Сенат «Газета.uz» нинг ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгаши раиси мақомини бекор қилишга оид ҳужжат 2,5 йил олдин тайёрлангани, бироқ қабул қилинмагани ҳақидаги мақоласи юзасидан муносабат билдирди. Таъкидланишича, «қуйи палатада муҳокама қилинмаган қонун лойиҳаси Сенатда ҳам кўриб чиқилмаган». «Маҳаллий кенгашлар мустақил орган. Сенат фақатгина уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашади, услубий ёрдам кўрсатади», — дейилади баёнотда.
Таллимаржон ИЭСдаги носозликлар туфайли Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш вақтинча тўхтатилди. 13 январь куни эрталабга келиб электр таъминоти тикланди, дея хабар қилди Афғонистон энергетика компанияси.
Назарбекда мактаб ва болалар боғчасини қуришга мўлжалланган ер участкаси ноқонуний равишда тадбиркорга бериб юборилган. Сенаторлар аралашувидан сўнг у бошлаган қурилиш ишлари тўхтатилди.
Янгийўлда фуқарони Қирғизистоннинг Ўш давлат университетига киритиб қўйиш учун 10 минг доллар талаб қилган шахслар ушланди. Ҳозирда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.
1 февралдан бошлаб 26 та давлат ташкилот ва органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтинг жорий қилинади. Рўйхатдан 11 та вазирлик, 4 та давлат қўмитаси, 7 та агентлик ва 4 та ҳокимият ўрин олган ва уларнинг фаолияти 5 та индикатор асосида баҳоланади. 1 июлдан эса рейтинг барча давлат ташкилотларида жорий қилинади.
2021 йилда Ўзбекистонда 10 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, 12 млрд долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди. 2022 йилда экспорт ҳажмини 14 млрд долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинган.
12 январь куни Ўзбекистонда яна 714 киши коронавирусга чалинди. Бу олдинги кундан 110 нафарга кўп. Касалланиш кетма-кет 5-кун яна ортмоқда. Шунингдек, 3 киши вирусдан вафот этди.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти йиллик 262 фоизли депозитларни таклиф қилган Golden Cash Store молиявий пирамидаси бўйича жиноят иши тафсилотларини ошкор қилди. Компания фаолиятидан бир неча минг фуқаро жабр кўрди, улар 100 дан 10 минг долларгача қийматдаги олтин ва кумуш буюмларни топширган. Текширувлар давомида корхонанинг банк ҳисобварағидан 1,1 млрд сўм, таъсисчилардан бирининг пластик картасидан эса 2,4 млрд сўм пул топилди.
Спорт зали йўқ мактабларда қиш ойларида жисмоний тарбия дарслари ўтган ўқув йилидан бошлаб қисқартирилганди. Мазкур буйруқ бекор қилинди ва эндиликда барча мактабларда ҳафтада икки марта жисмоний тарбия ўқитилади.
Бир ҳафта ичида дунёда рекорд даражада COVID-19'га чалиниш ҳолатлари аниқлангани, Германияда Telegram`нинг блокланиши мумкинлиги, Қозоғистон бизнеси тартибсизликлар туфайли 240 млн доллардан кўпроқ зарар кўргани, «Толибон» Афғонистоннинг келаси уч ой учун 509,4 млн долларлик бюджетни тасдиқлагани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Маҳаллаларда иш бошлаган 9 мингдан ортиқ ҳоким ёрдамчилари, эмланмаган ишчиларнинг масофавий ишлаши, Ангрендаги сойдан жасади топилган 70 ёшли эркак, коронавируснинг кунлик ҳолати кескин ошиб бораётгани, Қозоғистоннинг янги бош вазирини табриклаган Абдулла Арипов, «Янги Ўзбекистон» боғида монументнинг кўчиб тушаётган гипслари ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 12 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ҳукумат қарори билан Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Эндиликда битта мулкдор қарши бўлган тақдирда ҳам ер участкасида инвестиция лойиҳасини амалга оширишга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, инвесторлар келиша олмаган мулкдорлардан кўчмас мулкни мажбурий сотиб олиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
ДХХ ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорликда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик гуруҳида иштирок этиш ва жиҳод ғояларини тарқатишда гумон қилинган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди. У Ўзбекистонга экстрадиция қилинган, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда «Янги Ўзбекистон» боғидаги «Истиқлол» монументининг гипс қисмларига зарар етгани акс этган суратлар тарқалди. Боғ раҳбарияти гипсли парчалар икки ой ичида бронзага алмаштирилишини маълум қилди.
Январь ойининг дастлабки 10 кунида республикада «Тез ёрдам»га қарийб 350 мингта мурожаат келиб тушган. Улар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,4 мингтадан зиёдроққа кўп. Мурожаатларнинг 32,4 мингтаси тана ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Анвар Алимов 15 январдан ташкилотларнинг эмланмаган ишчилари масофавий ишлашга юборилишини маълум қилди. «Кейинги беш кун ичида ишчилари вакцинанинг биринчи дозасини олган муассасалар аввалгидек ишлашда давом этишлари мумкин», — дея қўшимча қилди вазир ўринбосари.
Тошкентдаги радар ва камералар ўрнатиш мумкин бўлган 69 та объект онлайн аукционда сотилди. Бошланғич баҳоси 306,45 млн сўм бўлган объектларнинг умумий нархи 68,5 баробарга ошиб, 20,99 млрд сўмга етган. Энг қиммат ҳудуд 750,06 млн сўм — бошланғич қийматидан 277,8 баробар қимматга сотилди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 5,15 сўмга кўтарилиб, 10 860,17 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам кўтарилди.
«Толибон» Ўзбекистон ва Тожикистон расмийларини ушбу давлатларга олиб кетилган афғон самолётлари ва вертолётларини қайтаришга чақирди. Афғонистон муваққат ҳукумати мудофаа вазири в. б. Муҳаммад Ёқубнинг айтишича, агар давлатлар буни қилмаса, «уларни бунинг оқибатлари кутмоқда».
Ангрен ИЭСга қарашли дам олиш маскани ҳудудидан оқиб ўтувчи сойдан дам олиш мақсадида келган 70 ёшли эркакнинг музлаб қолган жасади топилди. Ангрен шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг