Декабрь ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан тезлашиб, 14,7 фоизни ташкил этди. Бу 2023 февралидан буён энг юқори кўрсаткич. Ой давомида аҳолига энг кўп гўшт, сут, бензин, электр энергияси ва табиий газ нархи ошгани сезилди.
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида 3,9 магнитудали ер силкиниши қайд этилди. Зилзила эпицентри Тошкентдан 363 км узоқда жойлашган.
Тармоқларда Самарқанд вилоятидаги Оқдарё сув омборида ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида видео пайдо бўлди. Аслида жорий таъмирлаш ишлари акс этган видеони 2 киши ёлғон изоҳ билан тарқатгани аниқланди. Уларнинг ҳар бирига 7,5 млн сўмдан жарима жазоси тайинланди.
Авазжон Каримов Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси раиси бўлди. У келгусида мамлакатда мазкур спорт ривожини янада ошириш йўлида бор кучини ишга солишини билдирди.
«Ғишткўприк» чегара божхона постида икки ҳолатда 717 дона буғу шоҳини ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган шахслар аниқланди. Улар шоҳларни декларацияда ёзиб кўрсатмаган ва оғзаки сўровда ҳам маълум қилмаган.
Беларусь саноат вазирининг биринчи ўринбосари Александр Огородников 2018 йилдан буён ишлаб келган Леонид Маринич ўрнига Ўзбекистондаги янги элчи этиб тайинланди.
«Ёшлар учун 1000 китоб» лойиҳаси 2024 йили 50 та илмий-оммабоп китобни ўзбекчага ўгирди. 2025 йилда бадиий ва болалар адабиётлари ҳам таржима қилиниши режалаштирилган. Ҳозирда лойиҳа учун контент-менежер ва ташкилий-молиявий менежер изланмоқда. Номзодларга, жумладан, юқори маош таклиф қилинади.
Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида қўлбола алкоголь маҳсулотлари муомалага киритилишининг олди олинди. Хусусан, Янгийўл туманида яширин цех ташкил этган фуқаронинг уйидан «Ўзбегим» номли қўлбола алкоголь маҳсулотлари ва 120 литр спирт ашёвий далил сифатида олинди.
Тошкент марказида жойлашган, бир вақтлар шаҳар рамзи ва меъморлар ифтихори ҳисобланган «Чорсу» меҳмонхонаси бугун қаровсиз қолиб, бузилмоқда. «Газета.uz» реконструкцияси амалга ошмаган совет модернизми ёдгорлигининг тарихи, тараққиёти ва таназзули ҳақида ҳикоя қилади.
Тошкентда Жасжан номи билан танилган блогер Instagram`га видео олиш учун жамоат жойида бир қиз билан жанжал уюштирди. Суд унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси, қизга эса 375 минг сўм жарима тайинлади. Блогер аввал ҳам бир неча бор қамоқ жазосини ўтаб чиққан.
Ўзбекиситонда юридик шахсларнинг жойлашган ери ўзгарганда улар қайта давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божини тўлашдан озод этилди. Шунингдек, суғурта қилдирувчилар суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар юзасидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўламайдиган бўлди.
Арманистон ва АҚШ стратегик шериклик тўғрисидаги хартияни имзолади. Ҳужжат доирасида хавфсизлик ва мудофаа, иқтисодиёт ва демократия соҳаларида ҳамкорликни кенгайтирадиган махсус комиссия тузилади. Арманистон ИШИДга қарши коалицияга қўшилади.
Терговчилар иккинчи уринишда Жанубий Кореянинг ҳокимиятдан четлатилган президенти Юн Сок Ёлни исёнчиликда айблаб ҳибсга олди. Бу амалдаги, лекин ҳокимиятдан четлатилган давлат раҳбарининг қўлга олинишидаги илк ҳолатдир.
БААнинг сунъий интеллект тажрибасини ўрганадиган Ўзбекистон, «Бешёғоч» бозорини бизнес марказига айлантириш таклифи, «адолатли рақобат» бўйича хавотирларни рад этган Paynet, халқаро мукофот ғолиби бўлган президент мактаби ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Абу Дабидаги халқаро саммитда Экология вазирлиги ва БААнинг Tadweer Group компанияси ўртасида Бухорода 10 га майдонда чиқинди ёқиш заводи қуриш ва электр энергияси олиш бўйича шартнома имзоланди. 200 млн долларлик лойиҳа қурилиши бу йил бошланади ва 21 минг хонадонни электр билан таъминлайди.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида 35−40 ёш атрофидаги 6 нафар Ўзбекистон фуқароси қалбаки спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида заҳарланди ва вафот этди. Бош консулхона мамлакатдаги ўзбекистонликларга мурожаат қилди.
Президент Абу Дабида БААнинг етакчи компаниялари делегациялари билан учрашди. Томонлар инфратузилма, шаҳарсозлик, энергетика, транспорт, логистика соҳаларида ҳамкорликни муҳокама қилди. Нодир металларни ўзлаштириш, «қуруқ» портлар қуриш, таълим ва тиббиёт лойиҳалари бўйича келишувларга эришилди.
Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғазо секторида сулҳ тузиш ва исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар «якуний босқичда», деди келишувга воситачилик қилаётган Қатар ТИВ.
Humo тўлов тизимини сотиб олган Paynet рақобатчиларидан устунликка эга бўлиши борасидаги хавотирларга жавобан адолатли рақобат тарафдори эканини билдирди.
Туркия компанияси Чилонзор ҳокими ўринбосари билан музокарада «Бешёғоч» бозори ўрнида йирик бизнес маркази қуришни таклиф қилди. Ҳокимлик лойиҳа ҳозирча муҳокама босқичида эканини айтди: «Айни вақтда лойиҳа аниқ амалга ошиши, унинг муддатлари ва қиймати ҳақида ҳеч қандай режалар йўқ».
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг