Нурмат Отабеков 5 март куни Зангиотадаги шифохонага коронавирус инфекцияси ташхиси билан етказилган ва 7 март куни вафот этган бемор тўғрисидаги хабарга изоҳ берар экан, СВВ ушбу ўлим ҳолати чиндан ҳам коронавирус билан боғлиқ ёки йўқ эканлиги натижасини кутаётганини маълум қилди. «Ўлимлар сонининг 622 та ёки 623 та бўлиши, бу — жиддий об-ҳаво яратмайди», — деди у.
Шавкат Мирзиёев 17 март куни дипломатик миссиясини якунлаётган Россия Федерацияси элчиси Владимир Тюрденевни қабул қилди. Президент уни икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдаги фаол иштироки учун фахрий ёрлиқ билан тақдирлади.
СЭС раҳбари Баҳодир Юсупалиев фуқаролар бирор вакцинани олишга мажбур эмаслигини маълум қилди. «Биз фуқароларимизни бирор вакцинани олишга мажбурламаймиз. Улар истаган вакцинаси билан эмланиши мумкин», — дейди у.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов 20 майдан бошлаб йиғин ўтказилишини маълум қилди. Ўзбекистон Профессионал лигаси раҳбари чемпионатнинг 10 ва 11 турлари 20−31 май оралиғига белгилангани, лекин тақвим ўзгариши ҳақида ЎзПФЛ расмий маълумот олмаганини қайд этди.
Сенат раиси Танзила Нарбаева хориждаги мигрант аёллар билан ишлашни ўз ҳолига ташлаб қўйиш керак эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, хориждаги аёлларни оиласига қайтариш ҳамда иш билан таъминлаш чораларини кўриши керак. «Россия, Қозоғистон, Кореяда, билмайман яна қаерда юрибди аёллар», — деди раис. Бундан ташқари, у мамлакатдаги мардикор аёллар ҳақида: «улар кўчада ўз ишчи кучини таклиф қилиб туриши жуда хунук ҳолат», деди у.
Долларнинг расми курси 12 сўмга арзонлади ва жами 10 523 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам бироз пасайди.
Коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони ошгани муносабати билан карантин қоидаларини қўпол равишда бузаётгани учун жаримага тортилаётганлар сони ошди. Шу вақтгача кунлик 200−300 кишига чора кўрилган бўлса, 16 март куни улар сони 400 нафарга етди. Карантин чоралари жорий этилган вақтдан буён эса қарийб 900 минг кишига чора кўрилди.
Тошкентда 660 минг дозали AstraZeneca вакцинасини Ўзбекистонга топшириш маросими бўлиб ўтди. Оммавий эмлаш Наврўздан кейин бошланади. ЖССТ вакили AstraZeneca’нинг COVID-19 ни олдини олишдаги афзаллиги уни ножўя таъсирларидан кўпроқ эканлигини маълум қилди.
АҚШнинг Moderna компанияси 6 ойликдан 12 ёшгача бўлган болаларда коронавирусга қарши вакцина синовларини бошлагани ҳақида эълон қилди. Синовларда АҚШ ва Канада бўйлаб 6750 нафар болалар иштирок этиши кўзда тутилган.
Олмазор тумани ҳокими ўринбосари — «Ёшлик» шаҳарчаси ҳокими лавозимига Зиёдулло Саъдуллаев тайинланди. У бунга қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқида бир қатор лавозимларда ишлаган.
Навоийда фуқаро бошқа бир тадбиркорга тегишли ерни $150 мингга сотишга уринди. У келишилган пулдан 70 минг долларини олганида ушланди. Унга нисбатан ЖКнинг фирибгарликка оид моддаси билан жиноят иши очилди.
Аваз Ўринбоев Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасига тайинланди. Бундан аввал у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасида фаолият юритган.
Тошкентда катта ҳажмли сув қувурларида режали профилактика-таъмирлаш ишлари ўтказилиши муносабати билан 29 мартдан 8 июнгача босқичма-босқич ичимлик суви таъминоти вақтинча тўхтатилади. «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ ўчирилиш вақтлари ва жойлар рўйхатини эълон қилди.
Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги директори лавозимида ишлаган Шохруҳ Шоаҳмедов Шорахимович Паркент туманига ҳоким этиб тайинланди.
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри ва вилоятида карантин чоралари кучайтирилмоқда. Вилоят дам олиш кунлари тўлиқ карантинга олинади. Ҳудудда коронавирус ҳолатлари даражаси 0,6 фоизга ўсган, кунига 99 ҳолат қайд этилган.
Газ тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан 17 март куни Тошкентнинг Яшнобод ва Сергели туманларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилди.
Қўқон давлат педагогика университетида талабалар ҳақида маълумот олиб, уларнинг манзилларини харитада кўрсатиб берадиган мобил илова яратилди.
Сўх туманида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар юзасидан айбланган 22 киши устидан давом этаётган суд жараёнида барча судланувчиларнинг охирги сўзи эшитилди.
Адлия вазирлиги мутахассиси қоидабузар ҳайдовчиларни тасвирга олиб, пул ишлаётганларни ватанни ҳам сотишга тайёрликда айблаган Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг мулоҳазаларига жавоб қайтарди. «Ҳуқуқбузарликнинг олдини олувчиларга „сотқин“ дея тамға босиладиган бўлса, мен уларга қарши „сотқин“ бўлишга тайёрман ва бундан ғурурланаман», — деди Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бошқармаси бошлиғи Шохидахон Юлдашева
Тошкент вилоятида аҳоли гавжум бўладиган бозор ва савдо мажмуалари, жамоат жойлари ва жамоат транспортларида карантин қоидаларига риоя қилиш устидан назорат кучайтирилади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг