АҚШ Сенати Украина, Тайван ва Исроилга 95 миллиард долларлик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Ҳужжат энди республикачилар назоратидаги Вакиллар палатаси томонидан кўриб чиқилади. Палата спикери Майк Жонсон аллақачон лойиҳани овозга қўймаслигини айтиб улгурди.
Ҳайвонлар миграцияси сайёрадаги энг мураккаб экотизимларни сақлаб қолишда муҳим роль ўйнайди, аммо одамлар ва иқлим ўзгариши туфайли ҳар бешинчи кўчиб юрувчи тур йўқолиб кетиш хавфи остида, дейилади БМТ ҳисоботида.
Veolia Energy Tashkent компанияси кенгашга Тошкент шаҳри аҳолиси учун иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифини 15 фоизга оширишни таклиф қилди. Корхона раҳбарининг айтишича, ҳозирда шаҳар аҳолиси базавий тарифнинг атиги 14 фоизини тўлайди, қолгани эса шаҳар бюджетидан субсидия шаклида қопланади.
Гўшт, сут ва тухум етиштиришни кўпайтиришга 315 млн доллар ажратилади, маблағ чорва комплексини ташкил этиш, қорамол олиш ва омухта-ем чиқариш учун берилади. Президент беларуслик ҳамкорлар билан 200 млн долларлик сут ва озуқа ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар тайёрлаш бўйича топшириқ берди.
Сохта мотиваторларни тартибга солиш таклифи, боласи мактабга бормагани учун огоҳлантириш олаётган ота-оналар, ҳаво ифлосланишида «айбсиз» бўлган мазут, Minerva city масаласига тўхталган ЎзЛиДеП ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Бош режалар йўқлиги сабабли Ўзбекистонда айрим шаҳар ва қишлоқлар фақат энига кенгаймоқда. Бу инфратузилма харажатлари ошишига, қишлоқ хўжалиги ерлари камайишига олиб келмоқда, деди президент. У урбанизация жараёнларини тартибга солиш бўйича концепция ва қонун ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.
Энергетика вазирлиги иссиқлик станциялари ва иссиқлик марказлари мазутдан фойдаланишининг Тошкентдаги ҳаво ифлосланиши билан боғлиқлигини рад этди. Вазирлик Тошкент ИЭСда (ТошГРЭС) белгиланган техник кўрсаткичларга мос келадиган фильтрлар ўрнатилганини маълум қилди.
Марказий банк январь ойи давомида битта банкни меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилмагани учун жаримага тортди, 3 та банкни эса чора ва санкциялар қўлланиши тўғрисида огоҳлантирди.
Шофирконда Taftish.uz интернет нашри мухбири таниши билан келишмовчилик пайтида пичоқланди. Жабрланувчи шифохонага ётқизилди, гумонланувчига нисбатан эса жиноят иши қўзғатилди.
ЎзЛиДеП Minerva city лойиҳасидан қайтарилган 100 гектар майдон тўғридан-тўғри бошқа инвесторга берилишига қарши эканини ва ер майдонлари фақат очиқ аукционлар орқали сотилиши тарафдори эканини билдирди. Аввалроқ Янгиҳаёт тумани ҳокими ҳудудга пул тикмоқчи бўлган хитойлик инвестор борлигини айтганди.
Тошкентда иккиламчи уй бозорида ўртача нарх йил давомида 29,8 фоизга ўсиб, 1 кв. м учун 1212 долларни ташкил этди, деб хабар берди МБ. Пойтахтда 1 сотих ер нархи 362 млн сўмгача қимматлашди. Кўчмас мулк ва ижара нархлари ўртасидаги фарқ туфайли уй-жойнинг ўзини оқлаш муддати 8,2 йилга етди.
Йўл қоидалари бузилганда, автомобилнинг эгаси эмас, уни бошқарган шахс (ижарага берилган шахслар, яқин қариндошлар ва бошқалар) жавобгарликка тортилиши кўзда тутилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан рад этилди. Ўзгартириш коррупцияга йўл очиб бериши таъкидланди. Қонун муҳокамаси тафсилоти.
Tасвирий санъат галереясида жадидчилик ҳаракатига бағишланган «Хотира йўлаги» кўргазмаси очилган бўлиб, у 18 февралга қадар давом этади. Унда 42 экспонат намойишга қўйилган. Экспонатлар орасида Фитрат ва Беҳбудий томонидан ёзилган дарсликлар, журналлар ва ўқув қўлланмалари ҳам бор.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида тузилган баённомага киритилган ўзгартиришларга кўра, фуқаролар мамлакатга кириш/чиқиш, транзит ўтиш ва 15 кун муддатга ўзлари бўлиб турган давлатда рўйхатдан ўтиш мажбуриятидан озод этилди. Мазкур қоида январь ойидан кучга кирган.
Қамчиқ довонида DAF ва Isuzu юк машиналари тўқнашди. Оқибатда иккала ҳайдовчи ва уч йўловчи воқеа жойида вафот этди. DAF юк транспорт воситасига ортилган бир қанча енгил автомобиллар пастликка тушиб кетди.
Савдо-саноат палатаси раиси 227−1 модда бўйича тадбиркорларга қўлланган жарималар миқдорининг 98 фоизи ҳисобдан чиқарилишини маълум қилди. Аввалроқ палата бу модда бўйича 400 млрд сўмлик жаримани ҳисобдан чиқаришни назарда тутувчи президент қарори лойиҳасини ишлаб чиққани хабар қилинганди.
Қонунчилик палатаси депутатлари — Шаҳноза Холмахматова ва Гулруҳ Агзамова «сохта психологлар» кўпайиб қолгани, уларга қарши курашиш зарурлигини таъкидлаб, бундай тренерлар фаолиятини тартибга солишга қаратилган ҳужжатларни ишлаб чиқиш кераклигини билдирди.
Мактаб дарсларига сабабсиз қатнашмаётган болаларнинг ота-оналарига огоҳлантириш хатлари юборилмоқда, унда ота-оналар фарзандларининг таълим олишида жавобгар экани эслатилган. Таълим вазирлиги бундай чораларнинг моҳиятини тушунтирди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан аёлларга автобус ва юк автомобилларини бошқаришга рухсат этилди. Қайд этилишича, замонавий автотранспорт воситаларининг техник хусусиятлари аёлларга ушбу соҳаларда қулай ва соғлиқларига зарарсиз меҳнат фаолиятини олиб бориш имконини беради.
Озарбайжон ва Арманистон бир-бирини чегара ҳудудини ўққа тутишда айблади. Бокуда бир киши яралангани хабар қилинди. Ереван тўрт арман аскари ҳалок бўлганини билдирди. Бу Озарбайжоннинг Қорабоғдаги ҳарбий амалиётидан буён икки давлат ўртасида юз берган энг жиддий чегара тўқнашуви ҳисобланади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг