Германияда россиялик тадбиркор Алишер Усмоновга алоқадорлиги айтилаётган 24 та объектда тинтувлар ўтказилди, деб ёзади ОАВ. Миллиардер Европа Иттифоқи санкцияларини бузганликда гумонланмоқда.
Наманганда аҳоли хонадонларига тақаб метан «заправка» қурилмоқда. Қурилиш зарур ҳужжатлар расмийлаштирилмасдан бошланган. Kun.uz нашрининг маълум қилишича, қурилиш тепасида Намангандаги кўплаб АГТКСлар эгаси, вилоят ҳокимининг қудаси турган бўлиши мумкин. Мақола муаллифи троллар ҳужумига учради.
Forbes Russia томонидан эълон қилинган Ўзбекистондаги энг ишончли 10 та банк рейтингида NBU, Ипотека банк, Саноат қурилиш банк пешқадам бўлишди.
«Ўзбекистон темир йўллари» 34 та электропоезд, 6 та дизел поезди ва 100 дан ортиқ янги йўловчи вагонларни харид қилишни режалаштирмоқда. Ташкилот бу борада Alstom, Siemens, Ssoda ва Hyundai каби компаниялар билан музокаралар олиб борди.
Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни кимё саноатида эришилган асосий кўрсаткичлар ва режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Унда Кимё заводларида илғор тажриба ва замонавий технологияларни жорий этиш, улардаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги Ўзбекистон фуқароларидан рухсат берилмаган оммавий намойишларда иштирок этмасликни сўради. Аввалроқ «Весна» ҳаракати 21 сентябрь куни эълон қилинган қисман сафарбарликка қарши норозилик намойиши қилишга чақирганди.
Тошкентнинг Янгиҳаёт ҳамда Бектемир туманларининг жами 1400 гектар майдонида янги шаҳарча бунёд этилади, деди Янгиҳаёт ҳокими Ҳаёт Иноғомов. Ҳозирда унинг мастер режаси ишлаб чиқилмоқда. «Тошкент марказига чиқмай, шу ерда ишлаб, шу ерда яшаса бўлади», — деди ҳоким.
Ўзбекистондаги илк тунги марафон 17−18 сентябрь кунлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтди. Ушбу марафоннинг бошқаларидан фарқи унда болалар ҳам фаол иштирок этди, улар Kids Run 300 ва Kids Run 600 масофаларини босиб ўтишди. «Газета.uz» энг қизиқарли онлар акс этган марафондан фоторепортажни тақдим этади.
Қозоғистон, Арманистон, Туркия ва Вьетнамдаги айрим банклар АҚШ Молия вазирлигининг иккиламчи санкциялар хавфи ҳақидаги огоҳлантириши ортидан Россиянинг «Мир» тўлов тизими карталарига хизмат кўрсатишни чекламоқда. Ўзбекистон Марказий банки ҳозирча вазиятга изоҳ бермади.
Фуқародан кўрилаётган жиноят ишни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 8 минг АҚШ доллари талаб қилган адвокатлар қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.
Ҳукумат қарори билан қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорларга 50 млн сўмгача бир марталик субсидия ажратилади. Талабгор субсидия олиш учун электрон тартибда мурожаат йўллайди. Мазкур янгилик 1 октябрдан амалга киритилади.
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида фуқаролар етти қаватли уйнинг томига қўшимча қават қурилаётгани юзасидан норозилик билдирди. Компания мансарда қават ва том қисмига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритган, шу боис тегишли даъво аризаси судга юборилади, дея маълум қилди Қурилиш вазирлиги.
Марказий банк 21 сентябрь кунги ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курсини 10 950,46 сўм этиб белгилади. Ушбу қийматдан келиб чиқиб тижорат банклари ҳам ўз таклифларини янгилади.
Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинди, у 21 сентябрдан бошланади. Захирада турган 50 ёшгача бўлган фуқаролар сафарбарликка жалб этилади.
Сирдарё вилоятида дарё қирғоғидаги 4,5 гектар ерни 240 минг долларга сотишга уринган шахслар келишилган пулнинг 13 минг долларини олаётган вақтда ушланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳукумат қарори билан хусусий ташкилот ходимларига ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан тўлаш тартиби белгиланди. Нафақа фарзанд туғилгунигача 1 992 000 сўмга яқин миқдорда берилади. Пластик карта орқали ойнинг 10-санасигача, нақд кўринишда эса 27-санасигача тақдим этилади.
21 сентябрь куни Самарқанд халқаро аэропортида FlyDubai авиакомпаниясининг Дубай — Самарқанд йўналишидаги илк ҳаво кемаси кутиб олинади. Авиакомпания томонидан янги йўналишдаги парвозлар ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади.
Қурилиш вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Ўктам Тўраев Термиз шаҳрига ҳоким этиб тайинланди.
БМТ Тараққиёт дастури кўмагида «Яшил Макон» ташаббуси доирасида Оролбўйи ва Сурхондарёни ўрмонзорлаштириш, уларнинг қум ва чанг бўронларига чидамлилигини ошириш ҳамда Ўзбекистон шаҳарларини кўкаламзорлаштириш бош режасини ишлаб чиқиш лойиҳаси бошланди.
Россия Давлат Думаси РФ армиясида шартнома бўйича хизмат қиладиган чет элликлар мамлакат фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишлари мумкинлиги тўғрисидаги ўзгартишларни маъқуллади. Москвадаги «Сахарова» миграция марказида хорижликларни ҳарбий хизматга қабул қилиш учун инфратузилма яратилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг