Тошкент ҳайвонот боғига Жанубий Африкадан 3 та зебра, 3 та жирафа боласи, оқ Бенгал йўлбарси ва оқ шер олиб келинди. 2022 йилнинг август ойида у ердаги Алатау лақабли жирафа нобуд бўлганди.
Наманганда уч нафар тиббиёт ходими болаларнинг йоддан заҳарланиши билан боғлиқ иш бўйича эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди. Врачлар ассоциацияси эҳтиёт чорасини енгилроғига ўзгартиришни сўраб, президентга хат йўллади.
Нукуслик фотосуратчи Азамат Маткаримов иш билан тез-тез Урганчга боради. Бу сафарларида у қишлоқ манзаралари йил давомида қандай ўзгаришини кузатади. Фасллар алмашинуви шолизорларда айниқса ёрқин акс этади. Унинг суратлари, масалан, бир лаган палов ортида қанча меҳнат ётгани ҳақида ҳикоя қилади.
iTicket.uz Тошкентдаги Humo Arena`да бўлиб ўтган санъаткор Jah Khalib`нинг концертига кўпчилик учинчи шахс ёки сайтлардан қалбаки чипталар сотиб олгани учун кира олмаганини маълум қилди. Чипталарни расмий манбалар орқали сотиб олганларга пул қайтарилади, деди компания.
Булоқбоши туманидаги конда 46 ёшли эркакнинг устига тош юмалаб, босиб қолди. Оқибатда у воқеа жойида вафот этди.
Термиз шаҳри ҳокими Ўктам Тўраев чиқинди ташиш билан шуғулланувчи корхона раҳбарини 15 суткага қаматишга урингани хабар қилинди. Ҳокимлик эса буни рад этиб, тадбиркорга чиқиндилар ўз вақтида йиғиштириб олинмагани ва шаҳарни ободонлаштириш қоидалари бузилгани учун жарима қўлланганини билдирди.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси DV-2023 (Грин кард) дастури орқали иммиграцион визаларни тақдим этиш бўйича дунёда 7-ўринни эгаллади. Бу мавсумда лоторея ютуғининг 5,5 мингдан зиёдроғи ўзбекистонликларга чиққан, берилган визалар сони эса 3100 дан кўпроқни ташкил этган.
Самарқанд шаҳрида жанжал бўлаётгани юзасидан келиб тушган чақириққа кўра хонадонга борган профилактика инспектори уй эгалари томонидан калтакланди. Шунингдек, унга тегишли машина ойналари синдирилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 2 фуқаро қамоққа олинди.
Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси билан Сирдарё вилоятида 1500 мегаватт қувватли буғ-газ электр станциясини тармоққа улаш ҳамда Тошкент вилоятида «яшил водород»ни «пилот» тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш лойиҳаларига старт берилди.
Қўшиқчи Jah Khalib концерти вақти Humo Arena мажмуасидаги тартибсизликлар вақтида фуқаролар жароҳатлангани ва вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ушбу ҳолатлар бўйича хабар келиб тушмаганини маълум қилди ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликни сўради.
Саудия Арабистони инвестициялар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ бошчилигидаги делегация ташрифи доирасида икки давлат ўртасида 12 млрд долларлик келишувлар имзоланди. Шунингдек, яна 11 млрд долларлик лойиҳа ва дастурларни илгари суришга келишилди. Шавкат Мирзиёев вазирни «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.
Ўзбекистонда 29 ноябрь куни баъзи жойларда ёмғир ёғади, шамол кучаяди. Ҳаво ҳарорати пасайишни бошлайди ва иш ҳафтасининг иккинчи ярмида кечаси +7, кундузи +15 даражагача илиқ, шимолда кечаси -5 даражагача совуқ, кундузи +10 даражагача илиқни ташкил этади.
2024 йилдан тадбиркорлар ўртасида «Ёнғин хавфсизлиги аълочиси» танлови ўтказилади. Ғолиб 100 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланади ва унинг фаолияти 2 йил давомида давлат ёнғин назорати органлари томонидан текширилмайди.
Шаҳрисабз туманида 14 ёшли қизни 7 ой давомида жинсий қулликда сақлаб келгани айтилган аёл қамоққа олинди. Ижтимоий ҳимоя агентлиги қиз отасининг қарамоғида бўлгани, онаси эса чет элда эканини билдирди. «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази қизнинг саломатлигини тиклаш ишларини олиб бормоқда.
Жамил Шарапов Ўзбекистоннинг Нью-Йоркда бош консули вазифасини бажаришга киришди. У шу пайтга қадар ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти директори ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
Ўзбекистонда октябрь ойи якуни бўйича барча автотранспорт воситаларининг сотуви 24 фоизга ўсиб, 183 мингтани ташкил этди ва ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан 62 фоизга кўпайди. Ой давомида қарийб 40 мингта янги маҳаллий автомобиль сотилди, электромобиллар сотуви эса 26 фоизга камайди.
Сенаторлар маъқуллаган қонунга кўра, тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш доир принциплар мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар томонидан тупроққа етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи белгиланмоқда.
Чортоқ тумани тез тиббий ёрдам хизматининг Damas автомобили қарама-қарши йўналишдаги Cobalt билан тўқнашди. ЙТҲ оқибатида 103 хизмати ҳайдовчиси вафот этди, унинг ҳамроҳи жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди.
Тошкентда қозоғистонлик қўшиқчи Jah Khalib концерти бўлиб ўтган Humo Arena мажмуасига киришда тиқилинч ва тартибсизликлар юз берди. Миллий гвардия маълумотларига кўра, мингдан ортиқ фуқаро сканерланган чипталарни такроран тақдим этгани учун киритилмаган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Италияда шахмат бўйича ўтказилган 14 ёшгача қизлар ўртасидаги ЖЧда ғалаба қозонган Афруза Ҳамдамовага 100 млн сўм, унинг мураббийига эса 50 млн сўм пул мукофоти берилди. Шахматчи Ўзбекистон тарихида қизлар орасидаги илк жаҳон чемпиони ҳисобланади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг