Экзит-полл натижаларига кўра, 20 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президент сайловида Қосим-Жомарт Тоқаев ғалаба қозонди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали мулоқот чоғида уни сайловдаги «ишончли ғалаба» билан табриклади.
Тижорат банкларида 21 ноябрь куни доллар 11 130 — 11 250 сўм оралиғида сотиб олинмоқда, сотиш эса 11 240 — 11 270 сўмни ташкил этади.
2022 йил охиригача Stroymart компанияси Ibn Sino Savdo Markazi ҳудудидаги тижорат кўчмас мулкларини харид қилиш орқали 1 млрд сўм ютиб олиш имкониятини тақдим этади.
Узоқ йиллар аввал Владимир Жонибеков ўзи билан коинотга пахта чигитини олиб чиққан эди. Фақат ҳозир, парвоздан қарийб 40 йил ўтгачгина, бу уруғлардан янги нав яратилди ва унга патент олинди. Бу ҳақда олим Шодмон Намозов «Газета.uz»га маълум қилди.
Ўзбекистон ва Россия терма жамоаси Тошкентда бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувида дуранг ўйнади. Ўйин голларсиз якунланди.
Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонасида ташкил этилган участкада 621 нафар сайловчидан 591 нафари овоз берди. Сайловда қатнашганларнинг тахминий кўрсаткичи 69 фоиздан кўпроқни ташкил қилди, энг юқори — Жетису вилоятида, энг ками эса — Олмаотада — 28,7%. Остонада эса 48,6% сайловчи иштирок этди.
Андижон шаҳар 3-кичик даҳасида жойлашган кўп қаватли уйнинг том қисмида ёнғин содир бўлди. Ёнғинни бартараф этиш учун 12 та экипаж ва 3 та автонарвон жалб этилди. Воқеа жойига вилоят ҳокими борди. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги айтилмоқда.
Самарқандда Хитой фуқароси боғланган итни темир бўлаги билан уриб ўлдирди. Вилоят ИИБ унга нисбатан маъмурий жазо қўлланилганин маълум қилди. Аввалроқ сенаторлар ҳайвонларга шафқатсиз муносабат учун жиноий жавобгарлик белгилашни маъқуллаганди.
Ангрен шаҳри ҳокими Алишер Раимов ҳудудда қурилаётган Президент мактаби таъминотчилари билан мулоқот чоғида ҳақоратли сўзлар ишлатган. Тошкент вилояти ҳокимлигининг Одоб-ахлоқ комиссияси вилоят ҳокимидан Раимовга чора кўришни сўради. Унинг ўзи қилган ишидан «минг пушаймон»лигини билдирди.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Парижда бўлиб ўтган бизнес-форумда фақат француз компаниялари учун алоҳида саноат зонасини ажратиш, уларга имтиёзлар бериш ва маҳсулотларни харид қилишни кафолатлашга тайёрлигини маълум қилди. У ҳамкорликнинг бешта йўналишини санаб ўтди, жумладан, автомобилсозлик.
Сирдарё вилоятида Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси томонидан қурилган қуввати 220 МВт газ-поршенли иссиқлик электр станцияси ишга туширилди. ИЭС 20 ноябрдан электр тармоқларига энергия етказиб беришни бошлади. У йилига 1,7 млрд кВт/соат энерги ишлаб чиқариш мумкин.
Қизириқда ерлари кластерга олиб берилган 14 нафар фермер ва ИИО ходимлари ўртасида можаро келиб чиқди. ИИВ воқеа иштирокчилари ўзларини трактор остига ташлаш, бир-бирига шикаст етказишга уринмоқчи бўлганини маълум қилди. Депутат Кушербаев фермерлар Олий судда ғалаба қозонганини айтди. Муносабатлар.
Германияда тадбиркор Алишер Усмонов устидан олиб борилаётган тергов Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик муносабатларни кескинлаштирди, дея хабар қилди Spiegel журнали.
Тошкентнинг Яшнобод туманида қимматбаҳо дарахтларнинг ноқонуний кесиб ташланиши оқибатида ўсимлик дунёсига зарар етказилганди. Депутат Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, қурувчи ташкилотдан 3,5 млрд сўм маблағ ундирилди, 200 туп дарахт ҳам эктирилмоқда.
Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсат тамойиллари, қулай сармоявий муҳити, табиий ресурсларнинг кўплиги, «имтиёзли пакетлар» ва бошқа афзалликлари туфайли француз сармояси учун мақбул манзилга айланиши мумкин, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Парижда бўлиб ўтган бизнес-форумда.
Навоий вилояти солиқ бошқармасининг икки ходими пора билан ушлангани хабар қилинди. Улар солиқ текшируви натижасини тадбиркор фойдасига ижобий ҳал қилиш учун 10 минг доллар талаб қилган. Ходимларга «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тошкентдаги Кичик ҳалқа йўлининг Қатортол кўчаси билан кесишмасидан Фарҳод кўчаси билан чорраҳасигача бўлган оралиғи 20−22 ноябрь кунлари қисман ёпилади. Бу вақтда йўл таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Veolia Energy Tashkent бош директори Александр Хасти оилавий сабабларга эгаллаб турган лавозимини тарк этди. Унинг ўрнига Алишер Хайтметов корхона бошлиғи вазифасини бажарувчи бўлди.
Шаҳидлар хотираси хиёбонида 19 ноябрь куни 20 ёшли аёл ўзини Бўзсув каналига ташлади. Уни икки нафар Миллий гвардия ходими сувдан олиб чиқиб, қутқарган. Ҳозирда аёл ҳушига келган, аҳволи барқарор.
Пойтахт аэропортининг божхонаси Мисрдан учиб келган аёлдан Нил тимсоҳи, игуана ва питон болаларини олиб қўйди. Нотўғри ташилгани сабаб жониворларнинг аҳволи қониқарсиз. Ушбу судралиб юрувчиларнинг умумий баҳоси тахминан 77 млн сўм экани айтилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг