Сурхондарёда Денов туман суди раиси ЙТҲга учрагани маълум бўлди. Оқибатда у жароҳат олиб, машинадаги шериги вафот этган. Хизмат текширувида суд раиси Судьялар одоби кодекси талабларини бузган деб топилган ва ваколати муддатидан аввал тугатилган. Бунинг терговга дахли йўқлиги айтилмоқда.
Музработ туманида светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Сobalt ҳайдовчиси 2 нафар болани уриб юборди. Оқибатда улардан бири шифохонада вафот этди.
Шароф Рашидов туманида 2 та Howo ва Sany юк машиналари ўртасида ЙТҲ содир бўлди. Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар йўқ.
Пахтаобод туманида 21 ёшли Lacetti ҳайдовчиси светофорнинг яшил чироғида пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган фуқарони уриб юборди. ЙТҲ оқибатида 41 ёшли пиёда оёқ синиши билан боғлиқ жароҳат олди.
Тошкент шаҳри Яшнобод туманида MAN ва Yutong автобуслари тўқнашди. ЙТҲда жароҳат олганлар йўқ, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Пастдарғом туманида Damas пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 11 ёшли қизни уриб юборди. Қиз тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.
Тўрақўрғон туманида КамАЗ ҳайдовчиси 6 ёшли болани уриб юборди. Оқибатда бола шифохонада вафот этди. «Кенжа фарзандим эди, боғчада ҳам жуда доно эди. Ҳеч кимнинг бошига бу ташвиш тушмасин», — дейди марҳумнинг отаси.
Яккасарой туманида Matiz (такси), Lacetti, Spark ва Isuzu тўқнашди. Оқибатда Matiz ағдарилиб кетди, 2 киши жароҳат олди.
Чилонзор туманида BYD Han автомашинасини гувоҳномасиз бошқарган 22 ёшли ҳайдовчи ЙПХ инспекторини қасддан уриб юборди. Ходим иккала сон суяги синиши ташхиси билан касалхонага ётқизилди.
Шеробод туманида Tracker ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги юк машинасига урилди. Оқибатда 59 ёшли ҳайдовчи ва 4 нафар йўловчи аёл воқеа жойида вафот этди. Тармоқларда ЙТҲга йўлдаги чуқурлик сабаб бўлгани айтилмоқда.
Мирзо Улуғбек туманида 20 ёшли йигит бошқарувидаги Malibu 45 ёшли пиёдани уриб юборди. Эркак ҳодиса жойида вафот этди.
Сергели туманидаги автотюнинг устахонаси қаршисида юқори тезликда ҳаракатланган Kia ҳайдовчиси 27 ёшли пиёдани уриб юборди. Фуқаро шифохонада вафот этди. Тармоқларда пиёда икки машина ўртасида уюштирилган пойга йўлагига тушиб қолганини кўриш мумкин.
Самарқанд шаҳрида Сobalt йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган 15 ёшли ўқувчини уриб юборди. ЙТҲ оқибатида қиз шифохонага ётқизилди.
Янги Наманган туманида 17 ёшли ўқувчи бошқарувида бўлган Lacetti йўл четидаги 4 нафар талабани уриб юборди. ЙТҲ оқибатида улардан бири жароҳат олди, бири шифохонада вафот этди. «Боламнинг беркитиб машина миниб келишидан хабарим йўқ эди», — деди ўқувчининг онаси.
Бойсунда тик баландлик пайтида тўхташ тизимида носозлик юзага келган Damas йўл четидаги молхонага урилди. Оқибатда машина салонидаги 3 нафар ёш бола ва 3 нафар аёл ҳалок бўлди. Ҳайдовчи машинани 8 нафар йўловчи билан бошқарган, дейилади туман ЙҲХБ хабарида.
Шаҳрисабз шаҳрида пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган 1-синф ўқувчисини юқори тезликда келаётган Damas уриб юборди. Оқибатда бола шифохонада вафот этди, ҳайдовчи қамоққа олинди.
Фарғонанинг Марғилон шаҳрида қарама-қарши йўлакка чиқиб кетган Spark Volkswagen билан тўқнашди. Оқибатда ҳайдовчилардан бири ҳалок бўлди.
Ғаллаорол туманида юқори тезликда ҳаракатланган Gentra ҳайдовчиси йўл четидаги икки ўқувчини уриб юборди. ЙТҲ оқибатида болалар вафот этди, шунингдек, машина уриб кетган қорамол ҳам нобуд бўлди. Суриштирув давомида ҳайдовчи 4 ойда 11 маротаба қоида бузгани аниқланди.
16 апрель ярим тунда Тошкентнинг Шайҳонтохур туманида 5 та машина иштирокида тўқнашув юз берди. Жароҳат олганлар йўқ. ЙҲХБ суриштирув ишларини бошлади.
Шароф Рашидов туманида йўловчи ташувчи автобус ариққа тушиб кетди. Автобусда йўловчилар бўлмаган, ҳайдовчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг