ЮНИСЕФ ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаденинг маълум қилишича, Ўзбекистон биринчи чоракда COVAX дастури доирасида 11 млн дозадан кўпроқ вакцина қабул қилиб олади. COVAX орқали ҳозиргача етказиб берилган вакциналар ҳажми 10 млн дозадан ошган.
Ўзбекистонда 100 ёш ва ундан ошган фуқароларнинг нафақасига пенсияни ҳисоблашнинг базавий 100% миқдорида — 289 000 сўм қўшимча тўлов қилинади. 1 январь ҳолатига мамлакатда 570 нафар 100 ёш ва ундан ошган шахс истиқомат қилади.
2021 йилнинг 11 ойи мобайнида Ўзбекистон Қозоғистондан 639 млн доллар қабул қилиб олган, 102 млн доллар маблағ эса қўшни мамлакатга жўнатилган. Шу тариқа Қозоғистон пул ўтказмаларининг қарийб 30 фоизи Ўзбекистон ҳисобига тўғри келмоқда.
Ўзбекистон фан арбоби, академик, профессор Бахтиёр Назаров 77 ёшида оламдан ўтди. У 1986−1994 йилларда «Ўзбек тили ва адабиёти» журналининг бош муҳаррири, президент маслаҳатчиси, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаганди.
Мудофаа саноати давлат қўмитаси тасарруфидаги марказ Ўзбекистонда илк учувчисиз дрон ишлаб чиқарди. LOCHIN аппарати — разведка қилиш, зарба бериш, реал вақт режимида кузатиш, маълумот олиш, артиллерия ўт очиш жараёнини бошқариш каби вазифаларни бажара олади. Қолаверса, қурилмадан қишлоқ хўжалигида ҳамда қўриқхоналарни, йўлларни, ижтимоий инфратузилма ва муҳим объектларни кузатишда фойдаланиш мумкин (видео).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси меҳмонхонада 4 кишилик хонага 2 киши, 50 ўриндиқли автобусга 25 киши жойлаштирилиши, озиқ-овқатлар махсус қадоқланган ҳолда тарқатилиши, Саудия қироллигида жорий қилинган 15 фоиз ҚҚС умра тўлови ошишига таъсир этганини маълум қилди. Қолаверса, бу йилги мавсумда Макка ва Мадина шаҳарларида Икки Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналар буюртма қилингани қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев умумий ва ихтисослаштирилган мактабларда фанлар ва чет тилларини ўқитиш сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, ихтисослаштирилган 790 та мактаб босқичма-босқич Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфига ўтказилиши маълум қилинди.
Душанба куни COVID-19 билан кунлик касалланишлар сони ўтган кунга нисбатан 1037 тадан 935 тага камайди. Коронавирус билан оғриган 4 нафар бемор эса вафот этди.
Ўзбекистонда антирекордни қайд этган қоронавирус, Андижонда ноқонуний кесилган 12 туп қимматбаҳо дарахт, IT-танлов ғолибига ишлатилган ноутбук берилгани, Қашқадарёда 500 минг сўм пора олгани учун 5 йилга қамалган шифокор, акциялари очиқ савдога чиқариладиган UzAuto Motors ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 17 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Самарқандда «Бир миллион ўзбек дастурчилари» танловининг туман босқичи ғолиби, 8-синф ўқувчиси Сардор Сатторовга ишлатилган ноутбук берилгани ортидан Нуробод тумани ҳокимининг ўринбосарига ҳайфсан берилди.
Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлимининг икки нафар ходими фуқародан суд қарори ижросини таъминлаб бериш эвазига 4 минг доллар олган вақтида ушлангани айтилмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга яна 310 050 доза Pfizer вакцинаси олиб келинди. Мазкур турдаги вакциналарнинг умумий миқдори 2,6 млн дозага етди.
Президент фармони билан 1 майдан туризм соҳасида ёш тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 50 млн сўм миқдорида, жами 10 млрд сўм грант ажратилади. Маблағлар Ўзбекистонга уч йил давомида камида 200 нафар хорижий туристлар учун тур ташкил қилиш шарти билан берилади. Молия вазирлиги эса 11 ой давомида Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳар ой қўшимча 2,5 млрд сўмдан йўналтиради.
Кучли қор ва бўрон шароитида Тошкентдан учган Uzbekistan Airways авиакомпанияси самолёти Минск аэропортида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетди. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ.
Ҳафтанинг илк уч кунида Ўзбекистон бўйлаб ёмғир ёғиши, чоршанба куни айрим ҳудудларда ёмғир қорга айланиши кутилмоқда. Пайшанба куни қуруқ об-ҳаво кузатилиши мумкин, бироқ, жума куни яна қор ёғади. Кечалари ҳаво ҳарорати -3 даража совуқ, кундузи эса +10 даражага илиқ бўлади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист ҳамда Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси Дилбар Маҳмудова 85 ёшида вафот этди. Унинг турмуш ўртоғи билан ҳаммуаллифликдаги бир қанча пьесалари Ўзбек Миллий академик драма театрида саҳналаштирилганди.
Касби тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари фуқаронинг ўғлига ногиронлик нафақасини чиқариб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига 500 минг сўм пора олгани айтилмоқда. Китоб туман суди шифокорни айбли деб топиб, унга 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Самарқандда 8-синф ўқувчиси «Бир миллион дастурчи» танловида биринчи ўринни олгани учун ишлатилган ноутбук берилганини маълум қилди. Ҳокимлик эса ўқувчи туман босқичида биринчи ўринни олгани учун телефон билан тақдирлаганини айтмоқда. ХТВ ишчи гуруҳи мазкур ҳолат бўйича ўрганиш олиб бормоқда.
Бош прокурорнинг буйруғига асосан Наманган вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Эшқувватов Андижон вилояти прокурори лавозимига тайинланди.
Олмазор туманидаги Жомий бозори ҳудудидаги омборхонада ёнғин содир бўлди. 5 дақиқа ичида 6 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига етиб бориб, 30 дақиқада оловни ўчирган. Ҳодиса оқибатида бинонинг 350 квадрат метр қисми зарарланган, жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг