Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида 4 та автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бир нафар йўловчи вафот этган, икки нафар фуқаро тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган. Ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ТИВ Афғонистондаги вазият бўйича баёнотида, Ўзбекистон «қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига содиқлигини» қатъий билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича «Толибон» ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турганини маълум қилинди. Мамлакатнинг Кобул ва Мозори Шарифдаги дипломатик ваколатхоналари одатдаги тартибда ишламоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, ҳудудларга ташриф чоғида «маршрут»ни ўзгартириш жойлардаги раҳбарларни бўшашмасдан, доимо ишчан ҳолатда туришга ўргатади. Давлат раҳбарининг қайд этишича, унинг огоҳлантиришига қарамасдан, жойларда фақат президентнинг ташрифи олдидан кўча ва майдонларни тозалаш ишлари давом этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ўтган 2020 йилда турли даражадаги мансабдорлар томонидан 500 млрд сўм миқдорида зарар етказилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2021 йилнинг беш ойида эса 1696 нафар мансабдорга нисбатан жиноий иш очилиб, етказилган зарар 450 млрд сўмни ташкил этмоқда.
Кеча кун давомида Ўзбекистонда 846 кишида коронавирус инфекция қайд этилди. 6 нафар COVID-19 бемори вафот этди. Шунингдек, душанба куни 407 кишида пневмония қайд этилди, 3 нафар пневмония бемори вафот этди.
Президент Шавкат Мирзиёев эндиликда пойтахт ва йирик шаҳарлардаги янги қурилишлар шаҳар ташқарисида амалга оширилиши ҳақида маълум қилди. Шунингдек, давлат раҳбари дарахтлар кесилиши масаласига тўхталиб, «яшил ҳудудларни камайтириш ҳолатлари туфайли тураржой мавзеларида одамлар сайр қиладиган жойлар қолмаётганини» таъкидлади.
Қарши шаҳрида Nexia пиёдалар ўтиш жойидан онаси билан ўтаётган, болалар аравачасида бўлган 9 ойлик чақалоқни уриб юборди. Вояга етмаган бола оғир тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этган. Ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
АҚШ президенти Афғонистондан ҳарбийларни олиб чиқиб кетаётганидан афсусда эмаслигини айтиб, Америка Афғонистонда ўз мақсадига эришганини маълум қилди. «Бизнинг Афғонистондаги ягона ҳаётий ва муҳим манфаатимиз АҚШга нисбатан террорчилик ҳужумларининг олдини олиш бўлган ва шундай бўлиб қолади», — деди у.
Келиб чиқиши ўзбек бўлган афғонистонлик маршал Абдул-Рашид Дўстум «Толибон» назоратига ўтган Мозори-Шарифдан Ўзбекистон томонга қочиб кетди, деб хабар тарқатмоқда хориж ОАВлари. Мазкур маълумот ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.
Бош прокуратура ўзининг Telegram каналидан Афғонистоннинг ҳарбий самолёт ва вертолётлари Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги хабарни охиригача тасдиқланмаганлиги сабабли ўчириб ташлади.
Тармоқларда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбийлари Сурхондарёга қўнган ва ичида афғон ҳарбийлари бўлган иккита вертолётни кўздан кечираётгани акс этган видеоёзув пайдо бўлди. «Толиблар Кобулни эгаллади, биз жанг майдонидан қочдик… Бошқа чорамиз йўқ эди»", — дейди афғон ҳарбийларидан бири.
«Газета.uz»нинг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ҳақидаги видеоёзувларни кўриб чиқишдаги муаммолар тўғрисидаги мақоласидан сўнг ЙҲХББ хизмат текшируви тайинланганлигини маълум қилди.
14−15 август кунлари Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та ҳарбиий вертолёти Ўзбекистон ҳаво ҳудудига кирган ва Термиз халқаро аэропортига мажбурий қўндирилган. 15 августда Афғонистоннинг Embraer 314 ҳарбий самолёти уни кузатиб бораётган Ўзбекистон ҲҲКнинг «МИГ-29» самолёти билан тўқнашиб, ҳар икки самолёт Сурхондарё вилояти ҳудудига қулаган. Уларнинг учувчилари парашют орқали ерга тушишган.
Малайзия бош вазирининг истеъфоси, Россиядаги ўрмон ёнғинлари ва сув тошқинлари, Афғонистон можароси бўйича сўнгги хабарлар ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Қонунчилик палатаси депутатлари Тошкент шаҳри ва вилоятининг тўрттадан туманлари чегараларини ўзгартириш тасдиқладилар. Пойтахт чегаралари 7853,3 га ер майдони ҳисобига кенгаядиган бўлди. Шу билан бирга, Сергели ва Бектемир туманларидан бир қисм ер Зангиота ва Юқоричирчиқ туманлари таркибига ўтади.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Афғонистон ҳаво кучларига тегишли самолётнинг Сурхондарёда қулаб тушганини тасдиқлади. «Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринишнинг олди олинган», — дея қайд этди вазирлик. Суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Икки йил олдин йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ҳақидаги видеоларни юклаш учун сайт ишга туширилди. У йўлдаги қоидабузарликларга қарши курашнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши керак эди. Бироқ, амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ДЙҲХХ инспекторлари яққол қоидабузарликни рад этишлари, енгилроқ жазо тайинлашлари ёки уни умуман «пайқамасликлари» ҳам мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғанга ушбу мамлакатда рўй берган ҳалокатли сув тошқинлар оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Бухорода 10 минг доллар эвазига ваколатли танишлари ёрдамида уй-жой қуриш учун ер олиб беришни ваъда қилган шахс қўлга тушди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан иш очилди.
Долларнинг расмий курси 23,00 сўмга пасайди ва жами 10 660,00 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, рубль курси ҳам бироз пасайди, евро курси кўтарилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг