларга экспорт қилувчиларга ташиш ҳаражатларининг 50 фоизгача қисми тўлаб берилади. Ариза ва тегишли ҳужжатлар Экспортни рағбатлантириш агентлигига тақдим этилади. Компенсация тақдим этиш шартлари ва уни рад этиш тартиби ҳам белгилаб берилди.
Янги эълон қилинган қарор ва фармонлар, Туркманистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи, Сирдарёда туман ҳокими 860 дан ортиқ дарахтни кесишга рухсат бериши — «Газета.uz»нинг 4 октябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Жанубий Калифорнияда катта миқдордаги нефтнинг океанга тўкилгани, Финляндия президентининг бир кун давомида 16 ёшли қиз билан биргаликда ишлаши, Эрон ва Уммонга келган тўфон оқибатида 9 кишининг ҳалок бўлгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ўролова бир куннинг ўзида (4 октябрь) 866 туп дарахтни кесишга оид 12 та қарорни имзолади. Дарахтлар зараркунандалар ва иқлим таъсири оқибатида қуриб қолгани сабаб қилиб кўрсатилган. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги ва Давлат экология қўмитаси муносабат билдирди.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов расмий ташриф билан Тошкентга етиб келди. Аэропортда уни президент Шавкат Мирзиёев шахсан кутиб олди. Эртага иккала давлат раҳбарлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Душанба куни Шавкат Мирзиёев АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уэнди Шерманни қабул қилди. Учрашувда устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қаторида томонлар Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашди. Қолаверса, Ўзбекистон етакчиси АҚШ томонига беғараз етказилган 5 млн дозадан ортиқ вакцина учун миннатдорчилик билдирди.
Россиянинг турли ҳудудларида бир қатор салоҳиятли иш берувчилари томонидан Ўзбекистон фуқаролари учун қурилиш соҳасида 10 мингта бўш иш ўринлари таклиф қилинмоқда. Фуқаролар номига Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи патент Ўзбекистонда расмийлаштирилади.
Июль-сентябрь ойларида ФҲДЁ органлари томонидан қариндош бўлган 675 нафар келин-куёвнинг никоҳлари қайд қилинган. Энг кўп бундай никоҳ қайд қилинган ҳудудлар Сурхондарё, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Россияда коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг кескин кўпайиши оқибатида мамлакат бўйлаб барча оммавий тадбирлар бекор қилинди.
Самарқанд шаҳридаги боғчалардан бирида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 14,94 сўмга пасайиб, 10 677,66 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
Тиббиёт соҳасидаги Нобель мукофоти «ҳарорат ва сезиш рецепторларини кашф қилган» олимлар Дэвид Жулиус ва Ардем Патапутянга топширилди.
Таниқли сиёсатчилар, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, машҳур бойларнинг офшор операциялари ҳақида эълон қилинган «Pandora Papers» ҳужжатларида Ўзбекистонга миллионлаб инвестиция киритган ирланд компаниялари ҳамда Гулнора Каримовага пора берганликда гумон қилинадиган Telia компанияси вакиллари ҳақида ҳам сўз боради. Шунингдек, суриштирув доирасидаги ҳужжатларда Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг оиласи, Украина президенти Владимир Зеленский, Иордания қироли, Буюк Британия собиқ бош вазири ва бошқа таниқли шахсларнинг офшор операциялари ҳақида маълумот келтирилган.
Абдулла Қодирий хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбирда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов музейларга бўлган ёндошув тубдан ўзгараётганини таъкидлади. «Бундан кейин барча адибларимизнинг музейлари ва ҳатто уй-музейларга бўлган эътибор янада кучайтирилади», — деди у.
Тошкентнинг Чилонзор туманидаги янги қурилаётган уйда газ портлаши квартиранинг газ таъминоти тизимига рухсатсиз уланиши оқибатида юз берди, дея маълум қилди «Ҳудудгазтаъминот». Аниқлик киритилишича, бино ҳали фойдаланишга топширилмаган.
Президент фармонига кўра, қатор товарлар учун 2024 йил 1 январгача божхона божи бекор қилинди. Улар орасига ўқув лаборатория ва махсус асбоб-ускуналар ва жиҳозлар, тақиқланмаган ўйин автоматлари, видеоўйинлар учун ускуналар ва боулинг учун автоматик ускуналар, стоматология ва косметология асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари ва бошқа товарлар кирган.
2022 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобиль иловасида рўйхатдан ўтказганларга ўша харид суммасининг 1 фоизи бюджетдан қайтарилади. Кешбэк ҳар ой якунида жисмоний шахсларнинг банк карталарига ўтказилади. Чек бермаганлик ҳолати ҳақида хабар берганларга ундирилган жариманинг 20 фоизи мукофот тариқасида тўланади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг