Омбудсман томонидан аниқланган қатор камчиликлар сабабли Қарши туман ИИБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонаси фаолияти тўхтатилди. Унда сақланаётган шахслар таъмирланган Касби туманидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасига кўчирилди. Хатоларни бартараф этиш бўйича ИИВга тақдимнома киритилди.
Уч ўқишда қабул қилинган маҳалла раиси ваколат муддатини узайтириш қонуни, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, 2024 йилда энг кўп солиқ тўлаган корхоналар рўйхати, сулҳ келишувига эришган Исроил ҳамда ҲАМАС ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Ургутлик фуқаро Тожикистонлик шериги билан биргаликда Ўзбекистонга 20 кг 747 грамм опий олиб кирмоқчи бўлган вақтида қўлга олинди. Суд уларни 16 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилди. Тергов жараёнида маълум бўлган ургутлик шерик ҳам 16 йилга қамалди.
Октябрь ойи охирида суд Россия томонида Украинага қарши курашган ўзбекистонликни 6 йилга озодликдан маҳрум қилди. 19 кундан кейин апелляция суди соғлиғи ва айбига иқрорлигини инобатга олиб, уни озод қилди. Суд қарорида собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловдан иқтибос келтирилган.
Қонунчилик палатаси жамоат транспорти учун ажратилган йўлакларда ҳаракатланганлик учун жазони назарда тутувчи қонунни қабул қилди. Ҳуқуқбузарликлар учун 1,12 млн ва 1,87 млн сўм жарима солиш таклиф қилинганди, бироқ депутатлар бу миқдорларни камайтиришга қарор қилди.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида канализациядаги чиқиндиларни тозалаш мақсадида тушган 2 нафар ходим ундан чиқолмай қолди. Қудуқ ичида сув кўпайиб кетган ва улардан бирининг тоби қочган. ФВВ қутқарувчилари ишчиларни олиб чиқди ва шифохонага жойлаштирди.
Қонунчилик палатаси фуқароларга ўзига кредит ажратилишини тақиқлаш ҳуқуқини берувчи қонунни қабул қилди. Бепул бўладиган хизмат мижознинг розилигисиз кредит олиш ёки пулли операцияларни амалга ошириш имкониятини чеклашга мўлжалланган.
«Тошшаҳартрансхизмат» автобус бошқарадиган аёллар сонини оширишни режа қилмоқда. Ҳозир ишлаётган 2 аёл ҳайдовчининг иши ташкилотга ёққан: улар камроқ қоида бузади, йўлда телефондан фойдаланмайди, ўз вақтида ишга келиб-кетади. АЖ 500 нафар аёлни ҳайдовчиликка ўқитиб, 200 та автобусда ишлатиш ниятида.
Ўзгидромет 18−22 январь кунлари Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфидан огоҳлантирди.
Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Бухоро — Москва йўналишидаги самолёти Россия аэропортига қўниш пайтида двигателларидан бири ишдан чиқди. Экипаж зарурий чораларни кўриб, ҳаво кемасини муваффақиятли қўндирди.
Тошкент шаҳридаги ҳаракат таркибида ҳозир 1847 та автобус бор, уларнинг 1557 таси кунлик йўналишга чиқарилади. «Тошшаҳартрансхизмат» раҳбари ўринбосарининг айтишича, шаҳар майдони, аҳоли, ҳар юз минг кишига тақсимланган автобус сонидан келиб чиқиб, пойтахтга 3000 та автобус етарли бўлади.
Самарқанд шаҳрида 8-синфда ўқувчи қиз ўзини 8-қават йўлак деразасидан ташлаб ҳалок бўлди. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида судга оид тиббий экспертиза ва масъул идораларга хизмат текшируви тайинланди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, театр ва кино актёри Равшан Жўраев 63 ёшда вафот этди.
«Ўзтемирйўловчи» компанияси бўлим бошлиғи Фозилбек Машарипов «Афросиёб» чипта нархларининг қимматлигига эътироз билдираётган одамларга арзон поездлардан фойдаланишни тавсия қилди. «Баланд нархли поездларимиздан норози бўлишса, марҳамат, бизда оддий поездларимиз ҳам ўша жойга боради», — деди у.
Бухоронинг Қоракўл туманидаги Пойкент манзилгоҳидан милоддан аввалги ва милодий I асрларга тегишли жанговар қурол-аслаҳалар топилди. Улар орасида оловни ташишда ишлатилган қўнғироқ ҳамда ҳали вазифаси аниқланмаган айлана шаклдаги қурилма ҳам мавжуд.
Абдужаббор Эгамбердиев Касаба уюшмалари федерацияси Андижон вилояти кенгаши раиси бўлди. У 2022 йилда президент буйруғи билан «давлат хизматчиси этикасига номуносиб ҳаракатлари» учун Андижон тумани ҳокимлигидан олинганди. Суд унга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаб, сўнг шартли озод қилган.
Органик ва органик-минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисида техник регламент янги таҳрирда тасдиқланди. У органик ва органик-минерал ўғитларнинг хавфсизлигига, уларнинг ишлаб чиқаришга, ташишга, сақлашга, йўқ қилишга, қайта ишлашга ҳамда сотишга қўйиладиган талабларни белгилайди.
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида 3,9 магнитудали ер силкиниши қайд этилди. Зилзила эпицентри Тошкентдан 363 км узоқда жойлашган.
Тармоқларда Самарқанд вилоятидаги Оқдарё сув омборида ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида видео пайдо бўлди. Аслида жорий таъмирлаш ишлари акс этган видеони 2 киши ёлғон изоҳ билан тарқатгани аниқланди. Уларнинг ҳар бирига 7,5 млн сўмдан жарима жазоси тайинланди.
«Ғишткўприк» чегара божхона постида икки ҳолатда 717 дона буғу шоҳини ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган шахслар аниқланди. Улар шоҳларни декларацияда ёзиб кўрсатмаган ва оғзаки сўровда ҳам маълум қилмаган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг