Одам ўлдириш билан боғлиқ жинояти учун Навоий шаҳридаги колонияда сақланган 24 ёшли маҳкум ўз жонига қасд қилди. Омбудсман матбуот хизмати у руҳиятида ўзгариши бор маҳкумлар рўйхатида тургани, «ноодатий хатти-ҳаракатлари» сабабли ўлимидан бир кун аввал алоҳида сақлана бошлаганини билдирди.
Ўзбекистон божхоначилари томонидан йил давомида қарийб 9,2 тонна гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Бу ўтган йилгидан 12 баробарга кўр. Уларнинг катта қисми — 8,5 тоннаси сентябрь ойида қандолат кўкнориси деб кўрсатилган рекорд партия бўлди.
Наманган туман суди Ўзбекистондан Қирғизистонга 590 минг АҚШ долларини ўтказмоқчи бўлган 4 нафар шахсга ҳукм ўқиди. Айбланувчиларнинг 2 нафари 5 йилга, яна 2 нафари эса 5 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.
Самарқандда шахматнинг тезкор ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш маросими ва матбуот анжумани бўлди. Амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен турнир учун ўз прогнозини айтди: «Ўзимни блицда фаворит деб биламан, рапидда эса кўпчилик, жумладан, Нодирбек Абдусатторов ютиши мумкин».
ХВЖ миссияси Ўзбекистонда 2024 йилда иқтисодий ўсиш 5,7 дан 5,2 фоизгача секинлашиши, инфляция эса энергия тарифлари ошиши ҳисобига 11 фоизгача тезлашишини кутмоқда. Қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириш, бюджет харажат ва даромадларини сезиларли даражада оптималлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунни имзолади. 2024 йил учун консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ЯИМнинг 4 фоизи миқдорида белгиланди.
Депутатлар дори моддалари (субстанциялар)ни давлат рўйхатидан ўтказишга оид нормани бекор қилиш назарда тутилган қонун лойиҳасини қабул қилди. Шунингдек, лойиҳада ССВ ваколатидан рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини йилига камида бир марта тасдиқлаш нормаси чиқарилмоқда.
Покистон ҳукумати Лаҳордаги ҳаво ифлосланишига қарши курашиш учун илк бор сунъий ёмғир ёғдирди. Жараён бир муддат ҳаво сифатини яхшилади, аммо бу кўпга чўзилмади. Фаоллар атроф-муҳит ифлосланишини дарахтлар кесилиши, қурилиш ишлари ва чиқинди газлар билан боғламоқда.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 1 январдан мактаб директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ҳамда махсус портал орқали уларга менежерлик сертификатини электрон бериш тизими жорий қилинади. Сертификатга эга директорлар 3 йил давомида малака ошириш курсларидан озод этилади.
24 декабрь куни Тошкентнинг Амир Темур ва Алишер Навоий кўчаларида ўрнатилган бешта камера автобус йўлагида тўхтаган 175 нафар ҳайдовчига жарима солди.
Зангиота туманида 13 ёшли қизга нисбатан ўгай онаси томонидан зўравонлик қилингани аниқланди. Аёлнинг руҳий ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш учун экспертиза тайинланди.
Президент Фанлар академиясининг 16 нафар янги ҳақиқий аъзосини тасдиқлади. Улар орасида қатор илмий муассасалар раҳбарлари ва ходимлари бор. Бунгача ФАнинг ҳақиқий аъзолари рўйхати 2017 ва 1995 йилларда тўлдирилганди.
Оилага тайёргарлик мавзулари мактаб ўқув дастурига биология ва тарбия фанлари доирасида киритилади. Она тили ва чет тили фанларида ўқувчиларга «оила муқаддаслигини очиб берадиган» мавзулар ўқитилади. Оиладаги зўравонликни қораловчи ва муваффақиятли хотин-қизларга аталган кино ва рекламалар ишланади.
Президент қарорига кўра, 2030 йилга бориб давлат идоралари раҳбариятининг камида 30 фоизи аёллардан иборат бўлиши керак. Шунингдек, кийим-кечак ишлаб чиқарувчи аёл тадбиркорларнинг ижара ҳақи қисман қопланади, хотин-қизлар томонидан етиштириладиган маҳсулотлар бўйича фьючерс шартномалари тузилади.
Фойдали қазилмалар қазиб олувчи компаниялар учун навбатдаги имтиёзни жорий этиш режа қилинмоқда. Келаси 2 йилда металл ва углеводородлар қазиб олишни бошлайдиганлар рента солиғидан умрбод озод этилиши мумкин. Депутат Дониёр Ғаниев бунга қарши чиқса-да, ҳамкасблари нормани барибир қабул қилди.
Тошкентда автобуслар 30 декабрдан 2 январга қадар якшанба кунлари учун тасдиқланган жадваллар асосида, 6 январь — шанба куни эса иш кунлари учун тасдиқланган жадваллар асосида ҳаракатланади.
Бухоронинг Вобкент, Олот, Қоракўл ва Жондор кўмир омборларида аҳолига имтиёзли нархда етказиб берилиши керак бўлган 806,4 тонна кўмир ноқонуний сотиб юборилгани маълум бўлди.
Бўстонлиқ тумани суди 31 ёшли собиқ профилактика инспекторини вояга етмаган қизнинг номусига тегишда айбдор деб топиб, унга 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жиноят учун шарт-шароит яратиб берган 3 кишига нисбатан иш очиш масаласи бўйича прокурорга хабар юборилди.
Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни амалий ташриф билан Санкт-Петербург шаҳрига жўнаб кетди. Давлат раҳбари МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этади.
Зўравонликка учраган жабрланувчининг талабига кўра суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларнинг соддалаштирилган тартибда, ярашиш учун муҳлат тайинламасдан ҳал қилув қарори чиқариши мумкин. Мазкур қонун лойиҳасини тайёрлаш Вазирлар Маҳкамаси ва Олий судга топширилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг