Asaxiy Books ва Xalq Banki китобхонликни ривожлантириш мақсадида янги шартнома имзолади. Бу ҳамкорлик муҳим китобларни ўзбек тилига таржима қилиш, китоб нархларини барқарор сақлаш ва болалар адабиётини ривожлантиришга ёрдам беради.
Президент қарори билан Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси ташкил этилиши белгиланди. Академия фаолияти 2025 йилнинг 1 октябридан йўлга қўйилиб, унда илмий-тадқиқот лабораторияси, ўқув-симуляцион марказ ва меҳмонхона бўлади.
Ҳиндистон собиқ бош вазири Манмоҳан Сингҳ 92 ёшида вафот этди. У мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотлар меъмори ва «иқтисодий либераллаштириш қаҳрамони» ҳисобланади. Сингҳ 2004 йилдан 2014 йилгача бош вазир сифатида ишлаган.
Январь ойининг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйича аномал совуқ кутилмаяпти, дея хабар бермоқда Ўзгидромет. Ҳарорат кечалари −8…+8, кундуз кунлари −2…+15 даража атрофида бўлади. Кейинчалик қисқа даврда ҳаво кечаси −20 даражагача пасайиши эҳтимоли ҳам бор. Айрим кунларда ёмғир, қор ёғиши кутилмоқда.
Юз нафар фаластинлик ярадор аёллар ва болалар ўз ҳамроҳлари билан бирга Ўзбекистонга вақтинча эвакуация қилинди. Бемор фаластинликлар реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштирилади.
Жума куни эрталабдан Тошкент яна IQAir халқаро ҳаво сифати мониторинги антирейтингида етакчилар қаторидан жой олди. Тошкент ва Ўзгидромет порталлари ҳам PM2,5 рухсат этилган концентрациядан ошиб кетганини кўрсатмоқда. Бу борада ҳозирча ҳеч қандай расмий баёнот ёки изоҳ берилмади.
Андижон вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Авазбек Эргашев 58 ёшида вафот этди. У Қўрғонтепа тумани ҳокими, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари каби лавозимларда ҳам ишлаган.
Тошкентнинг Учтепа, Олмазор ва Мирзо Улуғбек туманларида 27 декабрга ўтар кечаси учта йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Оқибатда икки ҳайдовчи ва бир йўловчи жароҳат олган.
Uzbekistan Airways илк бор бир йилда 6 миллион йўловчи ташиди. Юбилей йўловчи Тошкентдан Олмаотага учаётган Қозоғистон фуқароси Николай Курило бўлди. Ўтган йили компания 5 миллион йўловчи ташиганди.
2024 йил давомида 8289 та ҳолатда электр ва табиий газдан ноқонуний фойдаланилди, уларда 1 трлн 409 млрд сўм зарар етказилди. Қоидабузарлик қилган 51 та газ заправканинг лицензияси бекор бўлди, 1,5 мингдан ортиқ истеъмолчига баённома тузилди.
Олтита футбол клуби — «Сўғдиёна», «Навбаҳор», «Нефтчи», «Динамо», «Бухоро» ва «Орол»га футболчилар ва мураббийлар олдидаги қарздорликлари, шунингдек, ҳудудий футбол академиялари билан ҳамкорлик шартларига риоя қилмагани сабабли иккита трансфер ойнаси учун трансфер тақиқи қўйилди.
Янги йил муносабати билан 28 декабрдан 5 январгача Тошкентдан Чорвоққа мавсумий автобус қатнови йўлга қўйилди. Yutong транспортлари соат 9:00 ва 16:00 да «Машинасозлар» бекатидан жўнайди. Йўлкира нархи — 20 минг сўм.
Шавкат Мирзиёев ЕОИИ йиғилишида Ўзбекистон ва иттифоқ давлатлари савдосида тариф ва нотариф чекловларни қўлламаслик, Ишбилармонлик кенгаши йиғилишини Тошкентда ўтказиш, туризм, IT ва AI соҳаларида ҳамкорликни таклиф қилди. Мамлакат 2025 йилда ЕОТБга аъзо бўлишни режалаштирмоқда, деди президент.
Президент 2025 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади. ЯИМ 6% ўсиши, инфляция 7−8% гача пасайиши кутилмоқда. Консолидациялашган бюджет тақчиллиги чегараси ЯИМга нисбатан 4% дан 3% гача (49,3 трлн сўм) туширилди, ташқи қарз лимити 5,5 млрд долларгача оширилди.
Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида узунлиги 450 м бўлган туннель топилди, ундан кунига 5−7 тонна ёнилғи-мойлаш материаллари контрабанда йўли билан ўтган. Жиноий гуруҳнинг барча иштирокчилари, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам қўлга олинди.
Озарбайжон ҳукуматидаги манбалар Azerbaijan Airlines самолёти қулашига Россия ракетаси сабаб бўлганини тасдиқлади, деб ёзмоқда Euronews. Бу вақтда Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украина дронларини уриб туширмоқчи бўлган. Ракета эса самолёт ёнида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган.
Туркия Марказий банки деярли икки йил ичида биринчи марта асосий ставкани 50% дан 47,50% гача пасайтирди. Регулятор март ойидан буён асосий ставкани 50 фоиз даражасида сақлаб келаётганди.
Ўзбекистонликлар бу йил ҳам янги йилни қорсиз кутиб олади. 31 декабрь ва 1 январь кунлари ҳарорат кечалари 0…+5, кундуз кунлари +5…+10 даража атрофида бўлади, баъзи жойларда 12 даражагача исийди.
Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқотда Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг йўловчи лайнери ҳалокати муносабати билан яна бир бор ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, барча жабрланганларга тезроқ соғайиб кетишни тилади.
Букмекерлик фаолиятига рухсат берилади, пойтахтдаги жамоат транспортида нақд шаклдаги тўлов нархлари ошади, умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисми кешбэк сифатида қайтарилади, маданият ва санъат соҳаси ходимларининг маоши оширилади — 2025 йил 1 январдан нималар ўзгаради?
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг