Туркманистон президентининг ўғли Сердар Бердимуҳамедов (39 ёш) март ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловида номзод сифатида қатнашади. Унинг номзоди Гурбангули Бердимуҳамедов раислик қилувчи «Туркманистон демократик партияси» номидан кўрсатилган.
Президент душанба кунги йиғилишда Вазирлар Маҳкамасига 3 кун муддатда импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга — 30 фоиздан 15 фоизгача пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритишга топшириқ берди.
Президент душанба кунги йиғилишда UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов 85 фоиздан 50 фоизгача камайтирилишини маълум қилди. «Ўзавтосаноат»га 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш топшириғи берилди. Аввалроқ, «Газета.uz» депутат Расул Кушербаев билан айни шу мавзудаги интервьюни эълон қилганди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бобур кўчасида қатнов қисмини ажратиб турувчи яшил майдонлар жойига қайтариб қўйилишини маълум қилди. Ушбу яшил майдон 2016 йилда йўқ қилиниб, унинг ўрнига бетондан йўл ажратмаси бунёд этилганди.
Президент қарори билан Париж-2024 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида совриндор бўлган ўзбекистонлик спортчилар олтин медаль учун — 200 минг доллар, кумуш медаль учун — 100 минг доллар, бронза медаль учун — 50 минг доллар миқдоридаги пул билан мукофотланади.
Россиянинг Wildberries онлайн-ритейлери Ўзбекистонда иш бошлади, Тошкентда эса биринчи тарқатиш пункти ишга тушди.
Туркия президенти Режеп Таййиб Эрдўғон Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши аъзолари билан учрашувда март охирларида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштираётганини маълум қилди.
Сурхондарё вилоятида мактаб интернати директорининг ўринбосари ва вилоят ХТБ кадрлар бўлими раҳбари фуқарога 13 минг доллар эвазига интернат директори лавозимини олиб беришни ваъда қилганлиги аниқланди. Уларнинг иккиси ҳам сўралган маблағдан 5 минг доллардан олаётган вақтда қўлган олинган, ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 72-мактабда ўқитувчилар узр сўрашга мажбурлангани ортидан туман ҳокими ўринбосари Мухтор Қурбонов ишдан бўшатилди, ҳоким Бобур Йўлдошевга эса ҳайфсан берилди. Қолаверса, мактаб директори Муқаддамхон Ҳасанова ва туман халқ таълими бўлими мудири Алияхон Абдувоҳидова лавозимларидан озод қилинди.
Ўзбекистонда дипломлари махсус синовларсиз тан олинадиган хорижий олийгоҳлар рўйхати эълон қилинди. Ушбу ОТМлар QS World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities ташкилотлари рейтингларида биринчи 1000 таликка кирган. Дипломи имтиҳонсиз тан олинадиган энг кўп ОТМлар АҚШ ва Буюк Британияда жойлашган. Марказий Осиёдан бу рўйхатга фақат Қозоғистоннинг айрим ОТМлари киритилган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 16,62 сўмга пасайиб, 10 844,02 сўмни ташкил этди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тугатилиб, вазирлик таркибида алоҳида бошқарма сифатида қайта ташкил этилиши мумкин. Русланбек Давлетов вазирлик тегишли таклифларни ишлаб чиқаётганини айтди. «Бу президентимизнинг ғояси… Бу соҳани ўзгартиришни президент ҳал қилади», — деди вазир. ДХМлар орқали ҳозирги кунда 170 турдаги давлат хизмати кўрсатилмоқда, шундан 120 таси пуллик. 4 йилдан кўпроқ вақт ичида агентлик хизматлари бўйича жами 40 млнга яқин мурожаат келиб тушган.
Чирчиқ шаҳрида ҳужжатлари сохталаштирилган объектни гаровга қўйиб, банкдан 4 млрд сўм кредит олган тадбиркор аниқланди. У барча маблағларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Тадбиркорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
14 февралга ўтар кечаси Brent маркали нефть нархи бир баррель учун 96,05 долларгача кўтарилди. Бу сўнгги 7 йилдаги энг юқори кўрсаткич. Нефть нархи 2021 йилнинг бошидан бери деярли узлуксиз қимматлашмоқда.
Тошкент шаҳрининг Миробод туманида номаълум эркак ит ва мушукларни пневматик қурол ёрдамида отганлиги айтилмоқда. Ҳолат юзасидан терговгача суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган Шавкат Раҳмонов Наманган вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланди. У мазкур лавозимда Адил Атаходжаевнинг ўрнини эгаллади.
Халқ таълими вазирлиги кечки тадбирларга педагог ходимлар ва ўқитувчиларни мажбурий жалб этиш тақиқлангани ҳақида ҳудудий бошқармаларни огоҳлантирди. Таъкидланишича, ушбу тунги тадбирлар уюшмаган ва 18−30 ёш орасидаги фуқароларга мўлжалланган. Аввалроқ, Андижон вилоятидаги мактабларда кечаси соат 22:00 га қадар тадбирлар ўтказилаётгани хабар қилинганди.
Ўзбекистоннинг Киевдаги ваколатхонаси Украинадаги ватандошларга мурожаат қилиб, улардан элчихона билан алоқада бўлиб туришни сўраган. Дипломатик миссия бир ўзбекистонликлардан ваҳимага берилмаслик ва текширилмаган, фейк хабарларни тарқатмасликни сўраган.
Ҳафта мобайнида Ўзбекистонда совуқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, бир неча кун давомида тунги совуқлар ҳам сақланиб қолади. Душанба кунги ёмғир ва қордан кейин бошқа ёғингарчилик кутилмайди. Ҳафта охирида эса ҳаво бироз исиши мумкин.
Андижондаги портлашда ҳалок бўлган қурбон Қирғизистон фуқароси эканлиги аниқланди. ФВВ портлаш оқибатида 1 киши ҳалок бўлгани, 11 киши жароҳатлангани ҳақида маълум қилган эди. Воқеа гувоҳлари ҳалок бўлганлар сони бир кишидан кўпроқ бўлганлигини таъкидлаган эди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг