Депутат Одилжон Тожиев Чеченистон раҳбарининг Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига таҳдидларини мамлакат ички ишларига аралашиш деб қоралади. У Рамзан Қодировни кечирим сўрашга ва (агар у дўст бўлса) қидирувдаги икки фуқарони топишда ёрдам бериб, уларни Ўзбекистонга топширишга чақирди.
Тошкентдаги Форумлар саройида «Президент арчаси» бўлиб ўтди. Унда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ота-она қарамоғисиз қолган ва ногиронлиги бўлган болажонлар учун байрам дастури намойиш этилди.
Uzbekistan Airways айни пайтда Россиянинг Грозний, Махачқалъа ва бошқа шаҳарларига парвозларни давом эттираётганини маълум қилди. Аввалроқ бир қатор авиакомпаниялар Azerbaijan Airlines самолёти ҳалокатга учрагандан сўнг Россиянинг баъзи шаҳарларига парвозларни тўхтатган эди.
Қашқадарё вилоятида яшовчи Mobiuz абоненти Гулзода Исломова «MobiDRIVE» акциясида иштирок этиб, BYD Song Plus Champion автомобилини қўлга киритди.
АҚШ «Грузин орзуси» асосчиси Бидзина Иванишвилига қарши «Россия билан алоқалари ва демократик институтларга путур етказгани» туфайли санкциялар киритди. Аввалроқ Иванишвилининг Болтиқбўйи давлатларига кириши чекланганди. Шунингдек, Украина ҳукумати ҳам унга қарши санкция киритган.
2025 йилдан бошлаб Ўзбекистон БРИКСнинг ҳамкор давлати мақомини олади, деб хабар берди «Газета.uz»га ТИВ. Бундан ташқари, Беларусь, Боливия, Индонезия, Қозоғистон, Куба, Малайзия, Таиланд ва Уганда ҳам бирлашманинг ҳамкор давлати бўлишга тайёрлигини тасдиқлаган.
420 млрд сўм ҳажмдаги тамаки маҳсулотларининг яширин айланмаси муаммоси асосан унинг Ўзбекистон ҳудуди орқали Қирғизистон ва Тожикистонга транзити билан боғлиқ, деди Божхона қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Отабек Ибрагимов. У импортни «оқартириш» учун нималар қилинганини айтди.
Комил Алламжоновга нисбатан қотилликка суиқасд иши бўйича икки нафар Россия фуқароси — Бислан Расаев ва Шамиль Темирхановга қидирув эълон қилинди. Улар қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга кириш ва чиқиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ҳамда ўқотар қуролнинг қонунга хилоф муомаласида айбланмоқда.
Йил якунига келиб Ўзбекистоннинг IТ ва телекоммуникация хизматлари экспорти ҳажми 900 млн доллардан ошиши кутилмоқда. Давлат органларининг 3000 нафар ходими, шунингдек, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари сунъий интеллект соҳасида малака ошириши режалаштирилмоқда.
Жума куни Бухоро вилояти Жондор туманида 3,6 магнитудали ер силкиниши қайд этилди.
Ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines самолёти «физик ва техник аралашув»га учраган, таъкидлади авиакомпания. У қатор Россия шаҳарларига парвозларни тўхтатди. ОАВга кўра, ҳалокатга Россия ракетаси сабаб бўлган. Росавиация шу куни Украина дронлари ҳужум уюштирганини маълум қилди.
Уч йил аввал UzAuto Motors ва UzАuto Motors Powertrain бош директори этиб тайинланган Бу Андерссон фаолиятини якунламоқда. UzAuto Motors’нинг маълум қилишича, унинг раҳбарлигида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ошган — 2023 йилда 395 400 машина конвейердан чиққан, бу аввалги йилдан 20% кўп.
Президент 2024 йилги давлат бюджетига вазирликлар харажатларини 9,98 трлн сўмга оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритишни тасдиқлади. Ташқи қарз бўйича чегара 5 дан 7,3 млрд долларгача ошди. Қўшимча қарзлар ипотека бозорини ривожлантириш ва мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш учун ишлатилади.
Наманганда яшаган аёл оилавий муаммолар сабабли ўзи ва икки фарзандини Шимолий Фарғона каналига ташлади. Болалар қутқариб қолинган, аёл эса вафот этган.
Германия президенти Штайнмайер мамлакат парламентини тарқатиб юборди ва муддатидан олдинги парламент сайловлари 2025 йил 23 февралда бўлишини маълум қилди. Аввалроқ бундестаг депутатлари канцлер Олаф Шольц ҳукуматига нисбатан ишончсизлик вотумини қабул қилганди.
Шавкат Мирзиёев бугун қурилишига старт берилган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўлини халқаро аҳамиятга эга янги транспорт артерияси деб атади. Лойиҳага кўра, 20 та станция, 42 та кўприк ва 25 та туннель қурилади. Бу йўлда йилига 15 млн тонна юк ташилади.
Ўзбекистон ва Миср 15 йил ичида ҳукуматлараро комиссиянинг илк йиғилишини Тошкентда ўтказди. Томонлар тўсиқларни бартараф этиш орқали товар айирбошлаш ҳажмини 500 млн долларга (ҳозир қарийб $42 млн) етказишга, шунингдек, Ўзбекистон-Миср ишбилармонлар кенгашини тузишга келишиб олди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилишига старт берди. «Бу йўналиш Хитойдан Қирғизистонга, Марказий Осиё ва Яқин Шарққа ҳамда Европа Иттифоқига юкларни етказиб беришни таъминлайди», — деди Жапаров.
Шанба куни ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади. 29−30 декабрь кунлари эса аксарият ҳудудларда қор ва ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат кечалари −2…+5 даража, кундуз кунлари +2…+15 даража атрофида бўлади.
Ўзбекистонда 2022 йил май ойида жорий этилган оқ ва чизиқли кунгабоқар уруғларини экспорт қилишга қўйилган тақиқ бекор қилинди. Мазкур чора уруғчилик корхоналарининг экспорт салоҳиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг