Мустақиллик байрамига кетма-кет 3 кун дам, Хитойга газ етказиб бериш ҳажмини оширган Ўзбекистон, ўзини осиб ўлдирган 20 ёшли келин, наркотиклар рўйхатига кирган «Тапентадол», Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифи, Венгрияга тўғридан-тўғри авиақатнов ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Ҳукумат оғриқ қолдирувчи «Тапентадол» дори воситасини Ўзбекистонда муомаласи чекланган наркотиклар рўйхатига киритди. «Габапентин» эса ушбу соҳада назоратни кучайтириш учун ТН ВЭД кодлари бериладиган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилди.
Ўзбекистон июль ойида Хитойга табиий газ экспортини оширди. Қиймат бўйича етказиб бериш ҳажми 91,4 млн долларга ўсди, бу июнь ойига нисбатан 7,2 фоизга кўп.
Март ойида Стратегик ислоҳотлар агентлиги 2023−2025 йилларда ислоҳ қилиш ва иш самарадорлигини ошириш режалаштирилган 31 та давлат улуши бўлган корхона акцияларини ўз балансига олган эди. Ушбу компаниялар ва яна 9 та банкдаги улушлар Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги бошқарувига қайтарилди.
Россиянинг «Яндекс» компанияси yandex.kz маҳаллий домени серверларини Қозоғистонга ўтказишга рози бўлди. Август ойи бошида мамлакат ҳукумати домен мамлакат ташқарисида жойлаштирилгани учун платформага киришни вақтинча ёпиб қўйган эди.
2023 йилнинг ўтган даврида магистратурада ўқийдиган 14,1 минг нафар хотин-қизнинг тўлов-шартномаси учун 85,1 млрд сўм тўлаб берилди. 36 мингдан зиёд талаба хотин-қизга 335,5 млрд сўм фоизсиз таълим кредити ажратилди.
Сергели туманида янги Chery Sergeli дилерлик маркази очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир доирасида бренднинг 10 нафар мижозига автомобиль калитлари ҳамда компаниядан эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистонликлар Мустақиллик байрами муносабати билан кетма-кет 3 кун — 1−3 сентябрь кунлари дам олади. 4 сентябрдан эса барча яна ишга қайтади.
2022 йил февраль ойида Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан буён ҳар икки томондан 500 мингга яқин аскар фронтда ҳалок бўлди ёки яраланди, деб ёзмоқда The New York Times.
Ўзбекистон туманида турмуш қурганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган 20 ёшли келинчак ўзини осиб ўлдиргани айтилмоқда. Марҳуманинг яқинларига кўра, келинчак турмуш ўртоғи калтаклаётганини айтиб, оила аъзоларидан уни олиб кетишларини сўраган. Келиннинг қариндошлари ўлим сабабига шубҳа билдирмоқда.
Ўзбекистондаги энг йирик газ ишлаб чиқарувчи «Ўзбекнефтгаз» 2023 йил учун газ қазиб олиш прогнозини пасайтириш бўйича ўз прогнозларини қайта кўриб чиқди. Захираларнинг қисқариши ҳисобига ишлаб чиқариў ҳажми 32,3 млрд куб метрга етиши кутилмоқда.
20 августдан Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида ҳафтада бир маротаба амалга ошириладиган тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди. Тошкент — Будапешт йўналишидаги рейслар Airbus A-320 ҳаво кемасида бажарилади.
21−25 август кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кечалари +18…+23 даража, кундузи +34…+39 даража бўлади. Жума куни Волгабўйи ҳудудларидан салқин ҳаво массаси кириб кела бошлайди.
Ўзбекистон қонунчилиги ЖСТ келишувларига мувофиқлаштирилмоқда. Президент 2025 йилдан импорт дорилар ва тиббий буюмларни божхона расмийлаштирувидан ўтказишда йиғимларни бекор қилиш, товарларни давлат тилида маркировкалаш тартибига ўзгартириш киритиш ва бошқаларни назарда тутувчи фармонни имзолади.
Ўзбекистон президенти 22−23 август кунлари давлат ташрифи билан Озарбайжонда бўлади. Музокаралар якунида икки томонлама битимлар қабул қилиниши режалаштирилган.
Жанубий Кореяда 29 ёшли ўзбекистонлик эркак «Имом ал-Бухорий катибаси» террорчилик ташкилоти билан алоқа ўрнатиб, уни молиялаштириб келганликда гумон қилинмоқда. ИИВ тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.
«Ўзнефтгазинспекция» раҳбари ўринбосари сифатида ишлаб келган Аскар Исаков «Ўзтрансгаз» бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. «Газета.uz»нинг аниқлашича, компаниянинг аввалги раҳбари Беҳзот Норматов 6 ойча олдин лавозимини тарк этган, бироқ бу ҳақда расман хабар берилмаган.
Шавкат Мирзиёев Будапештда бир қатор давлат раҳбарлари билан учрашди, енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатига ташриф буюрди, авлиё Иштван куни муносабати билан ўтказилган тадбирларда иштирок этди.
Алишер Саттаров Uzbekistan Airways бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, Шахзод Икрамов ва Шухратилло Ядгаровлар раис ўринбосарлари лавозимларига тайинланди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари таҳлилига кўра, Шавкат Мирзиёев 18 август куни тадбиркорлар билан учрашувда энг кўп «тадбиркор», «бизнес», «солиқ» сўзларини ишлатди. Таҳлил тадбиркорларнинг энг долзарб муаммолари солиқлар ва кредитлар эканлигини кўрсатмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг