Конституция бўйича референдум бюллетени, Қашқадарёдаги қишлоқда юрган айиқ, 2025 йилгача божхона божидан озод этилган ёғоч ва ойна импорти, майдан даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредитлари берилиши, асраб олган 13 ёшли қизини зўрлаган эркак ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
«Ўзкимёсаноат» Ўзбекистон расмийларига қарши халқаро арбитраж ишини бошлаган Испаниянинг Maxam компаниясининг «асоссиз айбловлари»ни рад этди. Ўзбекистон томони инвесторни сармоя жалб этиш ва қўшма корхоналарни модернизация қилиш бўйича мажбуриятларни бажармаганликда айблади.
Ўзбекистон президентига Тошкентнинг Яшнобод туманида метро эстакадалари остидан савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари қурилиши лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳани ишлаб чиқишда Берлин тажрибаси кўриб чиқилган.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 36 гектарлик майдонда «Менинг биринчи уйим» дастури амалга оширилади. Дастур доирасида 2,5 мингта оила учун 58 та кўп қаватли уй қурилади. Ушбу уйлардаги 2 ва 3 хонали хонадонлар учун ойлик тўлов миқдори амалдаги субсидияли ипотека тўловларидан арзон бўлади.
Ўзбекистон Марказий банки шубҳали операциялар рўйхатини кенгайтирди. Энди улар орасида 30 кун ичида мобил илова орқали картадан бошқа карта ёки электрон ҳамёнга БҲМнинг 500 баравари (150 млн сўм) ва ундан ортиқ миқдорда пул ўтказиш ҳам бор.
Anorbank «ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилгани учун» Sof.uz нашри устидан судга даъво киритган эди. 2022 йилнинг ноябридан бери кўрилаётган иқтисодий низо якунига етди. Суд sof.uz нашрига Anorbank фойдасига 3,7 млрд сўм миқдорида зарар тўлашга қарор чиқарди.
Чироқчи туманидаги қишлоқлардан бирига айиқ келиб қолди, тармоқларда унинг юргани акс этган видеолар тарқалди. Маҳаллий аҳоли уни машинада уриб юбормоқчи ҳам бўлди. Табиат ресурслари вазирлиги ва Тошкент ҳайвонот боғи ходимлари пойтахтдан воқеа жойига жўнаб кетди.
Ўзбекистонда 2025 йилга қадар ёғоч, фанера, ёғочли опалубка ва ойнани импорт қилишда божхона божи бекор қилинади. Шунингдек, юқори маркали цемент бўйича божхона божи имтиёзи яна 1 йилга узайтирилади.
Чироқчи туманида 52 ёшли эркак меҳрибонлик уйидан асраб олган 13 ёшли қизни зўрлаб, ҳомиладор қилиб қўйгани айтилмоқда. Олий суд ҳолат бўйича жиноят иши 7 апрель куни ёпиқ суд мажлисида кўрилишини маълум қилди.
Марказий сайлов комиссияси референдум учун хориждан 26 нафар, жумладан, Грузиядан 3 нафар, Озарбайжондан 2 нафар, Индонезия ва Нидерландиядан 1 нафардан кузатувчи аккредитациядан ўтганини маълум қилди.
Тошкент аэропортида шарқона кўринишдаги меҳмонхона очилади. Унга ташриф буюрувчилар учун маълумот таблоси, ҳаммом ва душ хонаси тақдим этилади, қабулхона кечаю кундуз ишлайди ва ҳар бир йўловчига самолётга чиқиш учун индивидуал таклифнома тақдим этилади.
1 майдан даромади етарли бўлмаган аҳоли ҳам ипотека кредити олиши мумкин бўлади. Тўлов қобилиятини аниқлашда банк картасидаги айланма, ижара, коммунал ва бошқа харажатларга тўланган пуллар ҳисобга олинади. Аҳолига ҳовлисини кенгайтириш ва уй сотиб олиш учун 3,2 трлн сўм кредит ажратилади.
Буюк Британия бокс федерацияси май ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатига бойкот эълон қилди. Бундай қарорга Россия ва Беларусь спортчиларининг ўз мамлакат байроқлари остида мусобақада қатнашиши сабаб бўлган.
Президент «Янги Ўзбекистон» массивлари бўйича уйларни топшириш ишлари чўзилиб кетгани учун 9 та вилоятда ҳокимларнинг қурилишга масъул ўринбосарлари ва Марказий банкнинг вилоят бўлинмалари раҳбарларига ҳайфсан эълон қилди.
30 апрелда бўладиган референдумда овоз бериш бюллетенининг шакли ва тавсифи тасдиқлади. Унда янги «Конституцияни қабул қиласизми?» деган саволга «ҳа» ёки «йўқ» жавоблари акс этган. Бюллетенларни кўзи ожиз овоз берувчилар томонидан тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида трафаретлар ҳам тайёрланади.
Ўзбекистон Бош прокуратураси Санкт-Петербургдаги кафеда «ҳарбий офицер» Максим Фомин (Владлен Татарский) ҳалок бўлган портлашга алоқадорликда гумонланган Даря Трепованинг турмуш ўртоғи Дмитрий Рилов Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтмагани ва шунга кўра мамлакатда бўлиши мумкин эмаслигини маълум қилди.
26 апрель куни Тошкентда афсонавий Пласидо Домингонинг Алессандро Сафина ва бошқалар иштирокидаги фусункор опера кечаси бўлиб ўтади.
АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп 4 апрель куни Нью-Йорк судига келди ва у ерда ҳибсга олинди. Унга ҳисоб-китобларни сохталаштириш бўйича 34 та банд бўйича айблов қўйилди. Тингловдан кейин Трамп Флоридага қайтди.
Индонезияда 4 нафар ўзбекистонлик «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террор ташкилотининг ташвиқотини ижтимоий тармоқларда тарқатганликда гумонланиб, қўлга олинди. Гумонланувчиларнинг буюмлари далил сифатида олинган.
Шухрат Даулетияров Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари лавозимига тайинланди. У бунга қадар қурилиш соҳасида бир қатор лавозимларда фаолият юритган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг