19 ёшли Оливия Родригодан 44 ёшли Канье Уэстгача — Грэмми-2022 ғолиблари эълон қилинди
4 апрель 2022, 13:16

19 ёшли Оливия Родригодан 44 ёшли Канье Уэстгача — Грэмми-2022 ғолиблари эълон қилинди

Лас-Вегасда Грэмми мусиқий премиясининг 64-тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бруно Марс ва Андерсон Пакнинг «Leave The Door Open» композицияси «Йил қўшиғи» деб эътироф этилди. «Йил альбоми» бўйича ғолибликни Джон Батист қўлга киритди. Ғолиблар орасидан 19 ёшли Оливия Родриго ва камбэк қилган Канье Уэст ҳам ўрин олган. Қолаверса, маросимга видеомурожаат йўллаган Украина президенти Владимир Зеленский санъаткорлардан жимликни мусиқа билан тўлдиришни сўради.

Александр Вучич иккинчи муддатга Сербия президенти этиб сайланди
4 апрель 2022, 13:08

Александр Вучич иккинчи муддатга Сербия президенти этиб сайланди

Александр Вучич Сербия президентлиги сайловида ғалаба қозонганини эълон қилди. У сайловчиларнинг камида 60 фоизлик овозини тўплади. Шунингдек, Венгрияда ҳам парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда амалдаги бош вазир Виктор Орбан бошчилигидаги коалиция ғолиб бўлди.

Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳарорат 33 даражагача иссиқ бўлади
4 апрель 2022, 11:39

Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳарорат 33 даражагача иссиқ бўлади

Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйича ёз фасли каби қуруқ об-ҳаво кузатилади. Бу иқлимий меъёрдан +10 даражага юқори. 7 апрелда баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.

Оксана Чусовитина Жаҳон кубогида 2 та олтин ва 1 та кумуш медални қўлга киритди
4 апрель 2022, 11:20

Оксана Чусовитина Жаҳон кубогида 2 та олтин ва 1 та кумуш медални қўлга киритди

Спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогида Оксана Чусовитина 2 та олтин, 1 та кумуш медални қўлга киритиб, таяниб сакраш дастурида аёллар ўртасида мутлақ ғолиб бўлди.

Покистон бош вазири Имрон Хон лавозимидан озод этилди
4 апрель 2022, 11:06

Покистон бош вазири Имрон Хон лавозимидан озод этилди

Покистон президенти Ориф Алвий бош вазир Имрон Хон таклифига биноан мамлакат парламентини тарқатиб юборганди. Шундан сўнг, бош вазирнинг ўзи ҳам лавозимидан озод қилинди. Имрон Хон муваққат бош вазир тайинлангунга қадар мазкур лавозимда қолади. Мамлакатда парламент сайловлари 90 кундан сўнг ўтказилиши кутилмоқда.

Хоразмда 2 та ноқонуний майнинг ферма фаолияти аниқланди
4 апрель 2022, 10:57

Хоразмда 2 та ноқонуний майнинг ферма фаолияти аниқланди

Янгибозор туманида фуқаролар ўз хонадонида ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб, ноқонуний крипто-активлар майнинги фаолиятини юритиб келаётгани аниқланди. Натижада электр тармоқлари корхоналари манфаатига умумий ҳисобда 235,1 млн сўм зарар етган. Уларга нисбатан жиноят иши очилди.

«Толибон» бутун Афғонистон ҳудудида кўкнори етиштиришни тақиқлади
4 апрель 2022, 10:46

«Толибон» бутун Афғонистон ҳудудида кўкнори етиштиришни тақиқлади

«Толибон» ҳаракати бутун Афғонистон бўйлаб фермерларга кўкнори етиштиришни тақиқлади. Аниқланган ҳосиллар йўқ қилинади, қоидабузарлар эса шариат қонунларига асосан жазоланади.

Навоий ва Самарқандда 2 та университет ташкил этилди
4 апрель 2022, 10:10

Навоий ва Самарқандда 2 та университет ташкил этилди

Президент қарори билан Навоий давлат кончилик институти Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети этиб қайта ташкил этилди. Самарқандда эса ветеринария медицинаси институти негизида янги Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети очилди.

Зуҳриддин Қодиров қиличбозлик бўйича ўзбекистонлик биринчи жаҳон чемпиони бўлди
4 апрель 2022, 09:26

Зуҳриддин Қодиров қиличбозлик бўйича ўзбекистонлик биринчи жаҳон чемпиони бўлди

Зуҳриддин Қодиров БААда ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати финалида германиялик рақибини мағлуб этди. У Ўзбекистон қиличбозлари ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган илк спортчи бўлди. ЖЧда Зайнаб Дайибекова бронза медалини қўлга киритди.

Қозоғистонда президентга суиқасд уюштирмоқчи бўлган хорижий разведка агенти қўлга олинди
3 апрель 2022, 17:15

Қозоғистонда президентга суиқасд уюштирмоқчи бўлган хорижий разведка агенти қўлга олинди

Нур-Султон шаҳрида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) контрразведкаси мамлакат президентига суиқасд уюштиришни режалаштираётганликда гумон қилинган «хорижий разведка агенти»ни қўлга олди. Шунингдек, ушбу агент Қозоғистонда Россияга қарши ташвиқот олиб бориш ва жамиятда русофобик қарашларни шакллантириш вазифаларини олгани маълум қилинди.

Қирғизистонда Ўзбекистон томонидан қурилган мактаб очилди
3 апрель 2022, 12:21

Қирғизистонда Ўзбекистон томонидан қурилган мактаб очилди

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Марғун қишлоғида Ўзбекистон томонидан қуриб битказилган 3,5 млн долларлик 330 ўринли мактаб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон кўмагида Самарқандек қишлоғида ҳам мактаб қурилмоқда, Бобур номидаги Ўш ўзбек мусиқали-драма театри реконструкция қилинмоқда.

300 млн сўмлик қалбаки пулларни муомалага киритган жиноий гуруҳ қўлга олинди
3 апрель 2022, 11:22

300 млн сўмлик қалбаки пулларни муомалага киритган жиноий гуруҳ қўлга олинди

ДХХ Андижонда катта миқдорда қалбаки пулларни ишлаб чиқараётган шахсларни қўлга олди. Жиноий гуруҳнинг шу вақтгача 300 млн сўмдан ортиқ қалбаки пулларни Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида муомалага киритишга улгургани айтилмоқда.

«Биз Қримни ва Донбасни тан олмаймиз, чунки БМТ уларни тан олмайди» — Қозоғистон президенти администрацияси раҳбари ўринбосари
3 апрель 2022, 01:48

«Биз Қримни ва Донбасни тан олмаймиз, чунки БМТ уларни тан олмайди» — Қозоғистон президенти администрацияси раҳбари ўринбосари

Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади, дея маълум қилди Қозоғистон ПА раҳбарининг биринчи ўринбосари Тимур Сулейменов. Унинг қайд этишича, Қозоғистон зиддиятда қайсидир тарафни «на ҳарбий, на сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватламайди», бироқ Украинага инсонпарварлик ёрдамини кўрсатади. Шу билан бирга, Қозоғистон Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш учун восита бўлмайди ҳамда Россия ва Беларусга қўйилган чекловларга риоя қилади.

ТИВ ўзбекистонлик ҳайдовчилар Украинада ушлаб турилганига изоҳ берди
2 апрель 2022, 23:00

ТИВ ўзбекистонлик ҳайдовчилар Украинада ушлаб турилганига изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик юк ташувчи ҳайдовчиларнинг Мариуполь металлургия комбинатида ушлаб турилгани ҳақидаги мурожаати тарқалди. Ўзбекистон ТИВ улар ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан эвакуация қилингани ва ватанга қайтаётганини маълум қилди.

Тошкент ва Бишкек товар айланмасини $2 млрдга етказмоқчи
2 апрель 2022, 16:57

Тошкент ва Бишкек товар айланмасини $2 млрдга етказмоқчи

Ўзбекистон ва Қирғизистон товар айланмаси ҳажмини 2 млрд долларга етказишни режалаштираяпти. Икки давлат бош вазирлари Ўшда чегарадош вилоятлар ҳокимлари кенгашининг йиғилишида иштирок этди. Энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, трансчегаравий савдо ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар муҳокама қилинди.

Самарқанд тиббиёт институти университет сифатида қайта ташкил этилди
2 апрель 2022, 15:09

Самарқанд тиббиёт институти университет сифатида қайта ташкил этилди

Президент қарорига кўра, Самарқанд давлат тиббиёт институти университет сифатида қайта ташкил этилди. ОТМда бакалавриат битирувчилари учун поликлиникаларда 6 ойлик малакавий амалиёт кўринишидаги субординатура жорий этилади. Самарқанд вилояти Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари университетга бириктирилади.

Украинада 1276 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди — БМТ
2 апрель 2022, 14:43

Украинада 1276 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди — БМТ

24 февралдан 1 апрелга қадар Украинадаги уруш оқибатида 1276 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, яна 1981 киши яраланди. Бу БМТ томонидан тасдиқланган рақамлар, асл ҳолат бунданда кўпроқ бўлиши мумкин. Украина бош прокурори жума куни соат 8:00 ҳолатига жами 153 нафар бола ҳалок бўлгани ва 245 нафар бола жароҳат олганини қайд этди.

Fitch Ratings 2022 йилда Ўзбекистоннинг ЯИМ ўсиш суръати прогнозини 3,1% гача пасайтирди
2 апрель 2022, 13:32

Fitch Ratings 2022 йилда Ўзбекистоннинг ЯИМ ўсиш суръати прогнозини 3,1% гача пасайтирди

Fitch Ratings агентлиги 2022 йилда Ўзбекистоннинг реал иқтисодий ўсиш суръати прогнозини 3,1% гача пасайтирди. Прогнозларга кўра, мамлакатда инфляция даражаси 2022 йилда ўртача 12,7% ни, 2023 йилда ўртача 11,6% ни ташкил қилиши кутилмоқда. Агентлик Ўзбекистон суверен кредит рейтингини ВВ- (барқарор кутилма) даражада баҳолаган.

Оққўрғонда заҳарланган 25 нафар бола воқеасида 6 киши айбланмоқда
2 апрель 2022, 13:31

Оққўрғонда заҳарланган 25 нафар бола воқеасида 6 киши айбланмоқда

Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 5-сонли болалар боғчасида заҳарланган 25 нафар тарбияланувчи воқеаси бўйича 6 кишига нисбатан учта модда доирасида жиноят иши қўзғатилди.

Forbes: Франция Алишер Усмоновга алоқадор иккита вертолётни ҳибсга олди
2 апрель 2022, 12:58

Forbes: Франция Алишер Усмоновга алоқадор иккита вертолётни ҳибсга олди

Франция ҳукумати санкциялар остида бўлган миллиардер Алишер Усмонов билан боғлиқ бўлган иккита вертолётнинг фойдаланиш ҳуқуқини музлатиб қўйди, деб хабар қилди Forbes. Уларнинг нархи 26 млн долларга баҳоланмоқда. Тадбиркорнинг вакили Усмонов ўз мулкининг катта қисмини, шу жумладан ушбу вертолётларни қайтариб бўлмайдиган трастларга бериб юборганини маълум қилди.


"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг