2023 йил учун бахтли мамлакатлар рейтингида (World Happiness Report) Ўзбекистон 1 поғона пастлаб, 54-ўринни эгаллади. Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари орасида рейтингда 44-ўринни қайд этган Қозоғистон етакчилик қилмоқда. Финляндия олтинчи йилдирки дунёнинг энг бахтли мамлакати бўлиб турибди.
Рўзага оид савол-жавоблар, 3 кунлик магнит бўрони, «Ўзавтосаноат»га раҳбарликка қайтган Улуғбек Розуқулов, Ўзбекистонда газ қазиб олиш иккинчи ой кетма-кет пасайгани, Қорақалпоғистонда қулаб тушган янги қурилаётган кўприк, 2023 йил учун фидя миқдори ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Президент Администрацияси шўъба мудири Саида Мирзиёева БМТнинг сув ресурслари бўйича конференциясида сўзга чиқиб, «Орол маданияти саммити» лойиҳасини тақдим этди. «Санъат, дизайн ва маданият Оролбўйидаги муаммолардан хабардорликни оширишда ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин», — деди у.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон Марказий банкининг асосий ставкани 1 фоиз бандга тушириши ортидан аҳоли истеъмоли ошиши, кредит ҳажми ўсиши кутилмоқда. Бунинг натижасида базавий сценарийга нисбатан мамлакат ЯИМ 0,55 фоизга кўпаяди.
Ўзбекистонда газ қазиб олиш иккинчи ой кетма-кет пасаймоқда. Январь-февраль ойларида ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йил бошига нисбатан 8,2 фоизга озайган. Электр ва иссиқлик ишлаб чиқариш ҳам камайди.
Улуғбек Розуқулов яна «Ўзавтосаноат» компанияси бошқаруви раиси бўлди. У аввал бош вазир ўринбосари ва миллий авиакомпания раҳбари лавозимларида ҳам фаолият юритган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2023 йил учун закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдорини эълон қилди.
Халқаро молия корпорацияси Сирдарёда 1580 МВтли ИЭСни қуриш учун 150 млн доллар ажратди ва 1 млрд доллардан ортиқ хусусий молиялаштиришни жалб қилди. Станция газда ишлайди ва бутун мамлакат бўйлаб электр энергиясига бўлган талабнинг 17 фоизини қондириши кутилмоқда.
Тошкент метроси Ер усти ҳалқа йўлининг Қўйлиқ-Сергели йўналишида қуриб битказилган 5 та бекатда синов тариқасида поездларнинг техник қатнови бошланди.
Андижон вилояти Асака тумани собиқ ҳокими Мансур Алихоновга нисбатан 3 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, туманнинг икки мансабдорига ҳам суд ҳукми ўқилди.
UzAuto мутахассислари компаниянинг иқтисодий муваффақиятлари ҳақида гапириб берди.
Ўзбекистонда аҳоли пунктларидан ташқаридаги йўлларда қоидабузарликлар, қидирувдаги машиналарни аниқлаш учун дрондан фойдаланиш ва уни сақлаш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганиш таклиф қилинди. ИИВ ва бошқа қатор ташкилотлар уни ўрганиб, 1 октябргача Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.
1 апрелдан барча турдаги маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш учун 15 фоизлик субсидия берилади, импорт қилинадиган техникалар 3 йил муддатга божхона ва утилизация йиғимларидан озод қилинади. Ускуналар харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратилади.
Сурхондарё вилояти Ангор туманида ўқитувчиларга «Ташаббусли бюджет» учун овоз йиғишга мажбурий топшириқ берилгани айтилмоқда. Ҳилола Умарова ўқитувчиларни овоз йиғишга мажбурлашга йўл қўйилмаслигини маълум қилди. Вазирнинг таъкидлашича, ҳолат бўйича ўрганиш ишлари бошланган.
Арнасой туманида жанжал сабаб эр аёлини ошхона пичоғи билан ўлдирди, кейин эса ўзини жароҳатлади. Суриштирувларга кўра, жанжал рашк сабаб содир бўлган.
Тожикистонда 23 мартга ўтар кечаси содир бўлган зилзилаларда 3 киши енгил жароҳат олди. Ерости силкинишлари сабабли камида 60 бош чорва нобуд бўлди.
Қозоғистон апрелдан Россияга реэкспорт қилиш учун мамлакат орқали ўтадиган товарларни кузатишни бошлайди, деб ёзади Financial Times. Бу чора-тадбирлар Ғарбнинг хорижий компания ва шахсларнинг Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беришига йўл қўймаслик истаги фонида кўрилаётгани таъкидланди.
«Ўзавтосаноат» вакиллари компания Янги Ўзбекистонда қандай натижаларга эришгани ҳақида гапириб берди.
Осиё футбол конфедерациясининг юридик қўмитаси раисига Ўзбекистон МОҚ бош котиби Ойбек Касимов ўринбосар бўлди. ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов эса ҳакамлар қўмитаси раисига ўринбосар этиб тайинланди.
Ўзбекистонда энди маҳкумларни манзил-колониядан умумий тартибли колонияга, умумий, қаттиқ ёки махсус тартибли колониялардан — турмага ўтказиш суд томонидан ҳал этилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг