Тошкент шаҳрининг Элбек кўчасида Lacetti автомашинаси дарахтга урилди, ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлди. Тўқнашув оқибатида машина бутунлай вайрон бўлган.
Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида Cobalt ҳайдовчиси тезликни ошириш оқибатида бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги пастликка қулади. У воқеа жойида ҳалок бўлди.
Самарқанд вилояти Нуробод туманида 25 ёшли «КамАЗ» ҳайдовчиси тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакчасида икки болали аёлни уриб юборди. Иккала бола ҳам ҳалок бўлди.
Ургут туманида 9-синф ўқувчиси бошқарувида бўлган Nexia-2 юқори тезликда 6 ёшли қизни уриб юборди. Қиз шифохонада вафот этди. Бола машинани уйидан отасининг рухсатисиз олиб чиқиб кетгани аниқланди.
Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида Nexia-3 машинасининг мотор қисмида ёнғин келиб чиқди. Ҳолат ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилди. Жароҳатланганлар йўқ.
Жондор туманида апрель ойи сўнгида Nexia автомобили шинаси ёрилиб кетиши оқибатида 3 киши ҳалок бўлгани маълум бўлди. Яна 2 киши тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Мирзо Улуғбек туманида Cobalt йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган пиёдалардан бирини уриб юборди. Қиз жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди. Видеолавҳада ЙТҲ рўй берган жой яқинида светофор борлигини кўриш мумкин.
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида 3 та машина тўқнашди. Оқибатда Nexia-3 машинаси ёниб кетди. Ҳеч ким жароҳатланмаган.
Тошкент шаҳри Сергели туманида King Long автобуси тепловоз билан тўқнашди. Ҳодисада жароҳатланганлар йўқ. ЙТҲга темирйўл кесишмасининг назоратчи ходими воқеа жойида бўлмагани сабаб қилиб кўрсатилди.
Жиззах вилояти Зарбдор туманида «КамАЗ» ҳайдовчиси дўкон ёнида турган Spark машинасининг орқасига келиб урган. Оқибатда машинага ҳам, дўконга ҳам жиддий зарар етган. Ҳолат вилоят ИИБ томонидан ўрганилмоқда.
Мирзо Улуғбек туманида Monza ва Nexia-1 автомобиллари тўқнашди. Оқибатда Nexia ҳайдовчиси жароҳат олди.
Жиззах вилояти Ғаллорол туманида Nexia-2 машинасига ўрнатилган газ баллони портлади, оқибатда унинг ичидаги 4 киши воқеа жойида ҳалок бўлди.
Шароф Рашидов туманида Lacetti автобус билан тўқнашиши оқибатида 2 киши жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди. Енгил машинанинг 21 ёшли йўловчиси воқеа жойида вафот этди. Жиззах вилояти ИИБ фуқаролар тармоқларда айтилгани каби мактаб битирувчилари эмаслиги, улар тўйга кетаётган бўлганини билдирди.
Келес-Тошкент йўналишида Toyota Prado ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишдаги Cobalt, Damas ва Spark машиналари билан тўқнашди. Оқибатда Toyota ва Cobalt ҳайдовчилари воқеа жойида ҳалок бўлди, қолган ҳайдовчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди.
Жиззах шаҳрида тез тиббий ёрдам машинаси йўлнинг белгиланган қисмидан кесиб ўтаётган 48 ёшли аёлни уриб юборди. Жабрланувчи реанимацияга ётқизилди.
Фарғона вилояти Бувайда туманида трактор бошқариш жараёнида поезд йўлига чиқиб кетган 9-синф ўқувчиси вагонлар билан тўқнашув оқибатида ҳалок бўлди.
Кўкдала туманида юқори тезликдаги КамАЗ пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 2-синф ўқувчисини уриб юборди. Ҳолат бўйича жиноят иши очилди, ҳайдовчи қамоққа олинди.
Самарқандда Nexia-2 пиёдалар ўтиш жойида СамДУ талабасини уриб юборди, оқибатда у шифохонада вафот этди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Нарпай туманида маст ҳолда машина бошқарган 70 ёшли эркак 2-синф ўқувчисини уриб юборди. Оқибатда унинг қўли синди. Эркак аввал ҳам спиртли ичимлик ичиб машина бошқаргани учун ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилганди. «Энди ичмайман, машина ҳам ҳайдамайман», — деди у.
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида Matiz йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган пиёдани уриб юборди, у воқеа жойида ҳалок бўлди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг