Марказий банк 1000 сўмлик янги банкнотларни муомалага чиқариш ниятида эмас. Купюрани тангаларга алмаштириш режалаштирилмоқда, дея маълум қилди Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов. Ҳозирда 1000 сўмлик купюралар деярли муомаладан чиққан — 2021 йилда уларнинг нақд пул таркибидаги улуши 1,4 фоизгача камайди.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистонда ишлаш учун рухсатномаси мавжуд бўлмаган 18 нафар ўзбекистонликка ҳуқуқий тушунча берди. Улар орасида илк бор қўшни давлатга борганлар огоҳлантирилган, кўпдан бери ишлаётганлари эса жаримага тортилган.
2021 йил давомида Қозоғистонда 29 мингдан ортиқ Chevrolet машиналари харид қилиниб, компания мамлакат бозорида энг кўп машина сотган брендга айланди. Қозоғистонликлар кўпроқ Cobalt (14605) ва Nexia (10809) автомобилларини харид қилишган.
«Сабрия» телесериали танқидидан сўнг Sevimli телеканали бош директори ва бош муҳаррири лавозимини тарк этди, телеканал кузатув кенгашига эса вақтинчалик Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлик қиладиган бўлди. Ушбу ўзгаришлар АОКА текширувидан кейин содир бўлди.
Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси директори Рустам Шеров «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари этиб тайинланди. У тайинлов куни лавозимдан озод этилган Алишер Мустафоевнинг ўрнини эгаллади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 9,95 сўмга кўтарилиб, 10 845,02 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам юқорилади. Ушбу ўзгаришлар 24 январдан кучга киради.
2021 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 2020 йилга нисбатан 16%га ўсиб, $42,1 млрдни ташкил этди. Экспорт ҳажми 10%га ошиб, $16,6 млрдга етган бўлса, импорт 20,4%га ўсиб, $25,46 млрдни ташкил этди. Саноат товарлари экспорти олтин экспортидан ўзиб кетди.
Боғот туманида икки фуқаро тадбиркордан 10 млрд сўм кредит олиб бериш эвазига 45 минг доллар сўрагани айтилмоқда. Ушбу пуллардан 15 минг долларини олган вақтида эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Пойтахтда 20 ёшли бир талаба ва 18 ёшли икки мактаб ўқувчиси диний экстремистик ғоялар таъсирига тушиб, Сурияга кетмоқчи бўлганида қўлга олинган. Ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Йигитлардан бири 5 ярим йилга, икки нафари эса 6 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Тошкентда блогер Миразиз Бозоровга нисбатан жиноят ишини судда кўриб чиқиш бошланди. Журналистлар аввалроқ ПЗР-тест маълумотномаси талаб этилиши ҳақида хабар берилмаганлиги учун суд биносига кира олмади. Бундан ташқари, суд мажлиси очиқ деб эълон қилинишига қарамасдан, суд жараёнини суратга олиш ва ОАВда ёритиш тақиқланди.
Фарғона вилояти прокуратураси бўлим катта прокурори фуқарога тегишли бўлган гўшт дўконининг орқасида жойлашган 1,5 сотих ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 1000 доллар пора олган вақтида қўлга тушгани айтилмоқда. Гумондор процессуал тартибда ушланган.
Қирғизистон Энергетика вазирлиги ва Россиянинг «Росатом» корпорацияси Қирғизистон кам қувватли атом электр станциясини қуришдан манфаатдор экани билдирилган меморандумни имзолади.
Ўзбекистонга Каспий денгизидан циклон кириб келиши натижасида дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати совуқ ва булутли бўлади. Республика бўйича қор ва ёмғир ёғиши кутилмоқда. Жойларда туман тушиши мумкин, тоғли ҳудудларда эса қор кўчиши хавфи бор.
2024 йилдан ОТМларга кириш имтиҳонларида мажбурий фанлар мажмуасига чет тили фани ҳам киритилади. 2022−2023 ўқув йилидан 6 та ОТМларда чет тилларидан ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтади. Шунингдек, 1 февралдан С1 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига 2 йил давомида 50 фоизлик устама тўланади.
Тошкент тез тиббий ёрдам хизматининг call-марказида чақирувларини беморнинг аҳволига қараб саралаш тизими йўлга қўйилди. Энди «тез ёрдам» оғир аҳволдаги беморларга тиббий ёрдам кўрсатади, аҳволи енгил беморларга эса оилавий поликлиникаларнинг мобил бригадалари юборилади.
Мактабгача таълим ташкилотларида карантин талаблари кучайтирилади. Коронавирус ҳолатлари аниқланган боғча гуруҳлари СанЭпидхизмат хулосасига кўра вақтинчалик карантинга ёпилади. Давлат МТТларида байрам тадбирлари ўтказилиши вақтинчалик чекланади.
Кетма-кет учинчи кун антирекорд қайд этилди — пайшанба куни 1321 кишида коронавирусга топширилган тест мусбат натижани кўрсатди. 3 нафар бемор эса вирус асоратларидан вафот этди.
Пойтахт ИИББ Тошкентда автомобилга қарата ўқ узган шахсга нисбатан қонуний чора кўрилишини маълум қилди.
Италия кубогининг нимчорак финал баҳсида «Рома» клуби «Лечче» га қарши майдонга тушиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Голларга ромаликлардан Тэмми Абраҳам, Мараш Кумбулла ҳамда захирадан тушган Элдор Шомуродов муаллифлик қилди. Бу Элдорнинг жорий мавсумдаги 2-голи.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 24 январдан барча олий давлат, нодавлат, хусусий ҳамда хорижий филиаллар ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейларда масофавий таълим жараёнлари бошланишини маълум қилди. Чипталар чегирмалар сақланиб қолган ҳолда бошқа муддатларга алмаштириб берилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг