Тошкентнинг бир қанча асосий кўчаларида кетаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари «бошқа кўчалардаги мавжуд оқимга қўшимча юкламалар ҳосил қилди», — дейилади Транспорт вазирлиги хабарида. Бу, ўз навбатида, «барча кўчаларда транспорт воситалари, жумладан, автобуслар тезлигининг пасайишига олиб келди».
АҚШ Ўзбекистонда инклюзив таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича янги дастурни амалга оширади, дея маълум қилди USAID раҳбари Саманта Пауэр Тошкентдаги мактаблардан бирига ташрифи чоғида. Дастурнинг биринчи йили учун 4,5 млн доллар ажратилди.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши ҳақидаги протоколни имзолади. Энди у Туркия парламенти томонидан ратификация қилиниши керак. Швеция бош вазири мамлакат альянсга аъзо бўлиш имкониятини «интизорлик билан кутаётганини» таъкидлади.
Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент вилоятида дендропаркда 2017 йилдан буён қатор объектлар ноқонуний қурилгани ва қимматбаҳо дарахтлар кесилгани ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатди. Ўрмон хўжалиги агентлиги, «Дархон» станцияси, Тошкент тумани ҳокимлиги ходимлари ва бошқаларга қарши иш қўзғатилган.
Россия Тергов қўмитаси раҳбари Россия паспортини олган мигрантларга Украинадаги урушда қатнашишни таклиф қилиш, рад этганларни фуқароликдан маҳрум қилиш таклифини билдирди. Августдан буён Россияда «янги» фуқароларга қарши рейдлар ўтказилиб, военкоматларга олиб кетилиб, чақирув қоғозлари берилмоқда.
Тошкентда 22 ёшли ҳайдовчи қизил чироқда қарама-қарши йўлакка чиқиб кетиб, мактаб ўқувчисини уриб юборишига оз қолди. Салонда туриб олинган хавфли машина ҳайдаш ҳолати Instagram`га жойланди. ЙҲХББ ходимлари баённома тузиб, «профилактик суҳбат» ўтказди. Ҳайдовчи 3,3 млн сўм жаримага тортилиши мумкин.
Биржада Аи-80 бензинини сотиш лимитининг 5 тоннадан 10 тоннага оширилиши талабнинг бир неча баробар ортишига ва харидорларнинг икки баравар қисқаришига олиб келди, деб ёзмоқда Spot. Айрим АЁҚШлар фаолиятини тўхтатди. Биржада нарх чеклови ҳам киритилган бўлиб, бу «бозор тамойилларига зид».
Адвокатлар палатаси Касб этикаси қоидаларига адвокатларнинг давлат органлари ва мансабдорларни муҳокама қилиш, «одамларда ислоҳотларга ишончсизлик туйғусини уйғотиши мумкин бўлган» материалларни жойлаштиришни тақиқловчи қўшимчалар ишлаб чиқди. Адвокатларга кўра, бу «адвокатларнинг оғзини ёпиш»дир.
Тошкентга ташриф буюрган USAID администратори Саманта Пауэр Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлаш учун 14 млн доллардан ортиқ маблағ ажратилишини маълум қилди. Хусусан, маблағлар сил касаллиги, эпидемия ва пандемия таҳдидига қарши кураш, шунингдек, хусусий секторни мустаҳкамлашга йўналтирилади.
Тўққиз ой ичида Ўзбекистон газни экспорт қилишдан кўра кўпроқ импорт қилди. Биргина сентябрь ойида 286,1 миллион долларлик газ сотиб олинди, бу аввалги саккиз ойга нисбатан 40 фоизга кўпдир.
2021 йилда Ўзбекистон Қирғизистонга МИ-8МТВ ҳарбий вертолётини совға қилган. Қирғизистон яна бир шундай самолётни таъмирлаш учун Ўзбекистонга юборган. Мудофаа вазирлиги таъмирлаш ишларини тўлиқ ўз зиммасига олган ва ҳозирда таъмирдан чиққан вертолётни Қирғизистонга қайтарди.
Chery автомобиль бренди кейинги беш йил ичида технологик тадқиқотлар ва ишланмаларга 100 млрд юан сармоя киритишни ҳамда дунё бўйлаб 300 та Chery технология лабораторияларини қуришни режалаштирмоқда.
ЮНEСКО Интерпол билан биргаликда ўғирланган маданий ёдгорликларнинг виртуал музейини яратади. Ташриф буюрувчилар унда бутун дунёдаги музейлар ва шахсий коллекциялардан ўғирланган артефактларнинг 3D моделларини кўриши мумкин бўлади.
«Док-1 Макс» сиропи 2021 йилда қайта рўйхатдан ўтаётганда GMP сертификати бўлмаса-да, 2 ой мобайнида сотуви давом этган. Бу даврда заҳарли моддаси бўлган 40 мингга яқин флакон мамлакатга кирган. Фармацевтика агентлиги собиқ раҳбари буни дорилар сертификат бор пайтда ишлаб чиқарилгани билан изоҳлади.
Навоий вилояти Томди туманида Nexia-2 ағдарилиб кетиши оқибатида 3 киши вафот этди.
Икки йил давомида Ўзбекистонда давлат бюджетидан сув хўжалигига қарийб 2 млрд доллар ($2,54 млрд давлат қарзини ҳисобга олмаганда) ажратилди, аммо бу вақт ичида сув исрофи ва насосларнинг ҳолати яхшиланмади. Соҳага 2024 йилда яна 1,7 трлн сўм ва 300 млн долларлик кредит ажратиш режалаштирилган.
Самарқанддаги 9 та кўп қаватли уй қарийб 9 млрд 535 млн сўмлик табиий газдан, 2 та кўп қаватли уй эса 64 млн 800 минг сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланди.
Денов туманидаги газ қуйиш шохобчасида «ВАЗ-2106» автомашинасининг газ баллони портлади. Оқибатда ёнилғи қуйиш шохобчаси ходими ва бир ҳайдовчи ҳалок бўлди.
Ўзбекистоннинг Италиядиги элчиси Отабек Акбаров дипломатик миссиясини якунлади. Мамлакат ташқи ишлар вазири унинг беш йиллик фаолиятини ижобий баҳолаб, икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтаришдаги ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.
24−25 октябрь кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кўтарилиб, +22…+25 даражагача исийди. Аммо пайшанба куни Волгабўйидан нам ҳавонинг янги қисми кириб келиб, айрим ҳудудларда яна ёмғир ёғади, ҳарорат +15…+20 даражагача пасаяди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг