Ўзбекистон ва Туркия президентлари ҳукуматлар олдига товар айирбошлаш ҳажмини 5 млрд долларга етказиш вазифасини қўйди, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш ва рақамлаштириш, хавфсизлик ва мудофаа соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.
Туркия пойтахти Анқарада Ўзбекистон раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг тор доирадаги музокаралари бошланди. Фото.
Президент Анқара шаҳридаги Turkish Aerospace Industries компанияси фаолияти билан танишди. У 2023 йилда дунёдаги энг йирик 100 та мудофаа компанияси рўйхатига кирган. У ерда қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда авиация парвозлари намойиши ҳам ўтказилди. Фото.
Россия президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёевга Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига нисбатан Ўзбекистоннинг «нейтрал ва ўта мувозанатли» сиёсати учун миннатдорлик билдирди.
Таиланд ОАВ 1 июндан 36 та давлат (жумладан, Ўзбекистон) учун визасиз режим жорий қилиниши ҳақида ёзганди. Ўзбекистон ТИВ бу бўйича Таиланд ҳукумати қарори борлиги, аммо ҳали расман маълумот берилмаганини маълум қилди. Таиланддан расмий нота олиниши билан қўшимча хабар берамиз, дейилади хабарда.
БМТ Бош ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган «Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этишда ягона фронт бўлиб ҳамкорлик қилишга тайёрлиги» резолюциясини маъқуллади.
Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов лавозимини тарк этади. У Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази директори этиб тайинланиши кутилмоқда.
Президент расмий ташриф билан Туркияга учиб кетди. Давлат раҳбари Анқарада Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилишида иштирок этади.
Шавкат Мирзиёев Макка шаҳрида бўлиб турган Мусулмонлар идораси раиси Нуриддин Холиқназар билан телефонда мулоқот қилди. У муфтийдан фуқароларнинг шароити, саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради, Ўзбекистонга қайтгач, «ҳожилар ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлишларига» умид билдирди.
Бухоро ҳудудини 3831 гектарга кенгайтириш режалаштирилмоқда. Шаҳарда «Янги Ўзбекистон» массиви ва «жуда баланд бўлмаган стела»ли истироҳат боғи, тарихий обидалар макетлари, рақамли панорама ва бошқа объектлар қурилади. Президентга шаҳарни 2045 йилгача ривожлантириш концепцияси тақдим этилди.
Сабине Маҳл БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори этиб тайинланди, у бу лавозимда 1 июндан иш бошлади. Тайинловга қадар у 2019 йилдан бери БМТнинг Грузиядаги доимий вакили эди, Индонезия, Фаластин ва Қирғизистондаги БМТ Аёллар бўлимларига раҳбарлик қилган, шунингдек, ЕХҲТда ишлаган.
Шавкат Мирзиёев туризм соҳасидаги тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди. Президент туроператорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ҚҚСни субсидия шаклида қайтариш муддатини узайтириш, пенсиядаги сайёҳлар учун алоҳида виза режимини жорий этиш бўйича топшириқлар берди ва бошқа масалаларни муҳокама қилди.
Зиядулла Каримов Сирдарё вилоятининг Сардоба туманига ҳоким бўлди. У бунга қадар Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни Туркияга расмий ташриф билан боради. У ерда Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши ва икки мамлакат етакчи компаниялари раҳбарларининг биринчи қўшма учрашувини ўтказиш режалаштирилган.
Президент ўтказган йиғилишда Тошкент шаҳри ҳокимининг туризм бўйича ўринбосари Фахриддин Давруков лавозимидан озод этилди. Пойтахт ҳокимлиги туризм масаласида ташаббус билан чиқмаётгани танқид қилинди. Бош вазирга туризм бўйича ҳар бир ҳоким ўринбосари ишига баҳо бериш топширилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Таиланд ва Филиппиннинг янги элчиларидан ишонч ёрлиқлари қабул қилиб олинди. ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Филиппин билан «фойдаланилмаган улкан салоҳиятлар» борлигини таъкидлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, академик Акмал Саидов 2025—2028 йилларга мўлжалланган БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди. БМТнинг мазкур органига Ўзбекистондан биринчи марта вакил сайланди.
Жума куни Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига боради. Ташрифда лойиҳалар билан танишиш, янги объектларни ишга тушириш ва вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказиш режа қилинмоқда.
Ўзбекистонда Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) минтақавий ваколатхонаси очилиши мумкин. Қўлёзмаларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича тажриба алмашиш, араб тили ўқитувчиларини тайёрлаш ҳам кўзда тутилган. Президент ташкилот бош директори билан шу масалаларни муҳокама қилди.
Давлат органлари турли соҳалар бўйича 50 дан ортиқ хорижий консультантларни жалб қилган. Таҳлилга кўра, одатда улар учун KPI белгиланмайди, тизимли таҳлил, тавсияларни амалга ошириш тартиби ва очиқ ҳисобот мавжуд эмас. Президентнинг янги қарори мана шу муаммоларни ҳал этишга қаратилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг