Президент Янги Ўзбекистон кўчасидаги қурилиш лойиҳаларини бориб кўрди. Кўчада миллий руҳдаги замонавий уйлар, меҳмонхона, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари қурилади. Фавворалар, йўлакчалар, сайилгоҳ бўлади. Давлат раҳбари кўчада экология, сифат ва маданият уйғунлашиши кераклигини таъкидлади.
Тошкент вилоятидаги бўёқ ишлаб чиқариш цехида ёнғин юзага келди. Уни ўчириш учун 4 соатдан ортиқ вақт кетди. Ёнғинда ҳеч ким жароҳат олмади. Ҳозирда зарар миқдори аниқланмоқда.
Дурдона Абдужабборова сумо бўйича жаҳон чемпионатида бронза медални қўлга киритди. Бу Ўзбекистоннинг ушбу спорт тури бўйича халқаро майдондаги илк ютуғи бўлди. Турнирда 33 давлатдан 200 нафарга яқин спортчи иштирок этди.
«Ўзатом» ҳузуридаги АЭС қурилиши дирекцияси, «Росатом» ҳамда «Атомстройэкспорт» ўртасида Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси лойиҳаси бўйича ишларни бошлаш тўғрисида баённома имзоланди. Бу қурилиш майдончасида тайёргарлик ишларининг фаоллашуви ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш демакдир.
Ўзбекистонда юк машиналари ҳайдовчиларига йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатлангани учун маъмурий жавобгарлик жорий этиш режалаштирилмоқда. Ўтган 7 ойда юк автотранспорт воситалари билан боғлиқ 303 та ЙТҲда 108 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 227 нафар фуқаро жароҳат олган.
Ўзбекистонда коррупция учун судланган 566 нафар шахс давлат хизматига қайта қабул қилиниб, яна шу жиноятни содир этган. Антикоррупция агентлиги раҳбари 2021 йилдан буён муҳокамада бўлган коррупционерлар реестрини жорий этиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга киритиш режа қилинганини билдирди.
Сенат кўриб чиқиши кутилаётган қонун билан ЙПХ ходимларининг йўл ҳаракати қоидабузарлигини аниқлаган тақдирда ҳайдовчига жойнинг ўзида жарима қўллаш ваколати бекор қилинмоқда. Шунингдек, скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Август ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижараси нархи ўртача таъмирланган хонадонлар учун 1,9 фоизга, тўлиқ таъмирланганлари учун эса 0,3 фоизга ошди, дея хабар берди МҲТИ. Нархларнинг кўтарилишига университетларда янги ўқув йили бошланиши бўйича кутилмалар асосий сабаб бўлди.
Шавкат Мирзиёев ва Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Мишустин, шунингдек, президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева билан иқтисодиёт, маданият, таълим ҳамда меҳнат миграцияси бўйича суҳбатлашди.
Бухоронинг Ромитан туманидаги 18-мактабда директор ўқитувчиларни «Ташаббусли бюджет» учун овоз йиғишга мажбурлагани аниқланди. Унга нисбатан БҲМнинг 100 баравари миқдорида жарима қўлланди.
10−13 сентябрь кунлари Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечалари +10…+15, кундузи +27…+32 даража атрофида бўлади.
Бош вазир Абдулла Арипов Парижда тарихий натижага эришган Паралимпия ўйинлари совриндорларини табриклаб, уларнинг муваффақиятида давлат раҳбарининг ҳиссасини таъкидлади. «Олимпиадада 13-ўрин, Паралимпиадада 13-ўрин! Балки кимларгадир 13-рақам ёқмас, лекин Ўзбекистонга жуда ҳам ёқяпти», — деди у.
Тошкентда адвокат ва юрист жазо муддатини ўтаётган шахснинг айбловидан бир моддани олиб ташлаш эвазига 75 минг АҚШ доллари талаб қилди. Улар пулни олиш вақтида ушланди ва 14 йилга қамалди. Адвокат аввал судья бўлиб ишлагани, юрист эса муқаддам судлангани маълум бўлди.
БААда ўтган бокс бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон U-16 жамоасидан 23 нафар спортчи қатнашиб, уларнинг барчаси медалларга эга чиқди: 14 та олтин, 6 та кумуш, 3 та бронза. 14 ёшгача бўлган боксчилар эса 10 та медални қўлга киритди: ярми кумуш, қолган ярми бронза.
Apple компанияси янги қурилмалари тақдимотини ўтказди. Унда iPhone 16, AirPods 4 қулоқчинлари ва Watch Series маркали ақлли соатларининг ўнинчи авлоди намойиш этилди. Янги қурилмалар ҳақида асосий маълумотлар.
Ўзбекистон Россия билан яқин ва конструктив ҳамкорликка доим тайёр, деди бош вазир Абдулла Арипов қўшма комиссия йиғилишида. Россия бош вазири Михаил Мишустин полимерлар, фуқаро учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва темирйўл машинасозлигини йўлга қўйиш бўйича таклифлар берди.
Афғонистонлик 160 нафар аёл Ўзбекистондаги тиббиёт олийгоҳларида ўқитилади. Бу борада Олий таълим вазирлиги ва Қатарнинг Education above all фонди ўртасида меморандум имзоланди. Лойиҳа харажатларининг катта қисмини Қатар томони қоплайди.
Тошкент шаҳрида поезд 36 ёшли аёлни уриб кетди. У тиббий ёрдамга қарамай, шифохонада вафот этди.
Туркиянинг Трабзон шаҳрида Ўзбекистон фахрий консулхонаси очилди. Шу пайтгача бундай ваколатхона Бурса, Адана, Анталия вилоятларида бўлган.
Суд собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Тураевни қарийб 10 млрд сўмлик 1 млн дона узум кўчатини етказиб бериш иши бўйича талон-торож қилиш ва мансаб сохтакорлигида айблаб, 6 йилга озодликдан маҳрум этди. Унинг компанияда ишлаган қизига 5 йил 1 ой қамоқ жазоси тайинланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг