Пойтахт аэропортининг божхонаси Мисрдан учиб келган аёлдан Нил тимсоҳи, игуана ва питон болаларини олиб қўйди. Нотўғри ташилгани сабаб жониворларнинг аҳволи қониқарсиз. Ушбу судралиб юрувчиларнинг умумий баҳоси тахминан 77 млн сўм экани айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида кўтарма кран қулагани ҳақида хабарлар тарқалди. ФВВ ҳодиса Сергелида юз берганини маълум қилди. Сергели ҳокимлиги кран қулаган вақтда унда одам бўлгани ҳақидаги гап-сўзларни рад этди. Қурилиш масъулларига кўра, қулаган кран энди утилизация қилинади.
ИИВ «халқаро террорчилик ташкилотлари таъсирида» 2021 йили Сурияга бориб, у ерда жанговар тайёргарликдан ўтган икки фуқаро қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилганини маълум қилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, улар «Ўзбекистонга қарши ўта оғир жиноятларни содир этганликда» айбланмоқда.
Касаба уюшмалари федерациясида болаларни соғломлаштиришга кўмаклашувчи жамғарма ва департамент очилади. Уюшма аъзоларининг фарзандлари дам олиши учун харажатларнинг 600 минг сўми шу жамғармадан қопланади. Маҳаллий бюджетнинг прогноздан ортган қисмидан 10 фоизи ҳар чоракда жамғармага ўтказилади.
Сенатнинг 19 ноябрдаги мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Шухрат Полванов Олий суд раиси ўринбосари этиб сайланди. Шу мажлисда Гулнора Мирзаева, Абдикамал Абдикаримов ва Аскар Бекманов Олий суд судьялигига сайланди.
Тошкентда Assalom Havo турар жой мажмуаси қурилиши режалаштирилган майдонда 16 та дарахт ноқонуний кесиб ташланган. Объект қурувчиси сифатида Yangi Zamon Bino компанияси кўрсатилган, унинг ҳаммуассисларидан бири — «Ўзбекистон темир йўллари»дир. Етказилган зарар 3,5 млрд сўмга баҳоланмоқда.
Жума куни Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 92 та ҳолат қайд этилди, ушбу ҳолатларининг 71 таси Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган. Бир кун аввал 69 кишининг коронавирусга қарши топширган тести мусбат натижани берганди.
Фольгада пиширилган балиқ, рангдор гулмоҳи балиғидан стейк, балиқли котлетлар, помидор ва тунец балиғидан тайёрланган паста, тунец балиғидан салат ва бошқалар — Zira.uz ноодатий таомларни хуш кўрувчилар учун балиқдан тайёрланган таомлар рецептлари рўйхатини тақдим этади.
Якшанба куни Қозоғистонда навбатдан ташқари президент сайлови бўлиб ўтади. Бу сафар қозоқ халқида барча номзодга қарши овоз бериш имконияти ҳам мавжуд. Қозоғистон давлат маслаҳатчиси Эрлан Карин журналистлар билан учрашувда мухолифатни «мазкур сиёсий ўзгаришларнинг ҳаммуаллифи» деб атади.
18 ноябрь куни Salam Air авиакомпанияси Маскат-Наманган-Маскат йўналиши бўйича янги парвозлар қатновини йўлга қўйди. Жума куни компаниянинг А-320 русумли самолёти Намангандан Маскат шаҳрига 184 нафар йўловчини олиб кетди.
Президент «Яшил макон» лойиҳасини кенгайтиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда атмосфера ҳавоси ифлослангани ҳақида ҳам сўз борди. Кўчатлар экиш ва парваришлаш жараёнларига Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ягона масъул ташкилот этиб белгилаш таклиф этилди.
Россиянинг Тамбов вилоятида қиз болани ўлдирганликда гумон қилиниб 25 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Қизнинг пичоқланган жасади Москвада топилган. Бир кун олдин жабрланувчи полицияга қўнғироқ қилиб, таъқиб этилаётгани ҳақида хабар берган.
Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари кўмагида рақамли тармоқлар, жумладан, сув ости ва ер усти оптик толали кабеллар ҳамда ҳимояланган космик алоқа тизимларини ўрнатиш бўйича Европа билан ҳамкорлик қилишга тайёр, дея маълум қилди ташқи ишлар вазири Владимир Норов.
Бош прокуратура охирги 3 йилда 464 та спорт муассасасида давлат бюджетидан ажратилган 27 млрд сўм маблағ талон-торож қилинганини қайд этди. Шундан 10 млрд сўми ундирилиб, 431 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Ҳолатлар бўйича 66 та жиноят иши қўзғатилди.
АҚШ элчиси Жонатан Хеник Ўзбекистондаги хорижий инвесторлар учун тўсиқлар ва имкониятларни санаб ўтди. «Очиғини айтаман, қонун устуворлиги, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва коррупция билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам мавжуд, бироқ плюслар орасида ўқимишли мутахассислар ва катта бозор бор», — деди у.
Самарқанд туманида 26 ёшли аёл қайнонасига «аччиқ қилиб», ўзи ва болаларини сувга ташлади. Оқибатда болаларнинг икки нафари ҳалок бўлган. Воқеадан сўнг вилоят ИИБ бошлиғи иштирокида ўтказилган йиғилишда «маҳалла мутасаддиларининг фаолияти қониқарсиз» деб баҳоланган.
Жума куни бўлиб ўтган Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида молия вазири Тимур Ишметов 2023 йил 1 январдан давлат харидлари портали янги шаклда ишга тушишини маълум қилди. Мажлисда вазир давлат бюджетини шакллантиришда барча вазирлик ва идораларни интизомли ҳаракат қилишга чақирди.
Сенаторлар ўзбек-қирғиз чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунларни маъқуллади. Ушбу қонунлар парламент қуйи палатаси томонидан 14 ноябрь куни қабул қилинган эди.
Афғонистондан Ўзбекистонга ўтган йили олиб ўтилган ҳарбий авиатехника келажагига доир музокаралар ҳамон давом этмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги янги элчиси Жонатан Хеник маълум қилди. «Бу борада қарор қабул қилинганича йўқ», — деди у.
Президент қарори билан 2023 йил 1 январга қадар қурилиш объектларини рўйхатга олишдан бошлаб, фойдаланишга қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар рақамлаштирилади. «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг мобил иловаси яратилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг