Норвегия, Ирландия ва Испания Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олганини эълон қилди. Бу билан Европа Иттифоқининг Фаластинни тан олган давлатлари сони 13 тага етди. Қарор ортидан Исроил Норвегия ва Ирландиядан элчиларини чақириб олиши айтилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳузурида Маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда. Уюшмага маҳаллалар фаолиятини такомиллаштириш бўйича аҳолининг мурожаатлари учун call-марказ очиш топширилди.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида фуқароларни Ҳаж сафарига ноқонуний юборишга уринганларни қўлга олди.
Божхона ходимлари ёқилғи ташиш машинасини ҳужжатларда вазни 18 тоннадан 20,6 тоннага ўзгартириб ёзиб, 791 миллион сўмлик божхона имтиёзларини ўзлаштиришга уринган шахсларни аниқлади. 2025 йил 1 январгача 20 тоннадан ошадиган махсус ва юк транспорт воситалари божхона тўловларидан озод этилади.
Юнусобод туманида тунда экскаватор ёрдамида бир туп дарахтни қўпориб олган икки шахсга суд ҳукми ўқилди. Уларга 5 сутка қамоқ ва жарима жазоси тайинланди, 27,8 млн сўм зарар ундириб олинди.
Ўзбекистон сув тошқинларидан жабр кўрган Афғонистон халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини юборди. Ёрдам таркибида чодирлар, шунингдек, ун, гуруч, консерва, макарон, ёғ ва бошқа маҳсулотлар бор.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков бюджет тақчиллиги шароитида «Овоз» телелойиҳаси учун салкам 2 млрд сўм, «Боболарим» кино-клипига эса 2,7 млрд сўм ажратилганига муносабат билдирди. Унинг айтишича, бошқа соҳаларни бўлгани каби санъат ва маданиятни ҳам қўллаб-қувватлаш керак.
2023 йилда Ўзбекистондаги 140 та музейга 5,7 млн киши ташриф буюрган. Регистон ансамбли ва Самарқанд давлат музей қўриқхонасининг ҳар бирига миллиондан ортиқ одам келган.
Тошкент халқаро аэропортида 20 майдан Europcar бренди остидаги автомобилларни ижарага олиш имконияти яратилди. У ерда ишлаб чиқарилган йили 4 йилдан, юрган масофаси 80 минг километрдан ошмайдиган автомобиллар ижарага берилади.
13 майда эълон қилинган 2024 Fortune China ESG Impact List рўйхатида Chery компаниясининг ESG соҳасида эришган ютуқлари эътироф этилди.
Испаниянинг World2Fly авиакомпанияси Урганч ва Тошкент шаҳарларидан Мадридга чартер рейсларни йўлга қўяди. Илк парвоз 23 майда амалга оширилади.
Фарғона туманида жойлашган АГТКШ табиий газдан ноқонуний фойдаланиш оқибатида давлатга 1 млрд 136 млн сўмлик зарар етказгани маълум бўлди. Қоидабузар истеъмолчига чора кўриш учун ҳужжатлар тегишли органларга тақдим қилинди.
Президент Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази фаолиятига доир йиғилишда дорилар харидини тартибга солиш, тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, соҳани рақамлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Тиббий суғурта тизими солиқлар ҳисобидан бўлади ва қўшимча бадаллар ундирилмайди, деди у.
Европа Иттифоқи Кенгаши сунъий интеллектдан фойдаланишни тартибга солувчи дунёдаги биринчи қонунни маъқуллади. Унинг асосида хавф-хатар асносидаги ёндашув ётади: жамият учун хавф қанчалик юқори бўлса, қоидалар шунчалик қаттиқроқ бўлади. Ҳужжат бир ойдан кейин кучга киради.
Эронда президент Иброҳим Раисий вафотидан кейин навбатдан ташқари президентлик сайлови 28 июнга белгиланди.
Йил бошидан буён Ўзбекистон 3,42 млрд долларлик олтин экспорт қилди, бу ўтган йилнинг январь-апрель ойларига нисбатан 11,8 фоизга кўп. Ушбу қимматбаҳо металлнинг мамлакат умумий экспортидаги улуши 40 фоиздан ошди.
22 май куни Эронда ўтадиган марҳум президент Иброҳим Раисий билан видолашув маросимида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этади. Унга Қонунчилик палатаси cпикери Нурдинжон Исмоилов бошчилик қилади.
Миллий олимпия қўмитаси спорт ташкилотлари билан бирга Парижда ўтадиган ёзги олимпия ўйинларига тайёргарлик учун январь-март ойларида 73,3 млрд сўм маблағ сарфлади. Бу спортчиларнинг тайёргарлиги, уларга анжом ва инвентарлар харид қилиш, ташкилотларнинг устав харажати ва бошқалар учун йўналтирилди.
Суд ўтган йил охирида криминоген вазиятни яхшилаш бўйича ўтказилган рейдларда ушланган яна уч нафар шахсга нисбатан ҳукм ўқиди. Хасан ва Хусан Сабирджановлар қарийб 5 йилга озодликдан маҳрум этилди, Марат Уразовга салкам 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Davr Bank`нинг янги иловаси — Davr Mobile 2.0 тақдимоти бўлиб ўтди. Энди банк мижозлари ҳар ой охирида транзакциялар тарихини кўриши ва ҳисоботлар тузиши мумкин.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг