Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги «Навоий (Зангиота)-Қоплонбек» автомобиль ўтказиш пунктлари 1 ноябрдан эмас, 1 декабрдан ёпилади. Реконструкция ишлари икки давлат ўтказиш пунктларида бир вақтнинг ўзида бошланади ва якунланади.
Tad Industries компанияси FaceIDS дастурининг имкониятларини намойиш этди ва Smart and Secure City йўналиши бўйича Best Solution of the Year 2022 мукофоти билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги мактабларда бошланғич синф ўқувчиларига бепул тушлик тарқатиш бўйича вазифа ижросини таъминлашда камчиликлар аниқланган. Хусусан, ҳукумат қарорни кеч қабул қилгани, маблағнинг камлиги ва мактабларда зарур инфратузилма йўқлиги асосий муаммолар сифатида кўрсатилган.
Солиқ қўмитаси тўлов тизимларидан барча тўловларни фискаллаштиришни талаб қилди. Юзага келган вазият Ўзбекистондаги электрон тижорат ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Давлат комиссиясининг тегишли баёни билан Россиянинг Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларда ўқийдиган Ўзбекистонликларга ўқишни истисно тариқасида кўчириш имкони берилди. Аризалар 1 ноябрдан бошлаб my.dtm.uz сайти орқали қабул қилинади.
Октябрь ойида йиллик инфляция даражаси 12,2% га етди. Ўтган ойда инфляция хизматлар соҳасида энг кучли бўлган — 1,5%. Озиқ-овқатлар 1,4%га, ноозиқ-овқат маҳсулотлар эса 0,9%га қимматлашган.
Қорақалпоғистондаги июль воқеаларида иштирок этганликда гумон қилиниб, озодликка чиқарилганлар сони 107 нафарга етди. Ноябрнинг илк кунида парламент комиссияси ташаббуси билан яна 35 киши жамоат кафиллиги асосида уйига қайтарилди.
30 октябрь куни Морби шаҳрида осма кўприкнинг қулаши оқибатида 130 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди. Ҳиндистон полицияси ҳолат юзасидан 9 кишини, жумладан, оломонни назорат қила олмагани учун бошқарув ходимлари, чипта сотувчилари ва уч қўриқчини ҳибсга олди.
Ички ишлар вазирлиги фуқароларни муддати ўтган биометрик паспортларини зудлик билан шахсини тасдиқловчи ID-карталарга алмаштиришга чақирди.
«Когон Қурувчи монтаж» МЧЖга қарашли бинонинг юк конструкциялари (регил плиталари) қулади. Оқибатда қурувчи бўлиб ишлаётган фуқаро жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди.
Фарғонадаги Uzsungwoo қўшма корхонасида металларга қиздирилган ҳолда ишлов бериш тармоғи ишга тушди. Натижада 120 та янги иш ўринлари яратилиб, ишлаб чиқариш ҳажми $95 млнга ошди. Янги технологик жараён Tracker ва Оnix автоуловлари учун 20 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиришга имкон беради.
Тармоқларда 3 киши бир йигитни калтаклаб, унга кўкдори (зелёнка) сепгани акс этган видео тарқалди. Пойтахт ИИББ воқеа Бўстонлиқда содир бўлгани ва йигит гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганини маълум қилди. Жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди.
Синоптиклар ноябрь одатдагидан бироз қуруқроқ ва совуқроқ бўлишини прогноз қилмоқда. Ой давомида илиқ ва совуқ тўлқинлар бир-бири билан ўрин алмашади. Ҳарорат кечалари +2…+8 даража, кундуз кунлари +5…+18 даражагача ўзгариб туради. Совуқ даврларда ёмғир қорга айланиши мумкин.
Қирғизистонда содир бўлган зилзила Андижон (Марҳамат ва Булоқбоши туманларида — 2 балл) ва Фарғона (Қувасой ва Хўжаобод туманларида — 2 балл) вилоятида ҳам сезилди.
Марказий банк 1 ноябрь кунги ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курсини 11 169,38 сўм этиб белгилади. Шунданг сўнг банклар мижозларга долларнинг сотиш ва сотиб олиш бўйича янги қийматини таклиф қилди.
1−3 ноябрь кунлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида «Халқаро Зиёрат туризми ҳафталиги» бўлиб ўтади. Ҳафталик доирасида ислом иқтисодиёти, ҳалол туризм, ислом санъати ва бошқа мавзуларда кўплаб конференция, фестивал, кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш режалаштирилган.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Тошкентга келди. У президент ва бошқа расмий шахслар билан музокаралар ўтказади, Самарқандга ташриф буюради. Бундан ташқари, вазир фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашади.
Ўзбекистон Афғонистондаги Мозори-Шариф аэропортини тиклаш бўйича техник ёрдам лойиҳасини якунлади. Ишлар аэронавигация ва метеорология жиҳозларини таъмирлаш, учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш ҳамда аэропортнинг электр таъминотини тиклашдан иборат эди. Фото.
31 октябрь куни Россия Украинанинг 10 вилоятидаги инфратузилма, асосан энергетика объектларига ракета ҳужумлари уюштирди. Натижада 7 та вилоятдаги юзлаб аҳоли пунктлари электрсиз қолди. РФ Мудофаа вазирлиги Украинанинг ҳарбий қўмондонлик ва энергетика тизимларига зарбалар берилганини маълум қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги захирадаги фуқароларни ҳарбий хизматга чақириш якунлангани, чақирув қоғозларини етказиб бериш тўхтатилганини маълум қилди. Қуролли Кучлар кўнгиллилар ва «контрактчилар» ҳисобга тўлдирилади, дейилади баёнотда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг