Андижонга Хитойдан кондиционер ва кузатув камерали 14 та янги автобус келтирилди. Улар 70 йўловчини ташиш имконига эга.
Ўзбекистонда майнерлар учун мажбурий рўйхатдан ўтиш, электр энергиясига оширилган тарифлар ва бошқа талаблар жорий этилмоқда. Фақатгина компаниялар майнинг билан шуғулланиши мумкин. Тўлов воситаси сифатида криптовалютадан фойдаланиш тақиқланади.
Ҳукумат қарори билан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди. Унга кўра, имтиҳонлар аниқ ва табиий фанлар, инглиз тили ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича ўтказилади.
«Юксалиш» ҳаракати Ўзбекистонда 9 май санасини сиёсий тус бермасдан, вазмин ҳамда жамият қадриятларидан келиб чиққан ҳолда нишонлашни сўради. Ҳаракат ушбу сана жамият учун тинчликнинг қадрига етиш куни сифатида қадриятга айланиб қолганини эслатиб ўтди.
Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги ШҲТ саммитига раислиги доирасида 19−20 май кунлари Тошкентда ташкилотга аъзо давлатларнинг туризм соҳаси мутасаддилари иштирокида туристик форум бўлиб ўтади.
Қибрай туманида икки компания суғориладиган иккита ер майдонида ноқонуний қурилиш ишлари олиб борди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, етказилган зарар 1,8 млрд сўмдан ортиқ деб баҳоланди.
Чирчиқда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган «Дог биатлон» мусобақаси бошланди. Унда Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, ДХХ Чегара қўшинлари, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитасининг отрядлари ўз хизмат итлари билан қатнашмоқда.
Россиялик миллиардер Алишер Усмонов ЕИ кенгашининг унга нисбатан санкциялар қўллаш ҳақидаги қарорини бекор қилишни талаб қилиб, Европа судига даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари телефон орқали мулоқоти давомида бир-бирини Рамазон ҳайити билан табриклаб, икки томонлама ҳамкорлик ва Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди. Қолаверса, Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни Ўзбекистонга таклиф қилди.
Чоршанба куни кечқурун кучли ёмғир туфайли Тошкент шимоли-шарқида кўча ва ҳовлиларни сув босди. Маълум қилинишича, пойтахт ҳокими ва бошқа мутасаддилар тошқин оқибатларини бартараф этиш ишларини кузатган.
Пойтахтнинг Чилонзор туманида корхона раҳбари фуқарони 4 минг доллар эвазига Швеция давлатига ишга юборишни ваъда қилиб, ундан сўралган сумманинг 2 мингини олган вақтида ушланди.
Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилган маҳаллий туристлар учун кешбэк Туризм вазирлигининг электрон платформаси орқали тўлаб берилади. Бунда туристлардан сафар давомида авиа, темир йўл ёки автомобиль транспорти ва турар жой хизматларидан фойдаланиш, қолаверса, маданият ташкилотларига ташриф буюриш талаб этилади.
Чоршанба куни Қамчиқ довонида кузатилган сел оқибатида тоғ ўпирилиб тушди. Бунинг оқибатида 5 май кунига мўлжалланган Тошкент-Андижон-Тошкент йўналишидаги поезд ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Фарғона ва Наманганга қўшимча авиарейслар йўлга қўйилди.
7 май, шанба ҳафтасига неча кун ишлашидан қатъий назар барча ходимлар учун иш куни ҳисобланади. 14 май эса дам олиш куни сифатида белгиланди. Қолаверса, ўзбекистонликлар 8−9 май кунлари кетма-кет икки кун дам олади.
УЕФА Чемпионлар лигаси финалида Англиянинг «Ливерпуль» клуби Испаниянинг «Реал Мадрид» клубига қарши майдонга тушади. Финал ўйини 28 май куни Париждаги «Стад-де-Франс» стадионида бўлиб ўтади.
Май-июль ойларида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида фуқаролар муаммолари билан ишлаш учун сайёр қабуллар ташкил этилади. 20 дан ортиқ вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этадиган қабуллар Фарғона вилоятидан бошланади. Қабул кунлари ва манзиллар.
ДХХ ва божхона ходимлари «Самарқанд» халқаро аэропортида 1,5 млн рублни расмийлаштирмасдан Ўзбекистондан олиб чиқмоқчи бўлган фуқарони қўлга олишди.
4 май куни кучли ёғингарчилик оқибатида Жиззах вилояти Зомин туманидаги айрим уйлар ва йўлларни сув босди. ФВВ қутқарувчилари сувда оқиб келаётган 20 ёшли фуқарони қутқариб қолишган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши.
6−8 май кунлари Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонанинг орқа майдонида Tashkent Flower Fest гуллар фестивали бўлиб ўтади. Уни безатиш учун 2 миллиондан ортиқ гуллардан фойдаланилади.
Умида Омонова Грециядаги шахмат бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам рапид, ҳам блиц бўйича ғалаба қозониб, мусобақани иккита олтин билан тугатди. Ҳумоюн Бекмуродов эса «Open12» гуруҳида иккала йўналишда ҳам кумуш медали соҳиби бўлди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг