Бир неча кун аввал Бирлашган Араб Амирликларида ёққан кучли ёмғир сабабли Ўзбекистон фуқаролари Дубай аэропортида қолиб кетди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги маълум қилди.

Аввалроқ ёзганимиздек, 16−17 апрель кунлари кузатилган ёмғир мамлакатда сўнгги 75 йилдаги энг кучлиси бўлди. Йирик магистраллар, кўчалар, шунингдек, кўплаб уй ва биноларнинг биринчи қаватлари сув остида қолди. Кўплаб ҳайдовчилар ўз машиналарини йўлларнинг ўртасида қолдириб кетишга мажбур бўлди. Дубай халқаро аэропорти фаолиятини тўхтатди ва ўнлаб рейслар бекор қилинди ёки бошқа йўналишга йўналтирилди.

«Дунё» ААнинг ёзишича, шу сабабли 16 апрель куни Дубай-Тошкент йўналиши бўйича парвозни амалга ошириши керак бўлган Centrum Air авиакомпанияси рейси бекор қилинган. 52 нафар Ўзбекистон фуқароси 1 кун давомида Дубай халқаро аэропортининг кутиш залида қолиб кетган.

Фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш учун мамлакат бош консулхонаси, Uzbekistan Airways ва Centrum Air вакиллари Дубай халқаро аэропорти масъуллари билан учрашган. Музокара якунида йўловчиларни Uzbekistan Airways самолётида Тошкентга қайтаришга келишиб олинган.

«Бортида ҳамюртларимиз бўлган Дубай-Тошкент йўналишидаги самолёт 17 апрель куни соат 22:30 да Ўзбекистонга учиб кетди», — дейилади хабарда.

Агентлик, шунингдек, ноқулай об-ҳаво сабабли аэропортда қолиб кетган фуқароларга озиқ-овқат ва бошқа турдаги зарур маҳсулотлар тарқатилганини қўшимча қилди.