Жума куни Шаҳрихон туманидаги тиббий марказида портлаш юз берди. Расман воқеа оқибатида 1 киши ҳалок бўлгани, 11 киши жароҳатлангани маълум қилинди. Гувоҳлар бир инсон уларни қўлида вафот этгани ва қурбонлар 3 киши эканлигини айтишмоқда. Портлаш вақтида бино ичида бўлган аёл эса воқеани шундай эслади: «Ер ёрилди, ер тагига тушиб кетаяпмиз деган хаёл келди. Тепамиздан ҳам плиталар ёғилиб, баравар пастга тушиб кетдик». «Газета.uz» воқеа жойидан фоторепортаж тайёрлади.
Дам олиш кунлари ҳаво совиб, Ўзбекистон бўйлаб қор ва ёмғир ёғиши кузатилади. Янги ҳафта бошида эса мамлакат ҳудудига жанубий Урал ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда, кечалари ҳаво ҳарорати -7 даражагача пасайиши кутилмоқда.
Президент транспорт серқатнов бўлган 2000 дан ортиқ чорраҳа ва 9500 та пиёда ўтиш жойлари светофор ёки бошқа воситалар билан жиҳозланмаганини танқид қилди. Йўл белгилари билан боғлиқ муаммони бартараф этиш учун «Ўзавтойўлбелги» монополияси тугатилади. Светофор, ёритгичлар ўрнатиш, йўл белгилари ҳамда чизиқларини чизиш, пиёда ўтиш жойларини белгилашга масъул корхоналар ҳокимликлардан ЙХҲХларга ўтказилади.
«Халқ банки» нинг Андижон вилояти Амалиёт бўлимининг 13 нафар ходими жами 4,6 млрд сўмни ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 11 нафари ҳибсга олинган, 2 нафарига эса гаров эҳтиёт чораси қўлланилган.
АҚШнинг Project CURE хайрия ташкилоти Оролбўйи минтақасига 3 млн долларлик гуманитар юкларни юборди. Умумий ҳажми қарийб 7 тоннани ташкил этган тиббий жиҳозлар рентген сканерлари, лаборатория асбоблари, кислород баллонлари ва бошқа тиббий қурилмалардан ташкил топган.
Бош прокуратура Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги тиббиёт марказида юз берган портлаш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Айни вақтда ҳодиса оқибатида жабрланганлар сони 11 нафарни ташкил этмоқда.
Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлигига бағишланган йиғилишда инспекторларга бўйсунмаслик, уларга қаршилик кўрсатиш, ҳақоратлаш ҳолатлари сўнгги вақтларда ортиб бораётгани масаласига эътибор қаратди. Давлат раҳбари қонунларни кўриб чиқишда, бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Бўстонлиқдаги «Ёшлик» болалар оромгоҳи негизида «Ренессанс» соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилади. Оромгоҳ Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфига ўтказилади. Унда иқтидорли болалар ҳамда агентлик тизимидаги ходимлар дам олади ва ўқитилади.
ДХХ Фарғона вилоятида халқаро террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимлар раҳнамоларининг «жиҳод» га чорловчи маърузаларини юклаб олиб, танишларига тарқатганликда гумон қилинган 24 ёшли фуқарони қўлга олди. Дин ишлари бўйича қўмита унинг телефонидаги материалларни ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганини тасдиқлади.
Президент трамвайни Тошкентга қайтариш ҳақидаги баёнотидан олдин «Газета.uz» таниқли журналистлар ва жамоат арбобларидан ушбу транспорт турининг бекор қилиниши билан шаҳар нима йўқотганлиги ҳақидаги фикрларини сўраган эди. Улар бир овоздан трамвайнинг йўқ қилиниши катта хато бўлгани, пойтахтнинг транспорт муаммоларини янада кучайтиргани ва унинг қайтиши жамоат транспортини ривожлантиришнинг ягона оқилона йўли эканини тасдиқлашди.
Президент Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилишини маълум қилди. Унга бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади, унинг ўринбосари ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бўлади. Ҳудудий комиссияларга эса ҳокимлар раҳбар этиб тайинланади. Комиссиялар йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма ҳамда авария ўчоқларини ўрганади.
Тошкент шаҳридаги мактаб ва боғчалар олдида автомобиль ҳаракатининг максимал тезлиги 30 км/соатдан ошмайди. Бу ҳақда президент видеоселекторда маълум қилди. Қолаверса, айрим гавжум кўчаларда эса ҳозирги 70 км соатдан 60 кмгача тушириш зарурати борлиги таъкидланди.
Тошкент шаҳридаги 21-сонли меҳрибонлик уйидаги болага тарбиячи томонидан жисмоний тазйиқ қилиб келинаётганлиги аниқланди. Болалар омбудсмани ҳолат бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилган ва тарбиячини вақтинчалик ишдан четлатиш учун ХТВга хат киритган.
Президент Тошкент шаҳрининг 602 та чорраҳасидан 111 тасидагина рақамли бошқарув мавжудлиги, бошқа шаҳарларда эса бундай тизим умуман йўқлигини танқид қилди. Шундан келиб чиқиб, Тошкентда йўл ҳаракатини рақамли бошқариш тизими тўлиқ пойтахт ҳокимияти тасарруфига ўтказилиши айтилди.
ФВВнинг аниқлик киритишича, Андижон вилояти Шаҳрихон туманида тиббиёт марказида рўй берган портлаш оқибатида бир нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, тўрт нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, туман шифохонасига жойлаштирилган.
Жиззахлик фуқаро Суриядаги халқаро террорчилик ташкилоти сафига қўшилишни режалаштирганликда гумон қилинмоқда. У хориждалигида «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотининг ғоявий таъсирига тушиб қолиб, ватанга қайтгач, ўндан ортиқ тенгқурларига ташкилот ғояларини тарғиб қилгани айтилмоқда. Фуқаро ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.
«Газпромбанк» Самарқанд аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳасини молиялаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги тиббиёт муассасаларидан бирида газ портлаши юз берди. 7 киши жароҳат олган, ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ.
Президент Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати қоидалари халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилишини маълум қилди. Қоидабузар ҳайдовчиларга балл ҳисоблаб борилади, бир йилда қоидабузарликлари 12 баллдан ошган ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. «Ҳар йили 500 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномасини олса, улардан 25 фоизи машғулотларга қатнашмайди» деди президент ва ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим жорий этилишини таъкидлади.
Андижон вилояти Марҳамат туманида ўқитувчилар ота-оналар олдида узр сўрашга мажбур қилинган ҳолат юзасидан Халқ таълими вазирлиги ўрганиш ишларини якунлади. Натижада туман ҳокимлиги ташаббусига асосан ташкил этилган мазкур тадбирга қонуний баҳо бериш учун ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг