Москвадан Гоага учаётган «Аэрофлот» самолёти зўравон йўловчи туфайли Урганчга фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. У рейсдан чиқариб ташланди.
Суд «Ҳудудгаз Тошкент» корхонасининг собиқ директори Музаффар Алиевни гаров эвазига озод қилди. У декабрь ойида Ўзбекистондаги энергетика инқирози вақтида ҳибсга олинган эди.
Ўзбекистонда аномал совуқ сабаб газ-заправкалар ёпилиб, ҳудудларда транспорт муаммоси юзага келди. Қорақалпоғистонда кўнгиллилар ташаббус кўрсатиб, йўлда қолиб кетганларни бепул ташимоқда. Дастлаб Нукусда бошланган бу ҳаракат ҳозирда Хўжайли, Қонликўл, Чимбой ва бошқа туманларда ҳам оммалашган.
Боёвут туманидаги уйларнинг бирида газ портлаши оқибатида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса сабаб 2 киши жароҳат олиб, касалхонага юборилди.
Пойтахтдаги қурилиш фирмаларининг бирида 20 нафар ишчи овқатдан заҳарлангани аниқланди. Улар тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага олиб борилган. СЭС хабарига кўра, ҳозирда беморларнинг аҳволи қониқарли.
Uzbekistan Airways компанияси талабалар учун авиақатновларга бериладиган 50 фоизли чегирма муддатини 23 январга қадар узайтирди.
2 февралдан Тошкент-Новосибирск йўналишидаги халқаро поезд ҳаракати қайта тикланади. Йўналиш қатнови 2020 йилда пандемия сабабли тўхтатилган эди.
USAID Самарқандда мигрантлар ва уларнинг оилалари учун иккинчи ахборот-маслаҳат марказини очди. Марказ хорижда одам савдоси билан шуғулланувчилар тузоғига тушиб қолмаслик учун тренинглар ўтказади ҳамда қайтиб келган мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳуқуқий маслаҳат ва касб-ҳунар ўргатади.
Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форумида салкам 5 млрд долларлик шартномалар имзоланди. Президент Сингапур компанияларини Ўзбекистонда хусусийлаштириш, шаҳар, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқа дастурларда иштирок этишга чақирди. Уларга кўмак чораларини тақдим этишга тайёрлигини билдирди.
Зиёвуддин Мирсодиқов «Вақф» хайрия жамоат фонди раиси этиб тайинланди. У шу пайтга қадар Тошкент шаҳридаги «Бўта бува» жоме масжиди имом-хатиби вазифасида фаолият юритган.
Бешариқ тумани ва Фарғона шаҳрида юз берган ЙТҲларда икки нафар фуқаро вафот этди, бир киши жароҳатланди.
Афсонавий цирк устаси Ҳаким Зарипов 99 ёшида вафот этди. У 80 йил давомида цирк манежида от устида томоша кўрсатиш билан шуғулланиб келган.
Президент суд тизимини сифат жиҳатидан яхшилаш учун тузилган 3 йиллик стратегияни тасдиқлади. Унга кўра, судлар фаолияти тўлиқ рақамлаштирилади. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасида қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти очилади.
Киев вилоятида юз берган вертолёт қулаши оқибатида Украина ички ишлар вазири, унинг биринчи ўринбосари ва давлат котиби ҳалок бўлди. Ҳозиргача 17 кишининг, жумладан, икки нафар боланинг вафот этгани маълум — вертолёт болалар боғчасининг олдига қулаган.
Олимлар Ўзбекистондаги Тешиктош ғоридан топилган неандертал боланинг кўринишини намойиш этди. Бу биринчи бор 3D-реставрация ёрдамида тошга айланган одам бош суягини компьютерда тикланиши.
Тошкент шаҳрида кўча-йўл тармоғининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, тирбандликлар юзага келишининг олдини олиш ва уларнинг сонини кескин камайтириш режалаштирилмоқда. Хусусан, пойтахтнинг марказий кўчаларида ҳаракатланаётган енгил машиналар сони 20 фоизгача қисқартирилади.
Қишки таътил кунлари узайтирилиши муносабати билан Тошкент-Термиз ва Тошкент-Урганча йўналишида 21−22 январь кунлари қўшимча поезд қатновлари йўлга қўйилади.
Жарқўрғон туманида 2 шахс нодавлат университет очиб, 18 кишининг 152,9 млн сўмини олиб, ўз эҳтиёжига ишлатиб юборганликда гумонланмоқда. Деновда эса яна бир фуқаро ўқишга киритиб қўйиш учун пора олгани айтилмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши очилди.
Маданият ва туризм вазири ўринбосари Улуғбек Азамов Болгария туризм вазири Илин Димитров билан учрашди. Томонлар икки мамлакат ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш ва тадбиркорлик субъектлари алоқаларини ўрнатиш юзасидан музокаралар олиб борди.
Тижорат банклари 18 январь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 290 — 11 345 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса аксарият банкларда 11 375 сўм.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг