Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳокими Нуритдин Абдураҳимов хасталикдан сўнг 44 ёшида вафот этди. У бу лавозимга январь ойида тайинланган эди.
Ангор туманида тадбиркор 3,10 гектар суғориладиган қишлоқ хўжалиги майдонида қурилиш ишлари олиб боргани аниқланди. Бу орқали тадбиркор қишлоқ хўжалиги ери фойдаланишдан чиқишига сабаб бўлгани ва давлат манфаатларига 3,1 млрд сўм зарар етказилгани айтилмоқда.
Пахтачи туманида фуқаро бошқарувидаги автомобилда умумий оғирлиги 1 кг бўлган опий гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди. Фуқаро моддани Қорақалпоғистонга олиб кетаётганини маълум қилгани айтилмоқда. Гумондорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
ДСҚ эндиликда масофавий тўловлар учун ҳам 1 фоизлик кешбэк тўланишини маълум қилди. Тўлов хизматлари орқали тўлов амалга оширилганда QR-кодли чек ҳосил бўлади ва бу Soliq иловасида автоматик тарзда акс этиши керак.
Чирчиқда Кинологлар ва хавфсизлик кучларининг жамоалари ўртасида ўтказилган «Дог биатлони» ўз якунига етди. Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирда Мудофаа вазирлиги жамоалари ғолиб бўлди. Мусобақанинг финал босқичи — «Газета.uz» мухбири Мадина Аъзам фоторепортажида.
Украинанинг биринчи президенти Леонид Кравчук узоқ давом этган хасталикдан сўнг 88 ёшида вафот этди.
SpaceX компаниясига Ўзбекистонда ваколатхона очиш таклиф этилгани, Сурхондарёдаги сел оқибатлари, Тошкентда одамларни яна соқол олишга мажбурлашаётгани, Учтепа туманида ҳайфсан олган 33 нафар ҳоким ёрдамчиси, Ўзбекистоннинг 7 ҳудудида ишга туширилган янги фоторадар ва кузатув камералари ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 10 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида тоғли ҳудудга сел келиши натижасида одамлар ва чорва молларини сув оқизиб кетди. Чорва моллари эгаси табиий офатдан қутилиб қолган. Қолганлари қидирилмоқда.
АКТ вазири Шерзод Шерматов SpaceX вакили Бен Мак Вильямс билан учрашувда компанияга Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш таклифини берди. Ўзбеккосмос агентлиги билан эса Starlink лойиҳасини мамлакатга олиб кириш масаласи муҳокама қилинди.
Избоскан туманида собиқ банк ходими тадбиркор билан бирга иссиқхона қуриш учун ажратилган 50 минг доллар имтиёзли кредитни талон-торож қилганликда айбланмоқда. Текширув давомида етказилган зарарнинг 20 минг доллари ундирилиб, гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги республика автомобиль йўллари 2022 йил биринчи чорагида жами 37 та янги фоторадар ҳамда кузатув камералари билан бойиганини маълум қилди. Улардан 4 таси хавфсизлик камари ва мобиль телефон билан боғлиқ қоидабузарликларни аниқлайди. Фоторадар ва камералар манзили.
Афғонистоннинг Толибон ҳукумати аёллардан жамоат жойларида ҳижоб ўраб юришни талаб қилмоқда. Мазкур тартибга бўйсунмаган аёллар давлат ишларидан бўшатилади. 2001 йилгача толиблар ҳукмронлиги даврида ҳам ҳижоб мажбурий эди.
UniSat таълим дастурининг 20 нафар ўқувчи-қизи Навоий вилоятида ўзи ясаган ултразамонавий нано сунъий йўлдошини стратосферага учирди. Қизлар унинг ёрдамида ҳавонинг ифлосланиши ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилади.
Адлия вазирлиги манфаатлар тўқнашувини алоҳида қонун билан тартибга солиш таклифини билдирди. Унга кўра, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни декларация қилиш ва олдиндан хабар бериш тартиби белгиланмоқда, бунга амал қилмаганлар эса жаримага тортилади. Антикоррупция агентлигига маъмурий баённома тузиш ваколатини бериш режалаштирилмоқда.
Президент қарори билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида космик фазони тинчлик мақсадларида тадқиқ этиш ва фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим тасдиқланди.
Термиз туманида фуқаро боғни суғориш чоғида оғирлиги 1,92 грамм бўлган олтин тангаларни топиб олди. Термиз археология музейи мутахассислари динорлар Қорахонийлар ва Салжуқийлар даврига оидлигини аниқлади. Фуқаро уларни музейга топширди.
Тошкентда фуқароларни яна ИИБга олиб бориб, соқолларини олишга мажбурлашди. Улардан бирининг сўзларига кўра, уларга 15 сутка қамоқ билан таҳдид қилишган ва шундан кейин соқолини олишга мажбур бўлишган. ИИВ матбуот котиби фуқаролар ўз ҳуқуқлари поймол этилган деб ҳисобласа, шикоят қилиши мумкинлигини қайд этди.
АҚШ президенти Жо Байден Украинага енгиллаштирилган тартибда қурол етказиш имконини берувчи ленд-лиз бўйича қонунни имзолади. Бу қуролларни етказишда бюрократик тўсиқларни четлаб ўтиш имконини беради.
Қизилтепа туманида ичида 25 киши бўлган сайёҳлик автобуси ағдарилиб кетди, оқибатда 5 киши жароҳат олди. Аварияга ҳайдовчининг бошқарувни йўқотгани сабаб бўлгани айтилмоқда.
10−13 май кунлари ҳаво салқин бўлиши кутилмоқда. Республиканинг кўпчилик ҳудудларида ёғингарчилик, момақалдироқ бўлиши ва шамол тезлигининг кучайиши кутилмоқда. Ҳафта давомида тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг