Ўзбекистондан Новосибирскка учиб кетаётганида багажида дрон аниқлангани учун қўлга олинган россиялик тревел-блогер Максим Лимар уй қамоғидан озод этилди. Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, у айни вақтда ватанга қайтиб кетишга тайёргарлик кўрмоқда.
Олтиариқ тумани ҳокими Холмирза Ниёзов Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлди. Шунингдек, Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Алишер Каримжонов Оққўрғон туманига ҳоким этиб тайинланди.
Тошкентда 59-рақамли автобус енгил автомобил сиқиб кетиши натижасида йўл четига чиқиб кетган ва устунга бориб урилган. ЙТҲ оқибатида 2 киши енгил жароҳат олган.
Дам олиш кунларида Ўзбекистонда бир сутка давомида 900 нафардан кам кишида коронавирус аниқланди. Пневмония билан касалланганлар сони ҳам аввалги кунларга нисбатан бирмунча камайган.
Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари фуқарога 1000 гектар ерни ажратишга ваъда бериб, бунинг эвазига 80 минг доллар сўраганлиги айтилди. Ҳоким ўринбосари келишилган маблағдан 50 минг долларни олган вақтда ушланган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Бухоронинг «Мохон» қишлоғидаги стадионда футбол ўйнаган «Тобагар» ва «Чандир» қишлоқлари фуқаролари ўзаро муштлашиб кетган. Бунга нима сабаб бўлгани айтилмаган. Ҳозирда тезкор суриштирув ва терговга қадар текширув кетмоқда.
Фарғона вилояти солиқ бошқармаси бош инспектори ўзига тегишли автомобилда аварияга учради. У кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, вафот этган.
Яқинда Кипрнинг United Cement Group компанияси «Қизилқумцемент»даги давлат улушини 1,89 трлн сўмга (қарийб 175 млн долларга) сотиб олиб, Ўзбекистондаги цемент заводлари сонини 3 тага етказди. Fusion Wealth Management менежери Майкл МакГофи ҳукумат активни бозор қийматидан 20 фоизга арзонроққа сотиб, «хусусийлаштириш дастурини шубҳа остига қўйгани»ни таъкидлади. У келишувни шаффоф эмас деб атади ва кўпроқ таклиф қилишга тайёр ўйинчилар борлигини маълум қилди.
Автомобиль йўллари қўмитаси раҳбари Абдураҳмон Абдувалиев президентнинг неча фоиз йўл ёқаларига дарахт экилгани ҳақидаги саволига нотўғри жавоб берди. Жавобни эшитган Шавкат Мирзиёев ундан: «Математикани қаерда ўқигансиз», — деб сўради.
Шавкат Мирзиёев Режеп Таййиб Эрдўғонга йўллаган мактубида Туркия президенти ва унинг рафиқаси коронавирусга чалингани ҳақидаги хабардан хавотирга тушганини билдирди. Уларга сиҳат-саломатлик, куч-қувват ва янги муваффақиятлар тилади.
Журналист Хайрулла Нуриддиновнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқлардаги ёшларнинг «бемаза қилиқ"ларига TikTok айбдор эмас. У ўзининг «Менимча» кўрсатувида «TikTok`ni ёмонотлиқ бўлаётганига сабаб, ўша ёшларнинг ота-онасида, ёшларга тарбия етишмаётганлигида» эканини айтди. Шунингдек, у TikTok бир майдонлигини, унинг фойдали томонлари ҳам борлигини айтиб ўтди.
Қарши туман ҳокими Мақсуда Мустафоева «ўз аризасига кўра» вазифасидан бўшатилган. У Қашқадарё вилоятидаги ягона аёл ҳоким эди. Вилоят ҳокимлигининг хабар беришича, яқин кунларда янги ҳоким сайлаш масаласи кўриб чиқилади.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан жами 2 та пневматик қурол, 2 дона тўппонча учун газ баллон ва 553 та пневматик ўқлар мамлакат ҳудудига олиб кирилаётгани аниқланган. Фарғона вилоятда эса хориждан учиб келган фуқарода 2 дона 12 калибрли ов қуроли борлиги маълум бўлган. Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан суриштирув ўтказилмоқда.
Шанба куни Ўзбекистонда 887 нафар кишида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилди. Шунингдек, 5 февраль куни 148 нафар кишида пневмония аниқланган бўлса, коронавирус оқибатида 3 нафар бемор вафот этди.
Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» дастури доирасида экилган дарахтлар бўйича рақамларга ишонмаслигини маълум қилди. У, шунингдек, Юнусобод тумани ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов дарахт экиш бўйича режа бажарилмагани учун лавозимидан четлаштирилганини айтди.
Ўзбекистон президенти ва ХХР раисининг Пекиндаги учрашувида камбағалликка ва коррупцияга қарши курашиш борасида Хитой тажрибасини ўрганиш ва жорий қилиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди. Томонлар беш йиллик Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик дастурини ҳам имзолади.
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси 2021 йилда 15,7 млрд сўм ишлаб топган, мусобақалар ўтказиш учун эса 16 млрд сўм сарфлаган, бу ЎзПФЛнинг ОАВ олдидаги илк очиқ молиявий ҳисоботида маълум қилинди. «Аввал, жамоалардан пул олмайдиган ташкилотга айланиб олишимиз, ундан кейин жамоаларга пул берадиган ташкилотга айланишимиз керак», — деди ЎзПФЛ раҳбари Диёр Имомхўжаев. Қолаверса, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази очилиши ҳам қайд этилди.
Жума куни Қурилиш вазирлиги Хоразм вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси инспектори пора билан ушланганини рад этиб, у ишдан аввалроқ бўшаганини маълум қилди. Шанба куни эса Бош прокуратура ҳузуридаги департамент вазирлик изоҳини инкор қилиб, ушбу ходим 1000 доллар пора билан ушланганини қайд этди. Шунингдек, гумондор инспекцияда ишлашини тасдиқловчи маълумотлар эълон қилинди.
Туризм ва спорт вазирлиги Қамаши туманида «Майданак» туристик-рекреацион зонасини ташкил этишни режалаштирмоқда. Майданак арчазорларида ўтов, «camping», «glamping», эко-уйлар, енгил конструкцияли контейнерлар жойлаштириш, экстремал туризмни ривожлантириш, осма дор йўлини қуриш, қолаверса, яқин ҳудуддаги қишлоқларда 100 дан ортиқ меҳмон уйини барпо этиш имконияти ўрганилмоқда.
Милоддан аввалги VI асрдан ХХ асрга қадар замонавий Ўзбекистон ҳудудида йигирмадан ортиқ давлатлар ҳукм сурган. «Газета.uz» geacron.com тарихий хариталар платформасига асосланиб, Ўзбекистон ҳудудида асрлар оша ҳукмронлик қилган давлатлар харитасини тақдим этади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг