Кенг жамоатчиликнинг фикрини инобатга олган ҳолда ҳукуматнинг кундузи «фаралар»ни ёқиб юриш талабини бекор қилишга оид қарори қабул қилинди. Бунда фақат, олтита ҳолатда — автобус ва йўналишли транспортлар, болаларни ташкилий ташиш, мотоцикл, мопедлар ва бошқа ҳолларда «фаралар»ни ёқиб юриш талаб этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов Хитой вакцинаси натижалари ижобий экани ва асоратлари кузатилмаганини айтди. «Якуний ҳулосага келинганидан кейин ҳукумат томонидан тўлиқ, оммавий эмлаш йўлга қўйилади», — дея таъкидлади Иноятов.
Суд UzAuto Motors иши бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитасининг апелляция шикоятини қаноатлантирмади. Шунга кўра, биринчи инстанция судининг 30 октябрдаги ҳал қилув қарори ва хусусий ажрими ўзгаришсиз қолдирилди.
Дам олиш кунлари Россиянинг жанубий ҳудудларидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши оқибатида Республиканинг шимолида қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда. Барча жойларда ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик қорга айланиши билан кузатилади. Баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучаяди.
Сенат томонидан маъқулланган Давлат бюджетининг 2021 йилги харажатлари 165,8 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Шунингдек, 2021 йилда Давлат бюджети даромадлари 147,2 трлн сўм миқдорида ёки жорий йилга нисбатан 13 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.
Сенат раиси Танзила Норбоева ўнинчи ялпида Конституцияга ўзгартириш киритиш масаласи кўриб чиқилмаслигини ва кун тартибидан ўрин олмаганини айтди. 11 декабрь куни ўтган Сенат Кенгаши мажлисида эса бу бўйича қонун кун тартибидан ўрин олгани ва кўриб чиқилиши маълум қилинган эди.
17 декабрь куни жамоат ишига жалб қилинган ва ойлигини ололмаган фуқаролар Нукус шаҳри марказига чиққан эди. Меҳнат вазирлиги ушбу вазият бўйича айбдор шахсларга нисбатан интизомий чоралар кўрилиши ва маблағлар 18 декабрь куни тўлиқ тўлаб берилиши ҳақида маълум қилди.
19−2 декабрь кунлари Қамчиқ довонида кучли қор ёғиб, қалин туман тушиши ва кўриш масофасининг 50 метргача қисқариши кутилмоқда.
Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 4 та диализ клиникаси барпо этилади. Шифохоналар Ҳиндистоннинг Nephroplus компанияси томонидан қурилади.
«Тошкент савдо маркази» (собиқ «Абу Сахий») мажмуасида ука ўз акасини пичоқлаб ўлдирди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам судланган ва ишсиз. Ука қидирилмоқда.
ФИФА томонидан ўтказилган The Best 2020 маросимида «Бавария» клуби ҳужумчиси Роберт Левандовски йилнинг энг яхши футболчиси ва «Ливерпуль» клуби бош мураббийси Юрген Клопп йилнинг энг яхши мураббийси совринларини қўлга киритишди.
Tashkent City боғига янги йил арафаси ва янги йил кунларида — 17 декабрдан 10 январгача кириш учун пул тўланади. Катталар учун чипта нархи — 10 минг сўм, болалар учун — 5 минг сўм, енгил автомобилда кириш — 20 минг сўм этиб белгиланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 500 минг тўплам гидроксихлорохин сотиб олди. Аввалроқ ЖССТ ушбу препаратнинг коронавирусга қарши курашда самарасиз эканини маълум қилган эди.
Тошкентда мустақилликнинг 30 йиллигига «Истиқлол» мажмуаси ташкил этилади. Шунингдек, пойтахтда қурилаётган ер усти метро ҳалқа йўли «Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллиги» деб номланади.
Илк бор 1968 йилда ташкил этилган Тошкент Халқаро кинофестивали қайта тикланади. Россиялик телебошловчи ва продюсер Валдис Пельш ва режиссёр Джаник Файзиев билан халқаро меморандум имзоланди.
Молия вазирлигида бош бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаб келаётган Мурадбек Давлатов Хоразм вилояти Хонқа туманига хоким этиб тайинланди.
Сирдарё вилоятида фермер кўрсатмаси билан 7 туп дарахт ноқонуний кесилгани аниқланди. Табиатга етказилган зарар миқдори 113 млн сўмга баҳоланди.
Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати у Фаррух Рустамовнинг ўлимида умуман алоқаси йўқлигини айтганини маълум қилди. Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жиноят иши юзасидан суд жараёнида унинг кўрсатмаси тингланди.
Тошкент вилоятида эрига аччиқ қилиб болаларини чўктириб юбормоқчи бўлган аёл видеотасвири бўйича муносабат билдирилди. Аёлни экологлар тўхтатиб қолган.
Хоразм вилояти ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Темур Давлетов Хива ҳокими этиб тайинланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг