Чоршанба куни президент БМТ бош котиби биринчи ўринбосари Амина Муҳаммадни қабул қилди. Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг Афғонистонда бардавом тинчликни таъминлашдаги саъй-ҳаракатлари эътироф этилди. БМТ вакили Танзила Нарбаева ҳамда Саида Мирзиёева билан ҳам учрашув ўтказди.
Президент «Реклама тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унга кўра, дарсликлар ва дафтарларда реклама бўлиши, миллий ва оилавий анъаналарга зид образлардан, машҳурлар ва тиббиёт ходимлари сиймосидан фойдаланиш, товар нархларини валютада кўрсатиш тақиқланади. Қолаверса, рекламаларда ёш таснифи кўрсатилади.
Президент ер майдонларини аукционга қўйишда сусткашликка йўл қўйган Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманлари ҳокимларига охирги марта «ҳайфсан» берди. Уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарларини ишдан олишга кўрсатма берилди.
Марказий Осиёга ташрифи доирасида БМТ бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад Ўзбекистонга ҳам келади. Сенат ва Ёшлар ишлари агентлигида музокаралар, шунингдек, Ўзбекистоннинг лидер аёллари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилмоқда.
Президент қарори билан 254 та спорт мактаби ва 56 та ихтисослаштирилган спорт мактаби ташкил этилди. 4 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар 6 босқичда сараланади ва профессионал спортга салоҳияти борларгина ихтисослаштирилган спорт мактабига қабул қилинади. Кейинги йилдан мактабларга 35 млрд сўм ажратилади.
Президент қарори билан Паралимпиячиларнинг матонат мактаби ташкил этилди. Қолаверса, Абдулла Қодирий кўчасида Паралимпиячилар боғи бунёд этилади. Метронинг янги бекатларидан бирига «Паралимпия ҳаракати» номи берилади, 2023 йилдан Тошкентда «Паралимпиячилар матонати» халқаро форуми ўтказилади.
Ҳукумат қарори билан Ботир Парпиев маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири маслаҳатчиси этиб тайинланди. Унинг лавозими мақом бўйича вазир ўринбосари лавозимига тенг.
Шавкат Мирзиёев Бразилиянинг шимоли-шарқий ҳудудларида юз берган сув тошқинлари оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан ушбу мамлакат президентига ҳамдардлик йўллади. Офат натижасида ҳалок бўлганлар сони 128 кишига етган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали мулоқотда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевни мамлакат Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум муваффақиятли ўтгани билан табриклади.
Мўғулистон Ўзбекистонга гўшт маҳсулотлари экспортини оширишни таклиф қилди. Ўзбекистондан Мўғулистонга эса озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми оширилади. Мамлакатлар ўртасидаги савдони ривожлантириш учун чартер рейслар йўлга қўйилиши мумкин.
Россиялик турист Полина Ермакова Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтганидан бир неча кун ўтиб Тошкентда дрон олиб киргани учун ҳисбга олинганди. Унинг сўзларига кўра, божхона ходими квадрокоптерни олиб киришга эътироз билдирмаган. Суд уни оқлади, бироқ дрон ундан тортиб олинди.
Президент ЕХҲТ раиси, Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рауни қабул қилди. Ўзбекистоннинг ЕХҲТнинг барча институтлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, демократик янгиланишлар, жумладан конституциявий ислоҳотни экспертлик жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш устувор аҳамиятга эга экани айтилди.
Тожикистон президентининг Ўзбекистонга ташрифининг иккинчи кунида Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Давлатлар етакчилари Урганчдаги қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи қўшма корхона фаолияти билан танишди (фото).
Давлат органларининг 18 турдаги маълумотномаларни сўраши бекор қилиниши ҳар йили қарийб 15 млн долларни тежайди ва 12 млндан ортиқ фуқарони бюрократиядан халос қилади, деди адлия вазири Русланбек Давлетов Гаагадаги форумда. У Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг «муваффақият учбурчаги» ҳақида гапирди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва президент Эмомали Раҳмон Зарафшон дарёсида Яван 140 МВт қувватли ГЭС қурилишига старт бердилар.
Тор доирадаги музокараларда Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, логистика ва транзит салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, сув-энергетика лойиҳаларини амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Уни Тошкент халқаро аэропортида президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров фракция аъзолари ЙПХ ходимини суратга олишни тақиқловчи қонун лойиҳасини бошқа нормалар борлиги учун ҳам қўллаб-қувватлаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, низоли ҳолатда ЙПХ ходимини тасвирга олишни ҳеч ким тақиқламоқчи эмас. Партия депутатлари эса мазкур нормани қонундан чиқариб юбориш кераклигини, ички ишлар ходимлари қасддан фуқароларни айбдор қилишга уринганида ўзини ҳимоя қилиш учун ҳам видеога олиш зарурлигини таъкидлашди.
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида Сенат болалар учун ўз эшикларини очди. Меҳрибонлик уйлари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар тарбияланувчилари, иқтидорли болалар қонунлар қабул қилиш жараёни билан яқиндан танишди.
ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау Ўзбекистонга ташриф буюради. У президент, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва парламент палаталари раҳбарлари билан учрашади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг