Ўзбекистонда футболни севишади ва кўпчилик болалигидан севимли жамоасини танлаб, унга ишқибозлик қилади. Мусиқачи Илҳом Йўлчиев (DJ Piligrim) «Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?» лойиҳаси доирасида нега «Барселона» ишқибози эканлиги ва «Реал Мадрид» мухлислари орасида «Барса» кийимида ўтириш қандайлиги ҳақида гапириб берди.
Ижтимоий тармоқларда хориждан ўқишни тест-синовларисиз, тўловларсиз ва соддалаштирилган тартибда кўчириш мумкинлиги тўғрисидаги маълумот тарқалди. Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари имзоси туширилган хат ва ундаги маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги маълум қилинди.
Лас-Вегасда Грэмми мусиқий премиясининг 64-тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бруно Марс ва Андерсон Пакнинг «Leave The Door Open» композицияси «Йил қўшиғи» деб эътироф этилди. «Йил альбоми» бўйича ғолибликни Джон Батист қўлга киритди. Ғолиблар орасидан 19 ёшли Оливия Родриго ва камбэк қилган Канье Уэст ҳам ўрин олган. Қолаверса, маросимга видеомурожаат йўллаган Украина президенти Владимир Зеленский санъаткорлардан жимликни мусиқа билан тўлдиришни сўради.
Александр Вучич Сербия президентлиги сайловида ғалаба қозонганини эълон қилди. У сайловчиларнинг камида 60 фоизлик овозини тўплади. Шунингдек, Венгрияда ҳам парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда амалдаги бош вазир Виктор Орбан бошчилигидаги коалиция ғолиб бўлди.
Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйича ёз фасли каби қуруқ об-ҳаво кузатилади. Бу иқлимий меъёрдан +10 даражага юқори. 7 апрелда баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.
Спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогида Оксана Чусовитина 2 та олтин, 1 та кумуш медални қўлга киритиб, таяниб сакраш дастурида аёллар ўртасида мутлақ ғолиб бўлди.
Покистон президенти Ориф Алвий бош вазир Имрон Хон таклифига биноан мамлакат парламентини тарқатиб юборганди. Шундан сўнг, бош вазирнинг ўзи ҳам лавозимидан озод қилинди. Имрон Хон муваққат бош вазир тайинлангунга қадар мазкур лавозимда қолади. Мамлакатда парламент сайловлари 90 кундан сўнг ўтказилиши кутилмоқда.
Янгибозор туманида фуқаролар ўз хонадонида ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб, ноқонуний крипто-активлар майнинги фаолиятини юритиб келаётгани аниқланди. Натижада электр тармоқлари корхоналари манфаатига умумий ҳисобда 235,1 млн сўм зарар етган. Уларга нисбатан жиноят иши очилди.
«Толибон» ҳаракати бутун Афғонистон бўйлаб фермерларга кўкнори етиштиришни тақиқлади. Аниқланган ҳосиллар йўқ қилинади, қоидабузарлар эса шариат қонунларига асосан жазоланади.
Президент қарори билан Навоий давлат кончилик институти Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети этиб қайта ташкил этилди. Самарқандда эса ветеринария медицинаси институти негизида янги Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети очилди.
Зуҳриддин Қодиров БААда ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати финалида германиялик рақибини мағлуб этди. У Ўзбекистон қиличбозлари ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган илк спортчи бўлди. ЖЧда Зайнаб Дайибекова бронза медалини қўлга киритди.
Нур-Султон шаҳрида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) контрразведкаси мамлакат президентига суиқасд уюштиришни режалаштираётганликда гумон қилинган «хорижий разведка агенти»ни қўлга олди. Шунингдек, ушбу агент Қозоғистонда Россияга қарши ташвиқот олиб бориш ва жамиятда русофобик қарашларни шакллантириш вазифаларини олгани маълум қилинди.
Қирғизистоннинг Боткен вилояти Марғун қишлоғида Ўзбекистон томонидан қуриб битказилган 3,5 млн долларлик 330 ўринли мактаб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон кўмагида Самарқандек қишлоғида ҳам мактаб қурилмоқда, Бобур номидаги Ўш ўзбек мусиқали-драма театри реконструкция қилинмоқда.
ДХХ Андижонда катта миқдорда қалбаки пулларни ишлаб чиқараётган шахсларни қўлга олди. Жиноий гуруҳнинг шу вақтгача 300 млн сўмдан ортиқ қалбаки пулларни Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида муомалага киритишга улгургани айтилмоқда.
Ўзбекистонда ўсимлик ёғи йиллик истеъмолининг тахминан тенг ярми импорт ҳисобидан қопланади. Бундай шароитда глобал бозорда юз бераётган ҳар қандай тебранишлар ички бозордаги нархга жиддий таъсир кўрсатади. Дунё бўйича жами ўсимлик ёғи экспортининг 64% ини таъминловчи Украина ва Россиядаги сиёсий-иқтисодий вазият жаҳон бозорида, шу жумладан, Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархларининг кескин ўсишига олиб келиши мумкин, дейди иқтисодчи, «Газета.uz» колумнисти Миркомил Холбоев.
Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади, дея маълум қилди Қозоғистон ПА раҳбарининг биринчи ўринбосари Тимур Сулейменов. Унинг қайд этишича, Қозоғистон зиддиятда қайсидир тарафни «на ҳарбий, на сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватламайди», бироқ Украинага инсонпарварлик ёрдамини кўрсатади. Шу билан бирга, Қозоғистон Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш учун восита бўлмайди ҳамда Россия ва Беларусга қўйилган чекловларга риоя қилади.
Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик юк ташувчи ҳайдовчиларнинг Мариуполь металлургия комбинатида ушлаб турилгани ҳақидаги мурожаати тарқалди. Ўзбекистон ТИВ улар ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан эвакуация қилингани ва ватанга қайтаётганини маълум қилди.
Мадина Бердиева — дунёнинг энг йирик нефть-газ компанияларидан бири Shell`да тизимли архитектор сифатида фаолият юритади. «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида у Нидерландияга кўчиб ўтиш, ёш қизлар чет элга ўқишга кетиш учун ота-оналарини қандай кўндиришлари мумкинлиги ва нима учун бугунги кунда хорижий тилларни билиш кўникма ҳисобланмаслиги ҳақида сўзлади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон товар айланмаси ҳажмини 2 млрд долларга етказишни режалаштираяпти. Икки давлат бош вазирлари Ўшда чегарадош вилоятлар ҳокимлари кенгашининг йиғилишида иштирок этди. Энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, трансчегаравий савдо ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар муҳокама қилинди.
Президент қарорига кўра, Самарқанд давлат тиббиёт институти университет сифатида қайта ташкил этилди. ОТМда бакалавриат битирувчилари учун поликлиникаларда 6 ойлик малакавий амалиёт кўринишидаги субординатура жорий этилади. Самарқанд вилояти Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари университетга бириктирилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг