Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида фаолият юритувчи корхона раҳбари туман ҳокимлигидан жами 1,5 млрд сўм миқдорида компенсация ундирди. Аниқланишича, тадбиркорнинг 22 сотих ери ва бинолари давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиб, зарари вақтида қопланмагач, фуқаро бизнес омбудсманига мурожаат қилган.
Самарқанд вилоятидаги фермер хўжаликларидан бири табақалаштирилган тариф бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширмай келиши оқибатида электр таъминоти корхонасига 4,6 млрд сўм зарар етказди. Шу каби ҳолат яна иккита тадбиркорлик субъектида кузатилди. Тўпланган ҳужжатлар тегишли органларга юборилди.
Президент йиғилишида айтилишича, чарм саноатида бичувчи, тикувчи, косиб каби ўрта бўғин кадрлари етишмаяпти, йилига бор-йўғи 167 нафар мутахассис тайёрланмоқда. Давлат раҳбари пойабзал соҳаси ривожланган вилоятларда корхоналарни техникумларга боғлаб, дуал таълимни йўлга қўйишни буюрди.
БМТТД ва бошқа ташкилотлар тадқиқоти шуни кўрсатдики, Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти коррупция ҳақида хабар беришга тайёр, аммо ўзлари учун салбий оқибатлардан қўрқади. Кўпчилик пора олиш ва беришни қоралайди, лекин жамиятда сифатли хизмат учун кичик совғалар одатий ҳол сифатида қабул қилинади.
Абдулла Арипов МДҲ давлатларини эркин савдо зонасини янада самаралироқ қилишга, айрим хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан тариф ва нотариф чораларини бекор қилишга чақирди. Ғалабанинг 80 йиллигини нишонлаш ҳақида гапирар экан, у уруш даври фожиаларини такрорламаслик муҳимлигини таъкидлади.
Марказий банк банклар эски намунадаги 100 долларлик банкнотлар билан операцияларни тўхтатгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди. Регулятор бундай купюраларни айирбошлашда қийинчиликларга дуч келинса, ишонч телефонига мурожаат қилишга чақирди.
Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши соҳасидаги инсофсиз бизнесга тўлов тизимининг тартибсизлиги, рақамлаштириш ва ошкоралик йўқлигини сабаб қилиб кўрсатди. У банклар қурувчи ва харидор ўртасида кафил бўлиб, аҳоли маблағларини кафолатлайдиган эскроу тизими бўйича ҳуқуқий асос яратиш топшириғини берди.
Россия «яқин кунларда» Украинага зарба бериш учун ўрта масофали «Орешник» экспериментал баллистик ракетасини яна ишлатиши мумкин, деб огоҳлантирди АҚШ разведкаси.
АҚШга иккинчи марта президент этиб сайланган Дональд Трамп Time журнали томонидан 2024 йил учун йил одами деб топилди. У олдин ҳам — 2016 йилда илк бор президент бўлганида бу номга эга чиққанди.
Ноябрда Ўзбекистон аҳолиси орасида сезилган инфляция даражаси 14,1 фоизгача кўтарилди, дея хабар берди Марказий банк. Бу охирги 15 ойдаги максимал кўрсаткич ҳисобланади. Респондентларнинг аксарияти гўшт, сут, бензин, ёқилғи, электр энергияси ва газ нархлари кескин ошганини қайд этган.
Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов Туркманистоннинг «Ҳурматли эл ёшуллиси» унвони билан тақдирланди. Қолаверса, унга «Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллиги» юбилей медали топширилди.
Ўзгидрометнинг хабар беришича, 15−17 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига совуқ ҳаво оқими кириб келади. Ёмғир ва қор ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, ҳарорат кечаси −8…−13 даражагача, кундузи 0…-5 даражагача пасаяди.
Европа Иттифоқи Кенгаши 2025 йил 1 январдан Болгария ва Руминия билан қуруқликдаги чегараларда назоратни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу икки давлат ЕИга қўшилганидан 17 йил ўтгач, Шенген зонасининг тўлақонли аъзосига айланмоқда.
Рақобат қўмитаси йирик савдо тармоқларига Янги йил арафасида нархларни назорат қилиб бориш бўйича топшириқлар берди. Чакана савдо тармоқлари қўмитани нархнинг ошишига олиб келиши мумкин бўлган омиллар тўғрисида огоҳлантиради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил учун Давлат бюджетида кўрсатилган маблағ янги ўқув йилида ўқувчиларни дарсликлар ва машқ дафтарлари билан таъминлаш бўйича эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини беришини таъкидлади. Вазирликка кўра, ота-оналардан ижара учун қўшимча тўлов ундириш режалаштирилмаган.
Ўзбекистонда «Тошкент Халқаро математика олимпиадаси» (TasIMO-II) ўтказилмоқда. Ушбу нуфузли мусобақа ёш математикларга ўз иқтидорларини намоён этиш ва халқаро аренада танилиш учун зўр имконият яратади.
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль ҳарбий ҳолат жорий этиш қарори «давлат ишларини нормаллаштириш» учун тўғри ва зарур бўлганини айтди. У исён кўтаришда айбланиш ва истеъфога чиқишга даъватларни рад этиб, охиригача курашишга ваъда берди.
Марказий банк асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолди. «Аҳоли бирламчи эҳтиёжлари бўйича айрим харажатлар ўзгариши ва об-ҳаво совуши билан энергия нархлари эркинлаштирилишининг иккиламчи таъсирлари юзага чиқиши инфляцион кутилмаларда ҳам намоён бўлмоқда», — дея қайд этган регулятор.
Янги йил акцияси доирасида Yunusabad Residence турар жой мажмуаси 10 фоизли минимал бошланғич бадал ва 15 йил муддатга фойдали ипотека билан премиум квартираларни сотиб олиш имконини беради.
МҲТИ таҳлили натижаларига кўра, ноябрь ойида ҳам иккиламчи автомобиль бозорида ўртача нархлар пасайишда давом этди. Жумладан, кам фойдаланилган Onix`нинг ўртача нархи 5,4 фоизга пасайди. Маҳаллий люкс автомобиллар ва электромобиллар нархларида эса сезиларли ўзгариш кузатилмади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг