Қозоғистон президентининг фармони билан мамлакатда фавқулодда ҳолат режими 11 май кунига қадар узайтирилади. Ҳукумат иккинчи ой учун даромадларини йўқотган фуқароларга 42 500 тенге миқдорида ёрдам беришини, 1 майдан пойтахт ва Олмаота ўртасида авиарейслар тикланишини ҳамда бир қатор туман ва шаҳарларда карантин режимини юмшатилишини маълум қилди.
Корея Республикаси томонидан юборилган инсонпарварлик ёрдамининг биринчи қисми Тошкентга етиб келди. Унда умумий қиймати 900 минг долларга яқин юқори технологик тиббий ускуналар, автомат механизмли тиббий каравотлар ва ПЦР диагностика тест тизимлари жой олган.
Ҳукумат қарори билан Фахриддин Бобоев «Ўзчармсаноат» уюшмасининг раиси этиб тасдиқланди. У раис вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Геология, нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Беҳзот Нарматов энергетика вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.
Эркин Хамраев ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
Президент қарори билан Жамол Носиров маданият вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали мулоқотда Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғанни Рамазон бошланиши, шунингдек, давлат байрами — Миллий суверенитет ва болалар куни билан табриклади.
Президент фармони билан прописка тизими тубдан ислоҳ қилинади. Хусусан, 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкка эга бўлишда фуқародан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш талаб этилмайди, пойтахтда рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 15 кунга узайтирилади. Шунингдек, ягона «Манзил» автоматлаштирилган ахборот тизими йўлга қўйилади.
Хоразм вилоятида янги ташкил этилган Тупроққалъа туманига ҳоким, прокурор, ИИБ, ДСИ бошлиқлари тайинланди.
Нарзулло Обломуродов Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Исломбек Боқижонов эса раис ўринбосари этиб тайинланди.
Regulation.gov.uz порталига давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан автоматик равишда ўчирилади. Бу ҳақда огоҳлантириш 20 апрелдан жойлаштирилган.
Шавкат Мирзиёев Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақалари бўйича вице-президенти Сирил Мюллерни «Дўстлик» ордени билан мукофотлади.
Европа кенгаши президенти Шарль Мишель коронавирусга қарши курашишда Ўзбекистонга молиявий-техник кўмак ажратиш тўғрисида қарор қабул қилингани тўғрисида хабар берди.
Ўзбекистонда бир қатор ҳужжатларнинг амал қилиш муддати автомат равишда 1 июнгача узайтирилди. Муддати ўтиб кетгани учун ҳужжат эгаларига нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.
Самарқанд вилоятининг Оқдарё ва Жомбой туманларида янги ҳокимлар тайинланди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида бюджетдан ташқари «Обод ва хавфсиз маҳалла» жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма маблағлари «хавфсиз маҳалла» тамойилини жорий этиш, эҳтиёжмандларни моддий қўллаб-қувватлаш ва фуқаролар йиғинларини моддий-техник жиҳозлаш каби мақсадларда сарфланади.
Cotton Campaign Ўзбекистон пахтасига бойкот ҳозирча бекор қилинмаслигини билдирди. Коалиция мамлакатда ҳали мажбурий меҳнатга барҳам берилмагани ҳамда ишчиларни ҳимоя қилишда қўшимча кафолатларга эҳтиёж сезилаётганини қайд этиб ўтди.
Президент фармони билан, Жамоатчилик палатаси ташкил этилади. 50 нафар аъзодан иборат Жамоатчилик палатасининг раиси мақомига кўра вазирга тенглаштирилади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Cotton Campaign коалициясини ўзбек пахтасидан бойкотни олиб ташлашга чақирди. Вазир ўз мурожаатида ўзбек матоларидан тайёрланган ниқоблар, жарроҳлик халатлар ва бошқа турдаги шахсий ҳимоя воситалари глобал танқисликни ҳал қилишда ёрдам беришини таъкидлаб ўтди.
Николай Дорошенко Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди. У олдин Қирғизистонда элчи бўлиб ишлаган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг