Марказий банк муомаладан чиқарилган банкнот ва тангаларни қабул қилиш ва уларни янги банкнотларга алмаштиришни давом эттиришга қарор қилди.
Тошкент шаҳрининг Миробод туманига Ашраф Салайдинов ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Европа парламенти сунъий интеллектдан фойдаланишни тартибга солувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжат СИ ёрдамида юзни танишни тақиқлайди ва ChatGPT каби чат ботларга контентни компьютер яратаётганидан огоҳлантириш талаби қўйилади.
Давлатобод туманида соф қуйма олтинларни 20 минг долларга сотаётган икки шахс ушланди. Экспертиза хулосасига кўра, олтин баҳоси 222,8 млн сўмга баҳоланган.
BBC рус хизмати Марказий Осиё давлатлари фуқароларининг Россия қамоқхоналаридан Украинадаги урушга ёллангани бўйича текширувни эълон қилди. Маълумотларга кўра, бундай ёлланганлар орасида камида 93 киши ҳалок бўлган, улардан 34 нафари ўзбекистонлик.
Сўнгги йилларда сиёсий ва иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамай, янгиликларга бўлган қизиқиш доимий равишда пасайиб бормоқда. Reuters Institute`нинг ОАВ ривожланиши ҳақидаги ҳисоботига кўра, телевидение ва босма нашрлар ҳам ўз ўрнини йўқотмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Қонунчилик палатаси олдидаги ҳисоботида вазирлик сувни сарфлаш маданияти, уни ўлчаш ва етказиб бериш бўйича кескин таклифлар тайёрлаётганини маълум қилди. Таклифлар 2024 йилнинг бюджет лойиҳасида кўрсатилади.
Ўзбекистонда 2021 йил 1 майдан буён 16 655 нафар ёшнинг 28,8 млрд сўмлик имтиҳон харажатлари қоплаб берилди. Уларнинг 9 053 нафарини аёл-қизлар ташкил этади.
Экоблогер «O‘rikguli» Тошкент шаҳрида нотўғри суғорилаётган яшил ҳудудлар акс этган навбатдаги тасвирларни эълон қилди. У суғориш фаввораларини таъмирлашга, дарахтларни суғоришга ортиқча сув сарфламасликка чақирмоқда.
Ўзбекистоннинг 16 дзюдочиси янгиланган Олимпия рейтингига киритилди. Улар орасида тарихда биринчи марта аёллар терма жамоасининг олти нафар вакили ҳам бор.
Андижондаги тергов ҳибсхонасида маҳкумнинг калтакланиб, ўлдириб қўйилгани бўйича 12 нафар ИИО ходимига суд ҳукми ўқилди. Улардан 6 нафари қамалди, қолгани уй қамоғига ҳукм қилинди. Марҳумни камерада калтаклаган бир нафар маҳбуснинг жазо муддати узайди.
Тошкентдаги «Тўқимачилик ҳафталиги» доирасида Better Cotton Ўзбекистонда пахтачилик соҳасини янада яхшилаш борасидаги йўл харитасини тақдим этди ва у манфаатдор томонлар иштирокида имзоланди.
Ҳиндистоннинг Индира Ганди халқаро аэропортида қиймати 125 минг доллардан зиёд бўлган 16,5 кг олтинни олиб ўтаётган икки нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бухоро-Урганч автомобиль йўлида UzAuto Motors автовози ва юк машинаси тўқнашиб кетди. Оқибатда компания машинасида бўлган икки ҳайдовчи ҳалок бўлди.
Хоразмда «фуқарони тинчини бузмаслик учун» ундан деярли бир йил мобайнида 58 млн сўм олиб келган ва яна 10 минг доллар талаб қилган шахслар қўлга олинди.
2022 йил давомида Россиядан 8,5 минг нафар доллар миллионери кўчиб кетди. Henley & Partners компанияси кўрсаткич 15 минг нафар бўлишини прогноз қилганди. Компания бу фарқни уруш оқибатида жорий этилган чекловлар кўплаб миллионерларнинг мамлакатни тарк этишини қийинлаштиргани билан изоҳлади.
Яккабоғ туманида электр таъминоти корхонаси масъуллари VI-ХII асрларга оид «Чилламазортепа» археология объекти ҳудудига трансформатор пункти ўрнатгани аниқланди. Бунинг оқибатида ёдгорликка 93 млн сўмлик зарар етган. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Silk Avia компанияси 27 июндан 2 июлгача авиачипталарга 30% гача чегирма эълон қилди. Шунингдек, компания байрам кунлари арзон тарифдаги чипталар сони кўпайтирилишини билдирди.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон президенти сайловига доир сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси тасдиқланди ҳамда ушбу трафаретлар билан ҳар бир сайлов участкасини таъминлаш чоралари белгиланди.
Чилонзордаги мис қувурлари ишлаб чиқариш цехида технологик жараённинг бузилиши оқибатида портлаш ва ёнғин рўй бериб, 1 киши ҳалок бўлгани аниқланди. 16 киши шифохонага олиб кетилган. Дастлаб 6 киши жароҳатлангани хабар қилинганди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг