Россиялик таниқли сиёсатчи, Россия Либерал-демократик партиясининг доимий раҳбари Владимир Жириновский вафот этди.
Сенат раиси Танзила Нарбаева коррупциявий жиноятларнинг ҳар учтадан биттаси соғлиқни сақлаш, таълим ва банк тизими ходимлари томонидан содир этилганини маълум қилди. Шунингдек, тўғридан-тўғри порахўрлик эмас, балки фирибгарлик йўли билан ўзгалар мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳолатлари кўпайгани айтилди.
Google trends маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар охирги бир йил ичида асосан Hyundai ва Kia автобрендлари ҳақида маълумот излашган. BMW`га асосан Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчилар қизиқса-да, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларида ҳам ушбу брендга қизиқиш катта.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига 2023 йилга қадар Ўзбекистон ташқи савдо операцияларини тартибга солишнинг вақтинчалик механизмларини жорий қилиш ваколати берилди. Қолаверса, «Ўзтрейд» ва «Ўзсаноатэкспорт»даги давлат улуши Экспортни рағбатлантириш агентлигига берилди. Бундан ташқари, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 500 минг долларгача кредитлар ажратилади.
Президент фармони билан 1 апрелдан маҳаллий корхоналарга Европа Иттифоқига юқори қўшилган қиймат маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларининг 70 фоизи, қўшни давлатларга ташишда эса харажатларнинг 50 фоизи компенсация қилинади. Қолаверса, божхона омборида 6 ой турган товарларга имтиёз қўллашни тақиқловчи тартиб ҳам бекор бўлди.
Москвадаги турар жой мажмуаси қурилиш майдонида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари оммавий муштлашди. Жанжалга «аҳмоқ» деган сўз сабаб бўлгани айтилмоқда. Ўзбекистон элчихонасининг консуллик бўлими вазият назорат остида эканини маълум қилди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 41 нафар тожикистонлик ва 85 нафар ўзбекистонлик меҳнат мигранти ҳибсга олинганини маълум қилди. Уларнинг 20 нафарига нисбатан депортация қилиш чораси қўлланиши кутилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси мажлисида давлат органлари матбуот хизматлари фаолияти танқид қилинди. Жиззах вилоятидан бошқа барча ҳудудлар сайтида очиқ маълумотлар уч ойгача янгиланмагани таъкидланди. ОАВ ва жамоатчилик билан тизимли алоқаларни йўлга қўймагани учун Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев ва Андижон шаҳар ҳокими Бахромжон Ҳайдаров огоҳлантирилди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарори билан депутат Мурод Назаровнинг депутатлик ваколатлари муддатидан илгари тугатилди. У ўз аризасига кўра депутатликдан кетган.
Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими 2022−2025 йиллар давомида босқичма-босқич жорий қилинади. Биринчи босқич 1 сентябрдан бошланади.
Пойтахтнинг Чилонзор туманидаги ёқилғи қуйиш шохобчасида уч нафар ходим бензин паридан заҳарланиб, ҳушини йўқотди. Улар Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг токсикология бўлимига ётқизилган.
Метеорологлар март ойида Антарктидада рекорд даражадаги юқори ҳароратни (ўртача ойлик даражадан 40 даража юқори) ва қитъага хос бўлмаган ёмғирларни қайд этишди. Антарктидадан катталиги Рим ёки Нью-Йоркка тенг муз бўлаги ажралиб чиқди.
Тошкентнинг Олмазор туманидаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ва «Шон-шараф» давлат музейи таъмирланаётгани туфайли боғга кириш 30 апрелгача тўхтатилади.
Январь-март ойларида улгуржи истеъмолчилар томонидан 28 млн кубдан ортиқ табиий газ ноқонуний ишлатилгани маълум қилинди. Бу билан газ таъминоти корхоналари манфаатларига 25 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Оқолтин МФЙда фуқаролар ва ички ишлар ходимлари ўртасида зиддият юзага келди. Вилоят ИИБ фермер ўз дала майдонини шудгор қилаётганда аҳоли вакиллари қаршилик кўрсатганини маълум қилди. Фуқаролар эса фермер еридан аҳолига тарқатиляпти, деб эшитиб келганларини таъкидлади. «Халққаям ер берсин, болаларимиз Россияда ишсиз юрибди», — деди можаро иштирокчиларидан бири.
Йил бошидан буён Россиядан Ўзбекистонга 133 минг нафар меҳнат муҳожири қайтган бўлса, шундан 50 минг нафари март ойида келди, деб хабар қилди Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги. Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар ўртасида ўтказилган сўров респондентларнинг 60 фоизи ҳали қайтишни режалаштирмаганини кўрсатди. Шунингдек, Россияда иш ҳақини вақтида ололмаётган ўзбекистонликлар сони кескин ортгани айтилди.
Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон ҳудудидан ноқонуний юк олиб ўтмоқчи бўлган шахсларга қарата ўқ узди. Уларнинг икки нафари ҳалок бўлди, қолганлари Қирғизистон ичига қочиб кирган.
1 декабрдан қоидабузар ҳайдовчилар учун жарима балларини ҳисобланиши, ҳокимларга ўз ҳудудида радар ўрнатишга рухсат берилгани, жисмоний шахсларнинг тўлов ҳужжатларига СТИР ўрнига ЖШШИРни киритиши, 1 сентябрдан бошланадиган мактаб директорларини сертификатлаш тизими, «Газета.uz» да эълон қилинган мақолага муносабат билдирган Интеллектуал мулк агентлиги ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 5 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Forbes’нинг 2022 йилги миллиардерлар рейтингида SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск 219 млрд доллар билан 1-ўринни эгаллади. Франсуаза Беттанкур Майерс (74,8 млрд доллар) дунёнинг энг бой аёли бўлди. Шунингдек, Россиянинг Топ-15 миллиардерлари бойлигининг камайгани қайд этилди. Дунёнинг энг кўп миллиардерлари яшайдиган шаҳарлари ва давлатлари рўйхати ҳам эълон қилинди.
Олий суд муқаддам 6,5 йилга қамалган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийга оид жиноят ишига кассация тартибида берилган шикоятни кўриб чиқиб, ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.
The New York Times журналистлари Украинанинг Буча шаҳридан олинган сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилиб, тинч аҳолининг жасадлари кўчаларда март ойи ўрталарида, шаҳар ҳали Россия ҳарбийлари назорати остида бўлган пайтда пайдо бўлган деган хулосага келишди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг