Референдум ўтказишга 182,3 млрд сўм ажратилиши, нархи ошган помидор, вайнер Dili.me`га қўзғатилган жиноят иши, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг Ўзбекистонга тавсиялари, Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия бош вазири билан учрашуви ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида ташкилотнинг тизимли ҳамкорлик платформаси, шунингдек, Табиий офатлар мониторинги марказини яратишни таклиф қилди. Ўзбекистон Ҳатай вилоятининг Овакент туманини қайта тиклашга ҳам ёрдамлашади.
Ўзбекистон Марказий банки маълум қилишича, йиллик инфляция кўрсаткичи пасайган, бу эса унинг иккинчи чоракда янада пасайиши эҳтимолини оширган. Аномал совуқ савдо ва саноатга салбий таъсир кўрсатди, лекин Марказий банк биринчи ярим йилликнинг охиригача соҳалардаги кўрсаткичлар тикланишини кутмоқда.
Ислом тараққиёт банки Ўзбекистондаги қишлоқ жойларни ривожлантириш учун 200 млн доллар ажратди. Лойиҳада 113 та қишлоқни ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, электр таъминоти тизимини яхшилаш режалаштирилган.
Тошкент шаҳрида автобуслар 19, 20, 21, 22 март кунлари шанбалик, 25 март куни эса иш кунлари учун тасдиқланган жадваллар асосида ҳаракатланади.
Ўзбекистон президенти болани хорижда назоратсиз қолдирганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгиловчи тузатишлар акс этган қонунни имзолади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ҳамда икки давлат корхоналари ўртасида ҳамкорлик қилиш учун ишлаб чиқариш майдонини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.
Бўзатов туманида 200 ўринга мўлжалланган санаторийнинг қуриш ишлари бошланди. У Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан молиялаштирилган бўлиб, унинг баҳоси 123 млрд сўм. Олти қаватли иморат қурилганидан сўнг 120 та янги иш ўрни яратилади.
Бош прокуратура энергетика соҳасидаги қонунбузарликлар ҳақида хабар бериш мумкин бўлган Telegram-ботни ишга туширди.
Тошкент шаҳри яқинидаги Тўқайтепа ёдгорлигидан баландлиги 80 см бўлган тарихий кўза яхши ҳолатда топилди. Илмий ходимлар топилманинг ясалган даврини аниқламоқда.
Вайнер Dili.me ва унинг шериклари фуқарони уриб, жароҳат етказгани айтилмоқда. Бош прокуратура уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва блогер 10 март куни ушланганини маълум қилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон The Economist журналининг Россиянинг геосиёсий иттифоқдошлари индексига киритилиб, 12 давлат ичида охирги ўринда қайд этилди. Нашр рўйхатни тузишда мамлакатларнинг дипломатик, ҳарбий, шунингдек, энергетика ва иқтисодий алоқаларини таҳлил қилган.
Январь ойида ўз аризаси билан Тошкент шаҳри бош имом-хатиби вазифасидан озод этилган Раҳматуллоҳ Сайфуддинов «Минор» жоме масжиди имом-хатиби этиб тайинланди.
Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича республика референдуми 30 апрель — якшанба куни ўтказилади. Муддатидан олдин овоз беришни истаганлар 19−26 апрель кунлари жараёнда қатнашишлари мумкин.
Ўзбекистонда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун 182 миллиард 386 миллион сўм ажратилди.
Марказий банк асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражада белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ўзбекистонда иссиқхона помидорининг нархи кескин кўтарилди, бунинг сабаби сифатида январь ойидаги аномал совуқ пайтида иссиқхоналарда ҳосилнинг нобуд бўлгани кўрилмоқда. 10 мартга қадар қизил помидорнинг улгуржи нархи 27 минг сўмга, пушти ранглиси эса 33 минг сўмгача кўтарилган.
Навоийда Тошкентга олиб келинаётган истеъмолга яроқсиз гўшт аниқланди. Маҳсулот қиш йўли билан йўқ қилинди.
Тижорат банклари 16 март куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 365 — 11 440 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 460 — 11 505 сўм.
Анвар Орипов Сурхондарё вилояти ҳокимига молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосар, Фарҳоджон Исмоилов эса қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосар этиб тайинланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг